(Хорижийлар, мўътазилийлар, қадарийлар, ибодийлар)
Исломдаги оқимларнинг келиб чиқишининг аввали ҳазрат Али разияллоҳу анҳунинг халифалик даврига тўғри келади. Бу пайтда ички исёнлар жуда авж олган эди. Фитна шу даражада авж олдики, охир-оқибат мўминларнинг амири, тириклигида жаннат башорати берилган улуғ саҳобий, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суюкли куёви Али разияллоҳу анҳу ўзларини ҳақиқий мусулмон деб эълон қилган хаворижлар томонидан шаҳид бўлди.
Бу йўналиш тарафдорлари ҳазрати Али разияллоҳу анҳу даврида очиқдан-очиқ сиёсий ҳокимият учун курашувчи йирик бир гуруҳ (ўн икки минглик жамоа)га айланиб, хорижий (мусулмон оммасидан ажраб чиққанлар) номини олди.
Хорижийлар умавийлар ҳукмронлиги даврида катта сиёсий кучга айланиб, мамлакатда доимий фитна ва беқарорлик уруғини сочган. Улар ҳокимият учун курашда минглаб мусулмонларнинг ҳаётига зомин бўлиш билан бирга эътиқодий масалаларга ҳам тажовуз қилишган. Масалан, уларнинг эътиқодига кўра, бирор бир мусулмон ўз эътиқодида собит бўлиб, ибодатларни тарк этса ёки гуноҳ ишларга қўл урса имондан ажраб кофир бўлади.
Бундай мусулмоннинг қони, моли ҳатто фарзандларини ўлдиришликни ҳам жоиз санашган. Хорижийлар ўз йўлларига юрмаган, қўзғолонларида иштирок этмаган мусулмонларни “имонсиз”, “кофир” ҳисоблашиб, уларга нисбатан уруш (жиҳод) олиб боришни таъкидлашган.
VIII аср иккинчи ярмига келиб бу оқим ўз раҳбарлари номи билан аталувчи Азрақий, Ибодий, Суфурий каби гуруҳларга бўлиниб кетди. Ҳозирда хорижийларнинг ибодий сектаси Мағриб мамлакатларида (Жазоир, Тунис ва бошқалар), Уммон ва Танзанияда учрайди.
Мўътазилий мазҳаби – Қуръони каримнинг махлуқ ёки махлуқ эмаслиги масаласида мусулмонлар жумҳури эътиқодига мос бўлмаган эътиқодга бордилар ва уни шиор қилиб кўтардилар.
Мўътазилийлар Аллоҳ таолонинг каломи собитлиги, бу маънонинг анбиёлардан тавотур ила нақл қилингани ва Аллоҳ таолонинг гапирувчи эканлиги каби масалаларда мусулмонлар жумҳури билан бир фикрдалар.
Сўнгра мўътазилийлар: «Аллоҳ таолога нисбат берилган калом У Зот Ўзидан бошқада, мисол учун, Лавҳул Маҳфузда ёки Жиброил фариштада халқ қилган овоз ва ҳарфлардан иборатдир. У эса янги пайдо бўлган бўлиб, қадим эмасдир», дейдилар. Уларнинг фикрича, Аллоҳ таолонинг калом сифати йўқдир.
Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби бўйича эса мўътазилийлар айтган гаплардан ташқари, айтилмаса ҳам, нафсда мавжуд калом бўлади. Ана ўша – нафсдаги мавжуд сифатдир. У илм ва иродадан бошқа алоҳида нарсадир. Бу сифат Аллоҳ таолонинг зотидаги қадимий сифатдир. Ана ўшани «Аллоҳнинг калом сифати» дейилади.
Аҳли сунна вал жамоа уламолари мўътазилийларнинг бу гапини қаттиқ рад қилдилар. Чунки бу гап Қуръони каримни оддий гаплар даражасида баҳолашга сабаб бўлар эди.
Қадарийлар — (араб. – такдир) – исломдаги илк илоҳиёт оқимларидан бири (қадария) тарафдорлари. Ислом илоҳиётининг шаклланиш даврида бир қанча ақидавий масалалар қатори тақдир ва ирода эркинлиги масаласи ҳам жиддий тортишувларга сабаб бўлган.
Дастлабки даврларда исломда тақдирнинг олдиндан илоҳий белгиланганлиги тўғрисидаги тасаввур асосий ўрин эгаллаган эди, кейинчалик (VII аср охирларида) тақдирга ишонувчилар орасида ички зиддият сезила бошлагач, Қадарийлар оқими пайдо бўлди.
Қадарийлар инсон ирода эркинлигини ёклаб чиқди, тақдири азал тарафдори бўлган жабарийларга қарши кураш олиб борди. Улар одиллик Худонинг асосий сифатларидан бири деган фикр асосида гуноҳни Худо олдиндан белгилаган бўлиши мумкин эмас, Худодан фақат адолатли ишни кутиш мумкин, гуноҳ ишлар эса инсон фаолияти билан боғлиқ, демак, инсон ирода ва фаолият эркинлигига эга, шунинг учун у гуноҳ қилади, деган хулосага келди.
Ибодийлар — хорижийларга мансуб Абдуллоҳ ибн Ибоднинг издошлари. 684 йилда Басрадаги хорижийлар орасида бўлиниш содир бўлган: азрақийлар умавийларга қарши чиқишган, Абдуллоҳ бўлса, Басрада қолиб, қуролли курашдан воз кечган ва хорижийларнинг “мўтадил” қанотига раҳбарлик қила бошлаган.
Уларнинг ҳақиқий асосчиси ва раҳнамоси Жобир ибн Зайд эди. Уларнинг диний-сиёсий дастури асосини имомат ҳақидага таълимот ташкил қилади. Имоматнинг мавжуд бўлиши шарт эмас, бир вақтнинг ўзида ислом дунёсининг турли қисмларида бир неча имомлар бўлиши мумкин деб ҳисоблаганлар.
Имом шайхларнинг махфий кенгаши томонидан сайланиб, бу қарор халққа эълон қилинган. Кўпинча сайловлар битта қабила ёки уруғ доираси билан чекланиб қолган.
Ибодийлар ақидасида суннийлар ва мутазилийлар ақидасидаги тамойиллар акс этган.
Ҳозир Шимолий Африкада, Уммон, Занзибар оролида уларниг жамоалари мавжуд. Уларнинг диний еътиқод ва маросимлари суннийлик ва шиаликдаги оқим, фирқалардаги еътиқод ва маросимлардан ўзининг айрим хусусиятлари билан фарқ қилади.
Шаҳобиддин домла Парпиев,
Асака туман бош имом хатиби