Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Инсонларнинг ораларида фитнаю фасоднинг кўпайиб, эл тинчини бузгувчи, одамлар орасидаги дўстлик муносабатларини парчалаб бўғзу адоватга сабаб бўлгувчи бир жирканч амал борки, Ҳақ субҳонаҳу ва таоло бандаларни огоҳ этиб бу тўғрида оят ҳам нозил қилган:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اجْتَنِبُوا كَثِيراً مِّنَ الظَّنِّ إِنَّ بَعْضَ الظَّنِّ إِثْمٌ وَلَا تَجَسَّسُوا وَلَا يَغْتَب بَّعْضُكُم بَعْضاً أَيُحِبُّ أَحَدُكُمْ أَن يَأْكُلَ لَحْمَ أَخِيهِ مَيْتاً فَكَرِهْتُمُوهُ وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ تَوَّابٌ رَّحِيمٌ

“Эй имон келтирганлар! Гумоннинг кўпидан сақланинг! Дарҳақиқат, гумоннинг баъзиси гуноҳдир”  (Ҳужурот сураси 12-оят)

            Aбу Ҳурaйрa разияллоҳу анҳудaн ривoят қилинaди – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:

      “Гумoндaн чeтлaнинглaр. Чунки гумoн сўзлaрнинг энг ёлғoнидир!» дeдилaр. (Имoм Буxoрий вa Муслим ривoятлaри)

     Мўминларнинг амири Умар разияллоҳу анҳудан: “Мўмин биродарингнинг оғзидан чиққан бир дона калимадан ҳам агар яхшилик эҳтимолини топа олсанг фақат яхшликнигина гумон қилгин” – деганлари ривоят қилинган.

       Бугунги кунда одамлар орасида бировларнинг обрўсини ер билан баравар қилишга ундайдиган турли туман ўринсиз, асли йўқ миш-мишлар ҳамма нарсадан ҳам кўпроққа ўхшайди. Кимдан эшитдинг десангиз “одамлар айтишяптию” дейишдан нарига ўтмайди. Фалончидан эшитдим деса ҳам барибир охири йўқ.

      Ўртада гап тарқатгувчилар борки, худди фолбинларга гап ташиб келувчи жинлар каби бир нарсанинг сал шарпасини эшитиб қолса бўлди. Қўшиб чатиб гапни кўпайтираверади. Ҳар эшитган одам ҳам дарҳол ўзича тахминларини ишга солади. “Ҳа, демак, фалончи ундоқ қилган, шунда пистончи ҳам бундоқ қилишга мажбур бўлган. Мен уни биламан. У ўзи шунақа одам” қабилидаги гаплар секин-аста кейинги қулоққа аниқ ҳужжат бўлиб гриппдан ҳам тезроқ шитоблик билан тарқалади. Натижада бир одамнинг обрўсига таъсир қилмай қолмайди. Ўртада уруш-жанжалгача бориши мумкин.

      Айниқса илм аҳли ҳақида туҳмат тарқатгувчилар тезда ўзларини тузатмаса бўлмайди. Биринчидан, тарқатаётган гап-сўз ва постлари асоссиз. Борди-ю, озгина далили бўлиб қолган тақдирда ҳам дунё майдонида бир мусулмон инсон мусулмонлардан чиққан илм аҳлини маломат қилиши мусулмончиликка тўғри келмайди.

     Жуда ҳам ҳақиқатгўй бўлса ўзаро ҳал қилсин. Шундоқ ҳам гарданимизда қиладиган ишларимиз кўўўп!

     Бизга шахсан тегишгли бўлмаган, нафақат тегишли бўлмаган,балки муносиб бўлмаган ишлар билан чалғиб гуноҳкор бўлишдан ким фойда кўради?

   Дин душманларига тайёр томоша!

   Ковланмаган соҳа қолмади. Ҳеч бўлмаса илм аҳлини тинч қўйинг!

      Мен айтмайман, улар фаришта деб, лекин ўз диний арбобларини дунё миқёсида маломат қилиш мусулмон умматига уят! Уят!! УЯТ!!!

    Имкон бўлса ва жуда ҳам зарур бўлса ўзаро муҳокама қилинг. Фойдаси бўлмаса бу сизнинг имкониятингиздан ташқарида.

     Бу сўзларим бировнинг топшириғи учун эмас. Бир тананнинг аъзоларимиз. Белимиз очилиб қолса кўзимиз кулиб, оғзимиз ҳаммага жар солгани хшими ёки қўлимиз дарҳол бировга билдирмай либосни ёпиб қўйганими?

  Ҳай, барака топкур! Шундоқ ҳам динимиздан айб ахтарганлар етарли эмасми?

            ҲИКОЯТ. Қадим замонда бир чол томорқасини чопаётиб кетмонни бир урган экан, кетмон нимадир бир нарсага тегиб кетгандек бўлибди. Нима экан деб шошилмай ерни ковлаб кўрган экан, оғзи беркитилган хум чиқибди. Хумнинг оғзини очиб қараса, не кўз билан кўрсинки, тўла олтин экан!

     Қувончини ичига сиғдира олмаган чол бирдан “Хо-хо”лаб бақириб кулиб юборибди. Шунчалик қаттиқ кулибдики, анчагина наридаги кампири ҳам эшитиб ўша ёқдан етиб келибди. Аммо чол кампир келгунча хумни яширишга улгурибди. Кампир келиб:

            ‒ Ҳа, чол! Намунча бақириб куляпсиз? ‒ деб сўрабди.

            ‒ Шу десанг, кетмонни бир урган эдим ернинг тагидан битта қарға чиқиб учиб кетса бўладими?! Шунга ўзимни тўхтата олмай кулиб юбордим, ‒ депти чол.

            Кампир ҳам ичида гап ётмайдиган экан, зудлик билан бориб қўшни хотинни чақирибди:

            ‒ Ҳой қўшни, чолим томорқа чопаётиб кетмонни бир урган экан, ернинг тагидан иккита қарға чиқиб учиб кетибди!

            Ўз навбатида қўшни ҳам нариги қўшнини чақирибди:

            ‒ Ҳой қўшни, фалончининг чоли томорқа чопаётиб кетмонни бир урган экан, ернинг тагидан учта қарға чиқиб учиб кетибди!

            Гап шунчалик тез тарқбдики, охири подшоҳнинг қулоғига етиб боргунча беш юзта қарға бўлибди. Подшоҳ чолни чақиртирибди:

            ‒ Бу ним гап, шунчалик ҳам аҳмоқона гап тарқатасанми!? Дўқ қилибди шоҳ.

            ‒ Олампаноҳ, бир қошиқ қонимдан кечинг, ‒ деб чол бўлган гапни айтиб, подшоҳнинг олдига хумдаги олтинни қўйибиди.

            ‒ Ундай бўлса нега қарға чиқди дединг? ‒ сўрабди подшоҳ.

            ‒ Агар бир хум олтин чиқди десам гап Сизга етиб келгунча беш юз хум олтин бўлиб келса, мендан қолган тўрт юз тўқсон тўққизта хумни сўраб қолишингиздан қўрқиб шундай қилдим, ‒ деган экан чол.

            Чолнинг заковатига қойил қолган шоҳ хумдаги олтинларнинг ҳаммасини чолнинг ўзига қайтариб берган экан.

           

Андижон вилояти Асака тумани

“Холид ибн Валид” жоме масжиди ходими:

                                                                                                Улуғбек қори  ЙЎЛДОШЕВ