Ер юзида экин экиш, деҳқончилик қилиш ризқ топишнинг энг яхши воситадир. Инсон ҳалол ризқ талабида касб қилиши, унинг азизлигини зиёда қилади.
Деҳқонда икки сифат – Аллоҳга иймон ва таваккал жамланган бўлади. Чунки, деҳқончиликда, бошқа касблардан кўра таваккал кўпроқ бўлади. Ерга уруғ экилди, энди қолгани Аллоҳдан, деҳқон одам шунга таваккал қилади. Қалби Аллоҳ таолога доим боғланиб туради.Шунинг учун ҳам баъзи уламоларимиз деҳқончиликни энг афзал касб деганлар.
Эрта баҳор деҳқонларимиз томонидан яши ниятлар билан қилинган меҳнат самарасини бугун шиғил ҳосилга кирган далалар, боғлар кўрсатиб турибди.
Ислом таълимоти бўйича мол нисобга (закот берадиган миқдорга) етгандан кейин унинг ичида закотга ҳақдорларнинг моли пайдо бўлади. Яъни, бировнинг ҳақи аралашади. Ўша бировнинг ҳақи чиқарилиб берилмагунича мазкур мол пок ҳисобланмайди. Ўзининг ҳалол молига бировнинг ҳақини – ҳаром молни қўшиб олгандек бўлади. Аллоҳнинг амрига бўйсуниб, закоти чиқариб берилсагина, ўша мол покланади. Зироат маҳсулотларидан чиқариладиган закотни бизда «ушр» деб аташ одат бўлиб қолган.
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг мазҳабларида ердан чиққан ҳар бир нарсадан закот олинади. У кишининг ҳужжатлари:
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: «Ва Биз сизларга ердан чиқариб берган нарсалардан инфоқ қилинглар», деган (Бақара сураси, 267-оят).
У Зот бирини айтиб, иккинчисини қўймаган. Бир зироат маҳсулотини бошқасидан ажратмаган. Аллоҳ таоло яна: «Йиғим-терим куни ҳақини беринглар», деган ¬(Анъом сураси, 141-оят).
Ушбу оятнинг аввалида Аллоҳ таоло боғу-роғларни, хурмони, зироатни, зайтунни ва анорни зикр қила туриб, кейин инфоқ қилишга амр этган.
Солим ибн Абдуллоҳ отаси розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Осмон, булоқлар ёки ёмғир билан суғорилганлардан ушр, сув қўйиб суғорганлардан ушрнинг ярми», дедилар». Бухорий ва «Сунан» эгалари ривоят қилишган.
«Қут бўладиган, бўлмайдиган, қурийдиган, қуримайдиган», демаганлар.
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг мазҳаблари далил томонидан ҳам ақл томонидан ҳам, мантиқ томонидан ҳам, воқелик томонидан ҳам қадимдаю ҳозирда ҳам кўпчилик уламолар томонидан қўллаб-қувватланган. Барча зироат маҳсулотларидан закот бериш зарурлиги таъкидланган.
Илло, ўтинга ўхшаш нарсада ушр йўқ.
Яъни ердан чиққан нарсалардан ерга ишлов бериш билан ўстирилмайдиганларида, хусусан, ўтинга ўхшаган нарсаларда ушр йўқ. Бунга қамиш, ўт-ўлан ва шунга ўхшаш нарсалар киради.
Агар катта пақир ёки чархпалак ила суғорилса, ушрнинг ярми берилади. Бунда зироат учун қилинган харажат чиқариб ташланмайди.
Закотда закот берувчига ҳам, закот олувчига ҳам, улар яшаб турган жамиятга ҳам кўплаб дунѐвий ва ухровий фойдалар бор. Закотдан асосий мақсад, инсонни молу дунѐдан устун қилиш, яъни, инсон мол-дунѐнинг қули эмас, молу дунѐ инсоннинг қули эканини таъминлашдир. Закот бериш бой киши томонидан Аллоҳ берган неъматга шукрона ҳамдир.
Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳи: «Аллоҳ таоло Ўз бандасига жон неъмати ва мол неъмати бергандир. Бадан ибодатлари жон неъматининг шукридир. Молиявий ибодатлар мол неъматининг шукридир», деганлар.
Демак, закот ибодати туфайли закот берувчи киши ўзининг ихтиѐридаги мол-дунѐ Аллоҳ томонидан берилган неъмат эканини, бу молу дунѐга вақтинчалик соҳиб бўлиб турганини тушуниб етади. Шунинг учун у қўлидаги молу дунѐни Аллоҳ кўрсатган ҳалол-пок йўлларга сарфлашга интилади. Бу нарса иқтисодда жуда муҳим бўлиб, ҳар бир шахс, ҳар бир жамият учун иқтисодий муаммоларни ҳал қилишда зарур омилдир.
Умиджон домла Усмонов,
Бўстон туман “Юнусобод”
жоме масжиди имом-хатиби