Агар қушларга эътибор берадиган бўлсак, эрталаб саҳардан боласи ва ўзи учун учиб кетади. Бирор жойда мана бу ерда нон бор у ерда дон бор деб айтилмаган, аммо Аллоҳ унинг ризқини беришлигига иймони комил ва Парвардигор унинг ризқини етказади. Бир босганда эзилиб кетадиган қурт қумурсқадан бошлаб, катта-катта жониворларгача барчасининг ризқини Худои таоло беради. Чунки Худои таоло Қуръони каримда Ўзининг зиммасидаги ишни айтди: “барчасининг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир”, деб.
فَإِذَا قُضِيَتِ الصَّلَاةُ فَانتَشِرُوا فِي الْأَرْضِ وَابْتَغُوا مِن فَضْلِ اللَّهِ
“Энди қачон намоз адо қилингач, ерга тарқалиб, Аллоҳнинг фазлу марҳаматидан (ризқу рўз) истайверинглар”
Одам фарзанди бомдод намозини ўқиб, ризқини Аллоҳдан деб билиб, иш қилиши керак. Шу билан биргаликда ҳалол ризқни танлаши лозим. Уйдан чиқиб ризқини ахтаришлиги бу албатта ўзини, аҳли оиласини бировлардан беҳожат қилиш учун бўлади.
ҲИКОЯТ: Бир куни Пайғамбаримиз с.а.в. саҳобалари билан бомдод кейин ўтирган эдилар. Бир бақувват йигит масжиддан тезлик билан чиқиб бозорга югурди. Шунда саҳобалар: Во дариғо, ундан кўра охират ишига мунча шошилса арзирди – деганларида, Расулуллоҳ с.а.в. дедилар: “Бундай деманглар, агар бу йигит ўзини инсонлардан беҳожат қилишлик учун ё ота-онаси ва оиласини боқиш учун бу ишни қилса, Худои таоло наздида ибодатдек бўлади. Аммо агар дунё кўпайтириб мақтаниш учун, бошқаларга кўз-кўз қилиш учун бу амални қилса, бу шайтоннинг амалидандир”.
Худои таоло яна бизларни огоҳлантириб қўймоқда:
وَلَا تَمُدَّنَّ عَيْنَيْكَ إِلَى مَا مَتَّعْنَا بِهِ أَزْوَاجًا مِّنْهُمْ زَهْرَةَ الْحَيَاةِ الدُّنيَا لِنَفْتِنَهُمْ فِيهِ وَرِزْقُ رَبِّكَ خَيْرٌ وَأَبْقَى
“Сиз (кофирлардан айрим) тоифаларни синашимиз учун баҳраманд қилган дунё ҳаёти гўзалликларидан иборат нарсаларга кўзларингизни термултирманг! Роббингизнинг ризқи яхшироқ ва боқийроқдир”
Демак, Аллоҳ таоло ҳар биримизга қанча миқдорда ризқ берган бўлса, ана шунга қаноат қилайлик. Қаноат деганда, берган ризқига шукр қилишлик ва рози бўлишлик. Лекин тўхтаб қолишлик дегани эмас. Бугун сизга қанча ризқ берилди, мана шунга қаноат қилинг, ҳаддан ташқари елиб-югурманг, яъни ибодат вақтини, ота-онанинг кўнглини овлаш пайтини, оила билан бўлиш вақтини қаноатсизлик қилиб ризқ учун сарфламанг. Чунки ҳар вақтнинг ҳисоб китоби бор.
Абу Али ибн Сино: “Киши учун энг фойдали, дилини ёритувчи нарса қаноатдир. Энг зарарли ва нафратланарли нарса эса ҳирс ва ғазабдир. Бошқаларда кўрганини қаттиқ истамаслик ҳам қаноат саналади”, деганлар.
Андижон шаҳар “Мирпўстин ота” жоме
масжиди имом-хатиби: Б. Фахриддинов