Инсон учун ўз туғилиб ўсган Ватани азиз ва муқаддасдир. Ватанни севиш ёки ватанпарварлик ҳаёл, кўр-кўрона эҳтирос эмас, балки у муҳаббатга асосланган улуғ туйғу, доно ақл фаолиятидир.
Чўлда ўрмалаб юрган жониворлар ҳам туғилишиданоқ ўз маконларини биладилар, ҳавода учувчи қушлар ҳам, денгиз ва дарёлардаги балиқлар ҳам ўз ошёнларини ҳис қилади, ҳатто асалари ва шунга ўхшаш ҳашаротлар ҳам ўз уйларини ҳимоя қиладилар. Шунинг каби инсонлар ҳам қаерда туғилиб парвариш топсалар, ўша жойга меҳр қўйган бўладилар. Демак, Ватанни севиш, равнақи йўлида хизмат қилиш, ундаги бор нарсаларни ардоқлаб, соғиниб яшаш инсон табиатида табиий, туғма бўлади. Шунинг учун ҳам инсон ўз ихтиёри билан дунёнинг турли-туман бурчакларига бориб илм олса ҳам, ҳунар ўрганса ҳам, тижорат сафарига чиқса ҳам, сафар давомида ўз Ватанини қўмсайди, соғинади, она тупроғига талпинади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ватанларига муҳаббатли бўлганлар. Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб кўчиб кетаётганларида туғилиб ўсган ватанлари Маккаи мукаррамага юзланиб, қалблари эзилиб, кўзлари ёшга тўлиб шундай хитоб қилганлар: “Қандай ҳам яхши шаҳарсан! Қандай ҳам менга севимлисан! Агар қавминг мени сендан қувмаганида, сендан бошқа жойда яшамас эдим!” (Имом Термизий ривояти).
Ватанпарварлик – ватанига меҳр қўйишдангина иборат эмас. Бу шундай ҳиски… Ватанпарварлик – Ватан билан ўзини бир бутун деб билишлик, унинг тинчлик-хотиржамлигини сақлаш, ҳар қандай вазиятда Ватанни, унинг манфаатларини ҳимоя қилиш, унинг равнақи йўлида хизмат қилишлик, ундаги инсонларни қадрлаш, меҳр-муҳаббат қўйишдир.
Ватанни севиш, унинг равнақи ва манфаати йўлида хизмат қилиш барча касб эгаларининг, эркак ва аёлнинг, ёшу қарининг бирдек бурчи, вазифасидир. Доим ҳушёр ва огоҳ яшаш – бугунги кун талаби. Бугун биз ғоят мураккаб, таҳликали ва қалтис замонда яшаяпмиз. Она-Ватанда миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик муҳитини сақлаш ва ўзаро меҳр-муҳаббат, ҳақ-ҳуқуқ риоясини қилиш тинчлик ва барқарорликни сақлашда ғоят аҳамиятлидир.
Ватанни севиш шак-шубҳасиз имондадир. Жаннатмонанд бу диёр Аллоҳ таолонинг инъомидир. Унда туғилиб, вояга етиб, Аллоҳ таоло берган неъматлар билан ризқланиб ҳаёт кечирамиз. Аллоҳ таолони ўзи Ватанга бўлган муҳаббатни ҳам қалбимизга солувчидир.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Аллоҳ таоло юртларни Ватан муҳаббати билан обод қилади”, дейди. Яна бир ўринда: “Агар Ватан муҳаббати бўлмаганда, юртлар хароб бўлар эди”, дейди.
Ватанни севиш – элни севиш, элни севиш – ватанни севиш. Бу икки туйғу бир-бирига чамбарчас боғлиқдир. Зеро, меҳр – муҳаббатни макони битта, у қалбдир. Ватанини севган инсонгина уни равнақи ва манфаати йўлида ҳар қандай қийинчиликлардан қўрқмасдан ҳаттоки, ўзини шахсий манфаатидан Ватан манфаатини устун қўя олади.
Муқаддас юртимизда инсон, унинг ҳаёти, ҳуқуқ ва эркинликлари энг олий қадрият сифатида эъзозланиши, ҳаётимиздаги барча янгиланиш ва ўзгаришлар, турли соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, авваламбор, инсон манфаатларини таъминлашга қаратилганлигининг яна бир амалий ифодасидир.
Ватанни севиш мавзусида сўз борганда беихтиёр Темур Малик қиссаси ёдимизга тушади. Темур Малик Ватанни қандай севди ва қандай ардоқлади?! Унинг қанчалаб умри она Ватани тупроғига ғаним оёқ босмаслиги учун бедор кечди. Тунларни кунларга, кунларни тунларга улади. Жангларда босқинчи ёвга мардонавор тик боқиб, “Бу муборак заминни босишингга, топташингга йўл қўймайман”, -дегандек Ватан ҳимояси, ватан манфаати йўлида ҳатто сўнгги қонини тортиқ этди.
Имом Бухорий бобомиз ҳам бутун умрини Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини йиғишга сарфлади. Ўзга юртларда қолиб кетмасдан ўз юртига қайтиб, ҳаётини сўнгги нафасигача олган билимларини тарқатдилар. Бу ҳам Ватан манфаатини устун қўйишлик ҳисобланади.
Буюк давлат арбоби ва саркарда, соҳибқирон Амир Темур ҳазратларининг нақадар буюк ватанпарвар бўлганликларини тарих жуда яхши билади. Улуғларимиз таъкидлаганларидек: “Ватан озодлиги, юрт истиқболи ва истиқлоли йўлида фидокорлик кўрсатиб яшаган арбобни келажак ва тарих ҳеч қачон унутмайди. Амир Темур ана шундай тарихий ва унутилмас шахсдир”.
Бизлар ўз жигарбанд, дилбандларимиз, азиз фарзандларимизга ана шундай улуғларимиз йўлини, уларнинг Она Ватан равнақи ва манфаати йўлида кўрсатган буюк жасоратлари ва садоқатларини англатмоғимиз лозим. Шундагина уларнинг дилидан Ватанга муҳаббат туйғулари, юртни ташқи кучлар хуружидан ҳамиша ҳимоя қилиш ҳисси мустаҳкам ўрин олади. Бу туйғулар нақадар улуғлиги ҳақида Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу бундай деганлар: “Она Ватанни севиш туфайли дунё обод бўлган”.
Инсон дунё ва охиратда солиҳ амаллари, Ватан, имон, дин ҳимояси, ободлиги билан роҳатга эришади. Ҳақиқатан, ватан равнақи ва манфаати йўлида ҳаракат қилиш ва унинг остонасини ғанимлар ҳамласидан ҳимоя қилиш бу инсон ўзининг уйини, оиласини, қариндош уруғини ва айниқса, динини ҳимоя қилиш деганидир. Зеро, ватан тинч бўлсагина, келажак авлод тинч осойишта яшайди ва юртда тараққиёт ҳамда ривожланиш ҳамда ободлик бардавом бўлади.
Аллоҳ таоло Ватанини севиб, уни манфаати ва равнақи учун, ҳалқини ардоқлаган ва Ватан фаровонлиги учун хизмат қилаётган барча юртдошларимизни икки дунёсини обод айласин!
Мансур домла Раҳимов,
Хонобод шаҳар бош имом-хатиби