Пандемия ҳақида оммавий ахборот воситаларида жуда ҳам кўп чиқишлар бўлмоқда. Буларнинг ичидан энг аввало давлатимизнинг расмий сайтлари ва каналларидан фойдаланишни тавсия этамиз. Бошқа турли чалғитувчи хабарларга эътибор қилмаслик керак.
Республикамизнинг расмий сайт ва каналларидаги хабарлардан фойдаланган ҳолда тождор вирус пандемиясидан қандай сақланиш кераклиги ҳақидаги мутахассисларнинг маслаҳатларига риоя қилганимизда, балки бу офат бугунги кундагидан кўра анча енгил ўтса керак эди.
Шубҳасизки, тақдирга имон келтирганмиз, шунинг учун ҳаммаси ҳам Аллоҳнинг иродаси эканлиги ҳақида гумонимиз йўқ. Бироқ тақдирга ишонишни машруъ қилган динимиз кўрсатмаларида ҳар бир ишнинг чорасини кўришлик ҳам буюрилган.
Уҳуд жангида мушриклар аскар тортиб келганларида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларни йиғиб, шўро мажлиси ўтказдилар. Шўро қабул этган қарорга кўра ўзлари биринчи бўлиб амал қилиб, Ҳужраи Саодатга кириб, устма-уст иккита совут кийиб чиқдилар.
ҳолбуки бу зот Аллоҳнинг ҳимоясидаги инсон эдилар.
Таваккул шундай бўлади.
Шундай экан, карантин қоидаларига риоя қилишимиз шу офатдан сақланишининг энг тўғри ва осон йўлидир.
Тўғри, тирикчилик ҳаётий эҳтиёж. Ҳали эртанги куннинг ғамини қилиш ҳам инсоний хислатлардан саналади. Бутун халқ уйдан чиқмаса эртанги куннинг иқтисодиётини тўғрилаб бўлмайди.
Буларнинг ҳаммасини ҳисобга олган ҳолда ҳукуматимиз зарурият учун имконият бермоқда. Лекин ўшанда ҳам барча эҳтиёт чораларини кўриш бизнинг вазифамиздир. Зеро бу вируснинг бошқа касалликлардан асосий фарқи тез тарқлишлигидар.
Ҳар куни қайта-қайта эшитмоқдамиз, тозаликка риоя қилиш, оддийгина ниқоб тақиб юриш, кўпчилик бир жойда жамланмаслиги каби талабларни. Булар ҳаммаси ўзимиз учун, оиламиз учун манфаатли эмасми?
Карантин қоидаларига кўпчилик риоя қилиётгани ҳам ҳақиқат. Ҳар ҳолда одамлар боргани сари тушуниб етмоқда. Агар одамларнинг аксарияти карантин қоидаларига риоя қилмаганларида ҳолат ҳозиргидек бўлмас, балки бошқа юртлардаги каби анча талофат бўлиши турган гап эди.
Лекин барибир бу қоидаларни менсимаётганлар ҳам бор. Ҳозирги кунда пандемиянинг кўп тарқалишига айнан ана шу лоқайдлик ва беписандлик сабаб бўлмоқда.
Аввало ўзимизни ҳурмат қилайлик, кейин оиламизни, кейин эса бутун жамиятни. Бу бизнинг бурчимиз ҳамдир.
Оммавий ахборот воситаларида мутахассислар тинмай тушунчалар бериб бораётгани баробарида барча фаол жамоатчилик ҳам ўша тавсияларни қўллаб, халқимизни ҳушёрликка чақирмоқда. Бу эса халқ ғами, юрт ғами эрур.
Муҳтарам Юртбошимиз ҳам бизларни сергакликка чақирмоқда:
“Бугунги мураккаб вазиятда барчамиз “Ўз соғлиғингни, ўз болангни, ўз оилангни ўзинг асра!” деган шиорга амал қилиб яшашимиз шарт.
Айни вақтда ҳаётимизни нормал изга солиш, иқтисодиётимизни тиклаш учун пандемия шароитида яшаш ва меҳнат қилишга ўрганишимиз, барча эҳтиёт чораларини кўрган ҳолда, бу борада бошлаган ишларимизни темир интизом билан давом эттиришимиз керак”. (uza.uz)
Пандемия шунчаки касаллик эмас. Ҳукуматимиз шунчалик чоралар кўриб турса, барча фаоллар тарғибот олиб борса, ҳеч бўлмаганда ўзингизни, оилангизни ўйланг.
Карантин қоидаларига риоя қилинг.
ЛОҚАЙД БЎЛМАНГ!
Муҳаммадсобир домла Иминов,
Асака туманидаги “Ҳазрат Умар” масжиди имом-хатиби