Ислом – инсониятнинг ҳаёти, соғлигини сақлаш ва уни ҳимоя қилишга катта эътибор қаратган дин. Инсон ўзи ва ҳаётини ҳалок қилувчи ишлардан сақлашга буюрилган. Халқнинг бошига келган оммавий юқумли касалликлар Ислом тарихида – “Вабо” ва “Тоун” деб номланган.
Бугунги кунда бутун дунёда коронавирус бўлгани каби бизни юртимизни ҳам четлаб ўтмади. Шу муносабат билан Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши коронавирус тарқалишининг олдини олиш юзасидан юртимиздаги мусулмонларга мурожаат ва чақириқ билан чиқди. Юртимизда жорий этилган карантин қоидаларини Ислом шариъати маъқуллаб келмоқда. ЎМИ фатво ҳайъати зарурий фатволар чиқариб келмоқда. ЎМИ раиси, муфтий ҳазратлари ва у киши бошчилигида мамлакатимизда фаолият олиб бораётган барча имом-хатиблар халқимизни карантин қоидаларига риоя этишга чақирмоқдалар.
Рамазон ҳайити олдидан ҳам шунингдек куни кеча Қурбон ҳайити олдидан Ҳам ЎМИ раиси, муфтий ҳазратлари алоҳида чиқиш қилиб, бу борадаги расмий баёнотларини билдириб ўтдилар. Бу баёнотда қурбон ҳайити кунларида биз нималарга эътибор қилишимиз кераклиги, қурбонликка оид масалалар, карантин сабабидан имкон қадар ҳар биримиз уйда бўлишимиз зарурлиги, бундай алоҳида фавқулотда кунларда маросимларни тўхтатишимиз муҳимлиги, турли азахонлик, эшик очиб йиғи-сиғи қилиш ишлари доим ҳам ҳайит бўлган байрам кунларида тўғри эмаслиги, хусусан бу кунларда катта хато эканлигини тушинтириб ўтдилар.
Юқумли касаллик тарқалганда карантин ҳолатини қўллаш ва унга амал қилишни дастлаб мусулмонлар жорий этишган.
Ислом дини жамиятда юқумли, хавфли касалликлар аниқланганида қуйидаги амалларни бажаришга буюради:
– касалликни бартараф этиш учун табиблар ижтиҳод қилиши лозим;
– уни бошқаларга юқтимасликка жиддий эътибор қаратиш;
– Касалликни қасддан бошқага юқтириш Исломда ҳаром, шаръан ножоиздир;
– Соғлом кишилар беморлар билан ҳар қандай алоқани вақтинча узишлари лозим;
– Лозим топилса, жамоатдан ажратиш ва яшаш манзили ўзгартиришга ҳам руҳсат берилади.
Дарҳақиқат, бугунги кунда айнан биздан талаб этилаётган вазифалар ҳам шулардан иборат.
Барчаларингизни яқинлашиб келаётган Қурбон ҳайити билан мубарокбод этаман. Аллоҳ таоло тез кунларда бу касалликларни юртимиздан кўтарсин. Яхши кунларни насиб қилсин.
Муҳаммад Юсуф домла Тўрақулов,
Олтинкўл туман бош имом-хатиби