Тинчлик, омонлик ва хотиржамлик шунчалик улуғ неъматки, унинг қадрини фақатгина шу неъматдан, Худо сақласинки, маҳрум бўлганларгина тўлиқ англагайлар. Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўзининг машҳур “Бобурнома” асарида ёзганидек:

 Ким ўлур ҳолатга етса, ул билур жон қадрини.

Йўқса, шинам кўчаларда бамайлихотир юриш қаёқда? Она Ватанимиз бўйлаб ҳатто ярим кечада бўладими, ўз қишлоғингиздами, юртимизнинг хоҳлаган гўшасида бўладими ҳадиксиз юриш қаёқда эди?

Бугунги кунда қай бир жабҳага қараманг, Яратган Эгамнинг биз бандаларга Ўзининг неъматларини тўкин-сочин қилиб берганини кўрасиз. Дастурхонлардаги нозу-неъматларни қарияларимиз таъбири билан айтганда “Фалончи бойлар ҳам кўрмаган”. Ибодатдаги эркинликни фақатгина худосиз жамиятни кўриб ўтганларгина яхши англайдилар. Оммавий матбуот ва минбарлардан туриб имон-эътиқодларимиз ҳақида, ўзлигимиз ҳақида баралла айтилиши, бу – билган одамга жуда ҳам катта неъмат эмасми?

Расмий маълумотларга кўра  Ўрта Осиё ва Қозоғистонда 1966 йилда ҳаммаси бўлиб 400 та расмий масжид фаолият кўрсатган. Ундан ҳам 1987-йилга келиб 365тасигина қолган. Бошқачароқ айтганда собиқ иттифоқда истиқомат қилувчи 2,5 млн мусулмонларга битта масжид тўғри келган.

Ўзбекистон Республикаси жаҳон ҳамжамияти билан ҳамкорлик қилаётган бир шароитда турли конфессия вакиллари билан мулоқот қилишнинг юксак маданиятига эришиш катта аҳамият касб этади. Ҳозир  Ўзбекистон Республикасида 16 диний конфессия эмин-эркин фаолият кўрсатмоқда.

Шўро даврида мажлисларда тасодифан оғзидан “Худо хоҳласа” деган сўз чиқиб кетиб қолса қанчадан-қанча маломатга қолган оталаримизнинг фарзандлари бугунги кунда оммавий ахборот воситалари орқали баралла соф эътиқодимиз тушунчаларини халқимизга етказиб беряпти. Телевидение ва радио орқали алоҳида кўрсатув ва эшиттиришлар берилиб борилиши юртимизда Ислом динига нақадар юқори эътибор борлигини билдиради.

Бугунги кунда юртимизда Аллоҳ таоло инъом этган яна бир улуғ неъмат борки, бу неъмат кўплаб мамлакатларда анқонинг уруғи бўлиб қолмоқда. Бу неъмат  – ТИНЧЛИК, ХОТИРЖАМЛИК  неъмати. Усиз юқоридаги неъматлар тотли бўлурми? Буларнинг ҳаммаси учун фақатгина шукр, шукр ва яна шукр қилиш лозим.

Ҳақ  субҳанаҳу ва таоло “Бақара” сурасида марҳамат қилади:

فَاذْكُرُونِي أَذْكُرْكُمْ وَاشْكُرُواْ لِي وَلاَ تَكْفُرُونِ

 Яъни: “Бас, Мени эслангизлар, Мен ҳам сизларни эслагайман. Ва Менга шукр қилингизлар, куфрона қилмангизлар ”(152-оят).

Ушбу  ояти кариманинг тафсирида Зайд ибн Асламдан ривоят қилинишича Мусо алайҳис салом Тангри таолодан:

– Эй Раббим, мен Сенга қандай қилиб шукр келтираман, – деб сўради. Аллоҳ азза ва жалла:

– Мени эслагин ва унутмагин.  Қачонки Мени эсласанг, батаҳқиқ Менга шукр келтирган бўласан. Қачонки Мени унутсанг, демак, Менга куфрона қилган бўласан.

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳи айтадилар: “Кимки Аллоҳни эсласа, Аллоҳ ҳам уни эслайди. Ким Унга шукрона қилса, яна зиёда қилиб беради. Ким Унга куфрона қилса азоблайди”. (Ибн Касир тафсиридан)

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича: “Фаровон кунингда Аллоҳни танигин, бошингга қаттиқ (иш) тушганда Аллоҳ ҳам сени танийди”.

Шубҳасизки, шукрона фақатгина тил билангина эмас, балки ҳар бир неъматнинг ўзидан бўлмоғи лозим. Бойлик кўпайса – закот, деҳқончилик учун – ушр, ақл учун – тафаккур, кўз учун – ибрат, қувват учун – ибодат, ҳалол меҳнат… Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, тил билан айтилган  ҳамду сано юқоридаги барча шукроналарнинг ифодаси бўлади.

Шаҳобиддин домла Парпиев,

Андижон вилояти Асака туман

бош имом хатиби