Жорий йилнинг 5-июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг карантин даврида масжидлар фаолиятини ташкил этиш юзасидан БАЁНОТИ эълон қилинган эди. Мазкур БАЁНОТда Республикамиздаги масжидлар 2020 йил 8 июндан бошлаб фақат «яшил» ҳудудларда фаолиятини бошлаши, ушбу масканларда 5–8 июнь кунлари санитар чоралар кўрилиши белгилаб ўтилган.
Шунга кўра Андижон вилоятида ҳам Республика махсус комиссиясининг қарорига кўра «яшил» ҳудуд деб белгиланган Андижон, Асака, Бўз, Булоқбоши, Жалақудуқ, Қўрғонтепа, Марҳамат, Олтинкўл, Пахтаобод, Хўжаобод, Шаҳрихон, Улуғнор туманлари ва Хонобод шаҳридаги мавжуд барча 137та масжидлар 2020 йил 8-июнь кунидан бошлаб санитария талабларига тўла риоя этган ҳолда ўз фаолиятини бошлади.
Мазкур туманларда жорий йилнинг 8-июнь куни Бамдод намози жамоат билан ижтимоий масофани сақлаган ҳолда, санитар қоидаларига мувофиқ, жуда катта шукроналик ҳисси билан адо этилди.
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Қуръони каримда инсонларни синовли кунларида сабр-қаноатли бўлишга даъват этиб, “Албатта, қийинчилик билан бирга енгиллик ҳам бордир”, деб марҳамат қилган.
Мана бугун Аллоҳ таъолонинг ваъдасига мувофиқ вилоятимизнинг «яшил» ҳудудларидаги масжидларимизда Бамдод намозлари жамоат билан адо этилди. Бир оз яна сабр қилиб, карантин қоидаларига риоя этган ҳолда хаёт кечириб турсак, инша-Аллоҳ қолган туманларимизда ҳам масжидларимиз эшиклари намозхонлар учун яна қайта очилади.
Шукр – инсонни доимо ўзида бор неъматлар қадрини билишга, эзгуликка ва савоб ишларни қилишга ундаб, гуноҳ ва маъсиятлардан қайтаради. Шукр қилгувчи банда доимо Аллоҳни ёдда тутиб, Унинг берган неъматлари қадрини билиб яшашга ҳаракат қилади.
Аллоҳнинг берган бу неъматларини ҳар биримиз қадрига етиб, унинг шукрини адо этадиган бўлсак, албатта Ўзининг ваъдасига мувофиқ бизларни яхшиликларга эргаштиради.
Барчаларимизга бугунги хурсандчилик муборак бўлсин. Доимо масжидларимиз янаҳам обод, жамоат намозларимиз эса бардавом бўлсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Андижон вилояти вакиллиги.