Исломда қариндошлик алоқаларини боғлаб туриш ҳар бир мусулмон учун вожиб қилинган амалдир. Уни узишдан эса қайтарилгандир.
Бу хусусида Қуръони каримда Аллоҳ таоло қуйидагича марҳамат қилади: «Қариндошга, мискинга ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг!» (Исро сураси, 26-оят)
Бу ояти каримада Аллоҳ таоло қариндошларнинг бир-бирларида ҳаққи борлигини билдирмоқда. Имкони бор, ўзига тўқ кишида ночор, ёрдамга муҳтож қариндошларининг ҳаққи бор. Бу ҳаққ уларга Аллоҳ таоло томонидан берилган. Бой бадавлат киши ўз қариндошларига ёрдам берганида, миннат ёки фазлини кўрсатиш учун эмас, балки Аллоҳ таоло амрини адо этиш, Аллоҳ таоло белгилаган ҳақни бериш учун иш қилган бўлади.
Шунингдек, ночор қариндош ўзининг бой-бадавлат қариндошидан бирор нарса олганда, унинг олдида хору зор бўлиб эмас, Аллоҳ таоло унга белгилаган ҳақни олаётганини тушуниб, ўзини эркин тутиб олади. Абу Хурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:” Кимни ризқи кенгайтирилиши ва ажали ортга сурилиши масрур қилса, қариндошларига силаи раҳм қилсин “, дедилар.
Хозирги карантин даврда олдингидан ҳам кўпроқ қариндошлик алоқаларини мустаҳкамлаб, уларнинг ҳолидан хабар олишлик динимиз кўрсатмасидир.
Исроилжон домла Мадумаров,
Олтинкўл тумани “Муҳаммадраҳм хожи”
масжиди имом-хатиби