Ислом дини инсоннинг фаровон ҳаёт кечириши учун барча нарсани баён қилган. Инсоннинг дунё ва охиратда саодатга эришмоғи учун зарур бўлган барча моддий ва маънавий эҳтиёжлари динимизда шаръий ҳукмлар учун асос қилиб олинган. Фиқҳ илмининг қарийб ярмидан кўпини ташкил қилган олди-берди ва муомала масалаларига назар соладиган бўлсак, савдо-сотиқларда мурожаат қилиш ҳалол бўлмайдиган барча муомала турларининг таъқиқланиш негизида инсон манфаатига очиқ-ойдин зид келувчи ҳолатларни бартараф этиш, истеъмолчи ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жамият вакиллари ўртасида низо келтириб чиқариши мумкин бўлган ҳар қандай салбий ҳолатларнинг олдини олиш каби олий мақсадлар ўрин олганининг гувоҳи бўламиз.
Гарчи “истеъмолчи ҳуқуқи” деган истилоҳ айни шаклда ХХ асрда пайдо бўлган бўлса-да, аслида, фиқҳнинг муомала бобида истеъмолчи ҳуқуқларининг ҳимояси назарий ва амалий тарзда ўз ифодасини топган. Унинг ҳуқуқларини бузадиган қатор савдо турлари таъқиқланган. Мазкур савдо турларидан бири фиқҳий манбаларда “Ал-иҳтикор” деб юритилади. Иҳтикор айни пайтда “монополия” сўзига муқобил сўздир.
Бироқ иқтисодий назариядаги “монополия” билан фиқҳий истилоҳдаги “монополия”нинг таърифлари орасида ўзига хос тафовут ва фарқлар мавжуд. Бу табиий, албатта. Зеро, фақиҳлар “иҳтикор”га ўз замоналарида ҳукм сурган яшаш тарзидан келиб чиқиб, ўша пайтларда одамлар энг кўп эҳтиёжи тушадиган маҳсулотларга суяниб, таъриф берганлар. Шунингдек, унинг шаръий ҳукми борасидаги сўзларини ҳам, асосан, манбаларга таяниб гапирганлар.
Шу боис замонавий иқтисоддаги “монополия” билан фиқҳий истилоҳдаги “иҳтикор” бир-бирига ҳар жиҳатдан мувофиқ келмаслиги мумкин. Балки, уларнинг ўзаро кесишадиган нуқталари бўлганидек, фарқланадиган нуқталари ҳам мавжуд. Аммо, шуниси аниқки, монополия қайси кўринишда бўлмасин, иқтисод учун зарарлидир. Монополия туфайли истеъмолчи ҳуқуқлари бузилади, жамият ҳаётига зарар етказилади. Қуйида эътиборингизга фиқҳда назарда тутилган монополия (иҳтикор) ва унга оид ҳумкларни ҳавола этамиз.
Иҳтикор сўзининг луғавий ва истилоҳий маънолари
“Иҳтикор” (الاحتكار) сўзининг асли уч ўзак ҳарфдан иборат “حكر” “ҳакрун” сўзидан олинган бўлиб, “зулм қилмоқ”, “камситмоқ”, “ёмон муомала қилмоқ”, “атрофдагиларни машаққатга солмоқ” каби салбий маъноларга далолат қилади. “Ҳакарун” деб ўқисак, унда “нарх ошиши учун бозорга чиқарилмай сақлаб қўйилган озиқ-овқат ва шунга ўхшаш нарсалар” тушунилади.
“Иҳтикор” сўзининг ўзи эса арабча “احتكر” (иҳтакара) феълининг масдари (иш-ҳаракат номи) бўлиб, луғатда “озиқ-овқатларни нарх қимматлашишини кутиб, бозорга чиқармай, сақлаб қўйиш” маъносини англатади.
Шунингдек, замонавий луғат китобларида бироз бошқачароқ таърифларни ҳам учратиш мумкин. Жумладан, “Қомусул-маъоний” китобида “иҳтикор” сўзи қуйидагича таърифланади: иҳтикор – бу товар бозорга кириб келишидан олдин уни кўтарасига (улгуржи) сотиб олиш ва нархини ошириб доналаб сотиш”, “бирор нарсада яккаҳокимлик қилиш бўлиб, иқтисодий соҳада ишлатиладиган бўлса, товар ва хизмат турларида бозор миқёсида яккаҳокимлик қилиш” маъносига далолат қилади ва бу иш, одатда, истеъмолчиларнинг зарарига нархлар ошиб кетишига олиб келади.
“Иҳтикор” сўзига ўзак бўлган “ҳакратун” деган яна бир сўз ҳам мавжуд бўлиб, “у бирор нарсани ёппасига сотиб олиш” маъносига далолат қилади. “Лисонул-араб” қомусий луғат китобида келтирилишича, “ҳакратун” сўзининг асли “жамлаш ва ушлаб туриш” маъносини билдиради.
Иҳтикор сўзининг замонавий иқтисодиёт назариясидаги муқобил варианти бўлган монополия сўзининг луғавий маъноларига қисқача тўхталадиган бўлсак, бу сўз грекча “моно” – “ягона”, “битта” ва “полео” – “сотаман” сўзларидан таркиб топган бўлиб, номланишидан ҳам “бир ўзи сотиш”, “бозорда якка ҳокимлик қилиш” маъноларини англаш мумкин.
Иҳтикорнинг истилоҳий маъноси
Ал-азҳар университети тадқиқотчиси доктор Аҳмад Арафа ўзининг “Аҳкамул-иҳтикар фил фиқҳил-Исламий” (“Ислом фиқҳида монополияга тааллуқли масалалар”) китобида қайд этишича, “иҳтикор” сўзининг шаръий ва истилоҳий маъноси унинг луғавий мазмунидан катта фарқ қилмайди.
Фақиҳ олимлар бу сўзни ўхшаш лафзлар ва бир-бирига яқин маънолар билан таърифлаганлар. Жумладан, Қадимда озиқ-овқатнинг тури камроқ бўлган. Ғалла, дон-дун, хурмо, майиз, ақт ёки ақит деб аталувчи пишлоққа ўхшаш нарсалар асосий озуқа маҳсулотларини ташкил қилган.
Иҳтикорнинг ҳадиси шарифларда қораланиши
Маъмар ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фақат хатокор (осий) кимсагина иҳтикор қилади”, – дедилар” (Имом Муслим ва Ибн Можжа ривоятлари). Ҳадисда келган “хатокор” (хотиъун) сўзи шунчаки, хато қилувчи эмас, балки осий, гуноҳкор маъносига далолат қилади. Шунга кўра, ҳадис мазмуни “иҳтикор каби қабиҳ ишларга фақат гуноҳлардан тап тортмайдиган осий кимсагина журъат қилур” қабилида тушунилиши тўғри бўлади.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бирор озуқа турини қирқ кеча иҳтикор қилса, бас, у кимса Аллоҳдан бегона бўлибди, Аллоҳ ҳам ундан бегона бўлибди. Ва қайси бир маҳалла аҳлида бир киши қорни оч ҳолда тонг оттирган бўлса, демак, улардан Аллоҳнинг зиммаси (ҳимояси) кўтарилиб кетибди”, – дедилар” (Имом Аҳмад ривояти).
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, иҳтикор, яъни монополия бир қатор иқтисодий ва ижтимоий зарарларга эга бўлган савдо тури бўлиб, Динимизда ундан қайтарилган. У истеъмолчи ҳуқуқини поймол этилишига олиб келади, бозорда нархлар ошиб кетишига, одамлар машаққатга юз тутишларига сабаб бўлади. Шунингдек, иҳтикорни амалга оширувчи кимсанинг худбинлиги, ўз манфаатини омма манфаатидан юқори қўйишига далолат қилади.
Булар орасида савдо-сотиқ ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Аллоҳ савдони ҳалол, рибони ҳаром қилди”, – дея марҳамат қилган.
Савдо илмини чуқур эгаллаган, ўз даврининг катта тижоратчиси бўлган Умар (розияллоҳу анҳу) айтади: “Динда фақиҳ бўлмаган, савдо қонун-коидаларини билмаган киши бозорда савдо қилмасин” (Имом Термизий ривояти).
Халқимизда: “Инсофи борнинг баракаси бор”, деган нақл бор. Харидор молни рози-ризолик билан олса, ҳам савдогарни дуо қилади, ҳам унинг доимий харидорига айланади.
Аммо айрим “ишбилармонлар” ҳам борки, халқнинг, жамиятнинг бошига синов келиб турган вақтда ҳам фақат ўз манфаатини кўзлайди. Аллоҳ таоло бизни бундан огоҳлантириб: “Эй мўминлар! Бир-бирингизнинг молингизни ноҳақ йўллар билан еманг. Ўзганинг молини фақат рози бўлиб савдо қилиш билан олгач, ейишингиз мумкин” (Нисо сураси, 29-оят), деган.
Уламоларимиз шариатга хилоф бўлган – фирибгарлик, қаллоблик, тарозидан уриш, судхўрлик, зўравонлик, қароқчилик, монополия қилиб олиш, нархни сунъий равишда ошириш каби барча иллатлар киради, деганлар. Мўминларнинг барчаси учун барча иктисодий муомалалар одоби уларнинг барчаларини яратган, уларга ризқ бераётган ва охиратда хар бирларини ҳисоб китоб килиб, килмишларига яраша жазо ёки мукофот берадиган Зот – Аллоҳ таоло томонидан жорий килинганидагина, айни адолат булади, бировга заррача зул килинмайди Ана уша илохий курсатмаларга амал килиш орқали халоллик, оссонлик ва ажолат билан муродга етилади.
Хулоса ўрнида:
Ҳурматли “ишбилармон ва уддабурон тадбиркорлар”! Юрт ва миллат бошига синов келган вақтда бир-биримизга ёрдам кўрсатмасак, қўллаб-қувватламасак, бундай вақтларда ҳиммат ва саховатимизни кўрсатиш муминлигимиздан далолатдир. Зеро, халол савдо барака омилидир..
Мухторжон домла Шарофуддинов,
Мархамат туман бош имом-хатиби