Билгинки, инсондаги энг шарафли нарса – ҚАЛБДИР! Зеро, у Аллоҳни танувчи ва У Зотга интилувчи оламдир. Аъзоларинг қалбингнинг истак ва буйруқларига гўё қул ҳожасига хизмат қилганидек бўйсуниб, хизмат қилади. Агар аъзоларингни сақлашни истасанг қалбингни поклашга кириш! Кимки қалбини таниса Роббисини танийди. Минг афсуски, кўплар қалбларини танимаслар. Зеро, қалбни, унинг сифатларини ва касалликларини таниш диннинг асли ва пиру-муршидлар йўлларининг асосидир.

Аллоҳ таолога Ислом ва имон неъмати билан сизу бизни неъматлантиргани учун чексиз шукроналар айтамиз! Зеро, Аллоҳ таоло бу дини орқали бутун инсоният ҳаёти даврида ҳам жисмонан, ҳам қалбан яхши яшаш учун барча мушкулотларнинг ечимини Қуръони карим ва суюкли Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари орқали билдириб қўйган. Инсоният тобора ақли расо ва илм-тафаккурда чўққиларга чиқа бошлаган сари, ўзаро муомалаларда жамиятдаги муаммолар сони ва уларнинг тури кўпайса кўпаймоқдаки, лекин бутунлай йўқ бўлмаяпди. Чунки аксарият муаммолар инсоннинг қалби ва унинг касаллиги билан боғлиқдир. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди:

“У кунда на мол-дунё ва на фарзандлар фойда бермас, Фақат Аллоҳ ҳузурига соғлом дил билан келган кишиларгагина (фойда берур)” (Шуаро сураси, 88-89 оятлар).

Ер юзида яшаётган инсонларнинг ўз мезон ва андозалари бордир. Улар эркагу аёлдаги чиройли сурат ва гўзаллик, мол-дунёдаги кенгчилик ва мўлчилик, мансаб ва амалдаги фахрланишдир. Ушбу сифатлардан бирига эга инсонда албатта бошқалардан ўзини устун қўйиш ва ўзини кучли деб ҳис қилиш бор. Аммо еру осмонларни яратган Аллоҳ таолонинг Ўз мезон ва андозаси борки, у ҳам бўлса эрта қиёмат кунида инсонларнинг қалби ва амалларига қараб ҳисоб-китоб қилади. Юқоридаги ояти каримада ҳам шунга ишорат қилинган.

Шуни таъкидлаб, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам шундай деганлар:

“Аллоҳ таоло сизларнинг суратларингиз ва молларингизга назар солмайди, балки Аллоҳ сизларнинг қалбларингиз ва амалларингизга боқади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Қалбнинг қотишида кўплаб сабаблар бор. Уларнинг энг асосийларидан:

1) гуноҳни кўпайтириб, маъсиятда бардавом бўлиш;

2) фарз амалларни Аллоҳ айтгандек бажармаслик;

3) ҳаром амалларни хотиржам бажариш.

Зеро Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган:

“Ўз аҳдларини бузганлари сабабли уларни лаънатладик ва қалбларини бешафқат (меҳрсиз) қилиб қўйдик” (Моида сураси, 13-оят).

Аллоҳ таоло бандаларнинг ўз саркашликлари сабаб уларнинг қалбларини қотириб, бемеҳр ва бешафқат қилганининг сабабини келтирмоқда.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам қалбнинг қорайиш сабабларини зикр қилиб, қуйидаги ҳадисларини айтганлар:

“Агар мўмин киши бир гуноҳ қилса, унинг қалбида бир қора доғ пайдо бўлади. Агар у тавба қилиб, гуноҳдан қайтиб, истиғфор айтса, у йўқолади. Аммо гуноҳни зиёда қилса, у қора доғ ҳам кўпаяди ва натижада бутун қалбини ўраб олади” (Имом Термизий ривояти).

Ушбу ҳадиси шарифдан маълум бўладики, мусулмон киши гуноҳ қилиши билан қалбнинг қорайишини ва унинг касаллигини зиёда қилади. Қалбнинг касалланиши бу – бир банданинг Аллоҳ таолога бўлган итоатидаги сусткашлик ва бандадан талаб қилинадиган солиҳ амалларга бўлган бепарволикни келтириб чиқариши демакдир. Зеро, бандаларнинг амаллари яхши ёки ёмон бўлиши унинг қалбидаги сакина, қаноат, сабр ва иффатига қаралади. Аммо ёмон амаллар бажаришида эса унинг бесабрлиги, гуноҳларга енгил қараши, дунёга ҳаддан ошиқ муҳаббат қўйиши, орзу-ҳавасларининг кўплигидан келиб чиқиб баҳоланади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бутун вужудга ўз таъсирини ўтказувчи қалбга эътибор қаратганлар.

“Огоҳ бўлингларки, танада бир парча гўшт бор. Агар у тузалса, бутун тана тузалади. Агар у бузилса, бутун тана бузилади. Огоҳ бўлингларки, у қалбдир”, деганларини эшитганман” (Имом Бухорий ривояти).

Қалб бизнинг тилимизда «юрак» ҳам дейилади. Ушбу ҳадиси шарифда таъкидланишича, қалб инсоннинг ёмон ёки яхши бўлиши учун асосий омил бўлар экан. Унинг ёмон ёки яхши бўлиши эса ҳалол ва ҳаромга боғлиқ. 

Ушбу ҳақиқат қадим замонда фақат руҳий-маънавий жиҳатдан тушунилган. Ҳаромхўрлик қилган одам гуноҳкор бўлиши ва охиратда дўзахга тушиши маъносидагина тушунилган.

Ҳозирги кунда эса юрак жисмимизни ҳаётда ва соғликда тутиб турадиган нарса сифатида билинади. У ишлаб турса, жисмда ҳаёт бўлади, у соғлом бўлса, жисм ҳам соғлом бўлади, у хаста бўлса, жисм ҳам хаста бўлади, деб фикр қилинади.

Аслида эса ҳадисдан ушбу икки тушунчанинг умумлаштирилган маъноси тушунилмоғи лозим.

Илмий равишда собит бўлишига қараганда, Ислом шариатида ҳаром қилинган нарсаларни таом сифатида тановул қилган одам хасталикка чалинар экан. Чунки Ислом зарарли нарсаларни ҳаром қилган. Ҳаром нарса истеъмол қилинганидан сўнг танада қонга айланади. Юрак эса қон ҳайдайдиган аъзодир. Зарарли нарсалардан пайдо бўлган зарарли қон юракнинг хасталанишига сабаб бўлиши эса илмий ҳақиқатдир. Юрак хаста бўлгандан кейин эса ҳадиси шарифда айтилганидек, жисмнинг ҳаммаси бузуқ бўлади.

Худди шу ҳолат ботиний қалбга нисбатан ҳам ҳосил бўлади. Ўғрилик, порахўрлик, рибохўрлик, алдамчилик, босқинчилик каби ҳаром йўллар билан ўзига мол-мулк топган одамлар гуноҳкор бўладилар. Мазкур гуноҳларнинг зарари эса уларнинг ботиний қалбларини хаста қилади. Ҳаром хўрлик давом этаверса, маънавий хасталик бориб-бориб, маънавий ўлимга айланади.

Шунинг учун ҳам «Қалб жисмга нисбатан подшоҳ кабидир», дейилади. Подшоҳдан яхши амр чиқса, фуқароларга яхши бўлганидек, юракдан яхши ниятлар чиқса, жисмнинг бошқа аъзоларига яхши бўлади.

Ҳар доим бўлганидек, ҳозирда ҳам ушбу буюк ҳадиси шарифни яхшилаб тушунишга, унга яхши амал қилишга жуда ҳам муҳтожмиз. 

Ҳалол нима эканлигини билиб олиб, доимо ҳалолга етишиш учун ҳаракат қилишимиз керак. Ҳаром нима эканлигини яхшилаб билиб олиб, доимо ундан ҳазар қилишимиз лозим. 

Шубҳали нарсалардан узоқда бўлиш жуда ҳам зарур. Уламолардан сўраб-суриштириб, ўзимизга ҳалоллиги аниқ бўлган нарсанигина раво кўришимиз зарур. 

Агар уламолар шубҳали нарсаларнинг ҳалоллигига фатво бермасалар, унга мутлақо яқин йўламаслигимиз керак.

Олис бир қишлоққа табиблар  бориб, шу  ерлик  аҳолини тиббий кўрикдан ўтказмоқчи бўлишибди. Табиблар шикоят билан келган беморларга бирма-бир ташхис қўйиб, муолажа қилишибди. Аммо, шунча беморлар орасида бирортаси ҳам қалб касаллигидан шикоят қилмабди. Илгари бундай ҳолатга дуч келмаган табиблар бунинг сабабини ахтара бошлашибди. Қишлоқнинг ҳавоси ва сувида ёки яна қандайдир шифобахш жиҳатлари бордир, дея гумон қилишибди. Аммо бирорта ҳам тахминлари тўғри чиқмабди. Ниҳоят, бунинг сирини қишлоқ аҳлидан сўрашса, кексалари шундай дейишган экан:

«Биз ғийбат, ҳасад, кўролмаслик, кек ва адоват каби иллатлардан ҳазар қиламиз. Бирор кимсага нисбатан бундай муносабатда бўлмаймиз. Аксинча, ўзаро ҳурмат ва иззатда яшаймиз. Ана шунинг учун ҳам бирортамизнинг қалб касаллигидан шикоятимиз йўқ».

Аллоҳ таоло ҳаммамизни қалбимизни нопокликлардан Ўзи сақласин!

Роббимиз, барчамизни мукаммал ҳаё, қалб қўрқуви ва гўзал хотима билан ризқлантирсин!  

 

Манбалар асосида Хўжаобод туман “Етти чинор” жоме масжиди имом  ноиби Мухаммадкуддус Абдулманнон тайёрлади.