Дуо мўмин учун нажотлар калитидир. Дуога ҳамроҳ бўлган инсон ҳеч қачон тушкунликка тушмаслиги керак. Алалхусус, мўмин инсон Раббисидан бўлган ваъдани ҳеч қачон унутмайди:
وَقَالَ رَبُّكُمُ ادْعُونِي أَسْتَجِبْ لَكُمْ
“Раббингиз: “Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман”, деди”. (Ғофир. 60)
عَنِ النُّعْمَانِ بْنِ بَشِيرٍ عَنِ النَّبِىِّ -صلى الله عليه وسلم- قَالَ « الدُّعَاءُ هُوَ الْعِبَادَةُ (قَالَ رَبُّكُمُ ادْعُونِى أَسْتَجِبْ لَكُمْ
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Дуо ибодатдир” деганлар. (Бишр ибн Нўмондан Абу Довуд ривояти)
Мўмин банда Аллоҳнинг ҳабиби. У қанчалик кўп сўраган сари Аллоҳ таолога ёқади, унинг овози Аллоҳга суюмлидир.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар:
«Аллоҳ таоло Жаброил (алайҳиссалом)га айтади: “Эй Жаброил, мен фалончининг ҳожатини раво қилдим, дуосини ижобат этдим, лекин уни бундан ушлаб тураман. Чунки унинг овозини яхши кўраман».
Кимки Аллоҳга ибодатини сидқидилдан қиладиган бўлса, у дуони тилда қилади, дили эса Аллоҳнинг амрини кутиб интизор бўлади, сиқилмайди, тушкунликка тушмайди. Чунки қалби унинг амрига мунтазир, унга тикилиб туради. Унинг амрига мунтазир бўлиш банда Аллоҳга бериши мумкин бўлган энг афзал нарсадир. Бу энг соф ибодатдир.
Тили билан дуо қилиши бу ибодатдир, чунки сўраганда, бу илтижоларнинг барчаси Унга эканлигини эътироф этишдир. Аллоҳнинг амрига мунтазир бўлиш ҳам ибодатдир. Энг афзал дуо кишининг бардавом дуо қилишидир.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Ҳеч бирингиз дуо қилиб, кейин эса “мен сўраган эдим, лекин ижобат бўлмади”, деманглар».
Яна айтдилар:
«Мўмин банданинг дуоси мустажобдир. Агар банда: “Ё Рабб!” деса, Аллоҳ таоло: “Лаббайка” дейди. Агар банда ҳожатини сўраса, Аллоҳ унга ёки тезда ижобат қилади, ёки ҳожатига яраша ундан бир балони даф этади ёки уни банданинг охиратига сўраганидан ҳам афзал қилиб сақлаб қўяди. Нима бўлганда ҳам, унинг дуоси ерда қолмайди».
Имон эгалари дуо қиладилар, қайта-қайта илтижо қиладилар, агар мустажоб бўлса, қабул қиладилар, агар кейинроқ берилса, сабр қиладилар, агар берилмаса, рози бўладилар, Аллоҳ ҳақида ёмон фикрга бормайдилар. Улар хотиржам ҳолда Унинг амрига мунтазир бўлиб яшайдилар. Саховатпешалар инъом этмоқни олмоқдан яхши кўрадилар. Улар қилган саховат ва инъомлари билан роҳатланадилар.
Олган инъомидан севинган сўровчидан кўра, улар ўз саховатидан кўпроқ лаззатланадилар. Чунки олмоқлик фақирларнинг иши. Бермоқлик бойларнинг хулқи, жаннат аҳлларининг хулқи, у Аллоҳнинг хулқи. Суфён Саврий (розияллоҳу анҳу)нинг дуолари бундай эди: «Эй сўралишни яхши кўрадиган ва сўрамайдигандан ғазабланадиган зот, эй сўраган ва кўп сўрайдиган бандаларини суйган Зот, Сен каби бундай Зот бошқа йўқ, эй Карим. Эй сўрамаган ва талаб қилмаган бандаларини ёмон кўрадиган Зот, Сен каби бундай Зот бошқа йўқ, эй Карим. Эй улкан нарсаларни сўраган бандаларини суйган Зот, Сенга у нарсалар улкан эмас, қудратинг улкан, эй Азим».
Аллоҳ таоло Мусо (алайҳиссалом)га деди: «Мендан қўйингга хашак бўлса ҳам сўра, кичик нарсани сўрашга ҳаё қилма, бахиллик қилиб Мендан сўрашга қўрқма».
Шундай экан азизлар барча катта-ю кичик хожатларимизни Аллоҳ таолодан сўрайлик. Илоҳим барчаларимизни Ўзидан бошқага мухтож қилиб қўймасин. Манбаалар асосида
Абдухолиқ домла Ашуров,
Марҳамат тумани “Олойчи” жоме масжиди имом-хатиби