Ижтимоий ҳаётга аралашиб, турли фитналарга рўбарў келган, лекин ҳақ йўлдан тоймай, машаққатларга сабр қилган, инсонларни ҳидоятга чорловчи мусулмонлар чинакам саодатлидирлар.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қиладилар: “Одамларга аралашиб, уларнинг озорларига сабр қилиб юрадиган мўмин одамларга аралашмасдан, уларнинг озорларига сабр қилмайдиган мўминдан яхшидир”.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ушбу ҳадиси шариф Имом Табарий, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал, Имом Термизий ва Ибн Можа раҳматуллоҳи алайҳларнинг “Кутуби ситта” саҳиҳ ҳадислар тўпламларида зикр этилган.
Кўпчиликка аралашиб, уларни яхшиликка чақириб, амри маъруф, наҳйи мункар қилиб, қўлидан келганича инсофга чақириб, шу туфайли уларнинг даккиларини эшитиб, озорларини кўриб, сабр қилган мўмин ўзи учун ҳам, бошқалар учун ҳам, жамият учун ҳам фойдали киши ҳисобланади.
Одамларга аралашмасдан, уйидан чиқмайдиган, бировдан бир гап эшитса, аччиғи келиб, уриш-жанжал қиладиган одамда хайр-барака бўлмайди. Бундай одам фақат ўзини ўйлайди, холос. Лекин бундай одамнинг жамият учун, одамлар учун, мўмин-мусулмонлар учун, дин-диёнат учун бирор хизмат қилиши қийин.
Демак, жамият ишларидан четда туриш мўмин учун фазилат эмас. Чунки мусулмонлар турли баҳоналар билан ўзларини жамият ишларидан четга олсалар, диний тарбиядан йироқ кимсалар аҳли исломга билиб-билмай душманлик қилишлари мумкин.
“Сўнгги пушаймон ўзингга душман”, деган мақол бор. Пушаймон бўлиб қолмаслик учун ҳар бир мўмин соғлом ақли ила фикрласин. Жамиятнинг ислоҳига фойдаси тегадиган ишларни муҳим деб билсин. Моддий зарарлари кўп бўлса-да, маънавий фойдаларининг беҳисоб ва давомийлигига заррача шубҳамиз йўқ.
Шу боис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга аралашиб, уларнинг озорларига сабр қилиб юрадиган мўминни афзал деганлар.
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Ҳеч бир кимса ёки ҳеч бир нарса Аллоҳ азза ва жаллачалик ўзи эшитган озорларга сабр қила олмайди. Улар: “Аллоҳнинг боласи бор”, дейишади. У Зот эса уларга офият ва ризқ берур”.
Юқоридаги ҳадис шарифларни сиз билан биз ҳам ўзимизга сингдириб олишимиз керак. Одамларга аралашганда улардан озор етса, сабр қилишимиз, бунинг эвазига охиратда улуғ мартабалар берилишидан умидвор бўлишимиз лозим.
Отабек домла Хусанов,
Олтинкўл тумани “Жалабек ота”
жоме масжиди имом-хатиби