Мазҳаббошимиз, буюк имом – Абу Ҳанийфа роҳимаҳуллоҳ тонгдан пешин вақтигача талабаларга масжидда дарс берардилар. Кунларнинг бирида одатдагидек дарс пайтида бир хабарчи саросима билан масжид эшигини олдига келиб:
- “Ҳой Абу Ҳанийфа роҳимаҳуллоҳ! денгизда кемангиз чўкиб кетибди”, – деб ҳабар берди. Ул зот бироз муддатдан сўнг “Алҳамдулиллаҳ”, – дедилар ва дарсни давом эттирдилар. Бироз вақтўтгач, хабарчи хурсанд ҳолда масжид олдига келиб,
- “Ҳой буюк имом! хабар янглиш экан чўккан сизни кемангиз эмас бошқасини кемаси экан”, – деди. Мазҳаббошимиз эса яна”Алҳамдулиллаҳ”, – деб, дарсни давом эттирдилар. Дарс ниҳоясига етди. Ҳар икки хабаргаҳам Аллоҳ таолога ҳамд айтилганидан таажжубланган хабарчи:
- “Эй буюк имом! Ҳар икки хабарни эшитганингизда ҳам Аллоҳга ҳамд айтдингиз. Бунингҳикмати нима? деб сўради.
Мазҳаббошимиз Нўъмон ибн Собит роҳимаҳуллоҳ эса унга қуйидагича жавоб бердилар.
Сен: “Кеманг ғарқ бўлди”, – деб хабар келтирдинг. Мен қалбимга назар солдим шунда мол-дунё қўлдан кетгани учун ҳеч қандай маҳзунлик топмадим, шу сабабли Аллоҳ таолога ҳамд айттим. Қалбимни Ўзидан бошқаси учун маҳзун қилмагани учун шукр қилдим. Кейин ғарқ бўлган кема меники эмаслигини айтган вақтингда ҳам шундай қилдим. Қалбимда дунёга эга бўлганим учун хурсандчилик борми? деб назар солдим. Ҳеч қандай севинч йўқ эди. Шунда эй Роббим! Қалбим Сендан бошқаси учун севинмади, Сенга ҳамдлар бўлсин, деб шукр қилдим.
Бир қалбга икки муҳаббат сиғмайди азизлар! Қалбларимиз фоний нарса учун эмас Боқий Аллоҳ учун севинсин ва маҳзун бўлсин.
Муҳаммад Амин домла Қобилжонов
Олтинкўл тумани
“Миробод хожи” масжиди имом-хатиби