Муқаддас динимизда ўзаро меҳр-оқибат, сахийлик, муҳтож кишиларга ёрдам бериш ва ҳожатбарорлик каби хислатларга кенг тарғиб қилинган. Азалдан бизни ҳалқимиз ҳам бир-бирига нисбатан меҳр-мурувватли ва оқибатли ҳалқ бўлган. Дарҳақиқат, инсон нафақат ўзи ҳақида ўйлаши, балки ўзгалар дарди билан ҳам ҳамнафас бўлиб яшаши лозим. Чунки, Аллоҳ таоло чин мўмин-мусулмонларни Қуръони каримда шундай таърифлаган: “Албатта мўминлар динда ўзаро биродардирлар. Бас, сизлар икки биродарингиз ўртасини тузатиб қўйингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, шояд, раҳм қилинсангиз” (Ҳужурот сураси, 10-оят).
Яна бир ояти каримада шундай дейилган: “Мўминлар ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар: (одамларни) яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар…” (Тавба сураси, 71-оят).
Бу борада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўз умматларини сифатлаб шундай деганлар: “Мўмин мўминга нисбатан бир-бирини мустаҳкам тарзда ушлаб турган бино ўхшайди” (Имом Бухорий ривояти).
Демак, биз жамиятда яшар эканмиз, кундалик ҳаётимизда қўни-қўшни, ёру-дўстлар ва турли инсонлар билан мулоқотда бўламиз. Уларнинг орасида бошига мусибат тушган, қарзга ботган, оғир дардга учраган ва бошқа қийинчиликларга дуч келгани бўлади. Бундай ҳолатдаги инсонларни дардини эшитиш ва имкон даражасида кўмак бериш мўминлик вазифамиз ҳисобланади.
Бу ҳақда Шайх Саъдий Шерозий роҳматуллоҳи алайҳ ўзларини “Гулистон” номли асарида қуйидаги байтни келтиради:
Бани одам аъзолари гўё бир тандир,
Чунки азал яратилиш бир гавҳардандир.
Қачоники бир аъзога оғриқ етади,
Бошқа ҳамма аъзолардан тинчлик кетади.
Гар ўзгалар ташвиши-ю ғамин емассан,
Одамийлик исмига лойиқ эмассан.
Имконимиз бор экан, иложи борича ўзгаларга манфаатимиз тегадиган, ва муҳтожларнинг ҳожатини чиқаришликка ҳаракат қилиб қолишимиз керак бўлади.
Аллоҳ таоло ўзини каломида шундай марҳамат қилган: “Сизларнинг (ҳар) бирингизга ўлим келганда: “Эй, Роббим! Мени озгина (тирик) қолдирсангчи, мен садақа қилиб, солиҳ (банда)лардан бўлсам!”- деб қолишидан илгари Биз сизларга ризқ қилиб берган нарсалардан эҳсон қилингиз!” (Мунофиқун сураси, 10-ояти).
Куч-қувватнинг борида, молу дунёнинг етарлигида ҳеч нарса хаёлга келмай, садақа қилишни эсга ҳам келтирмай, юриб-юриб ўлим фариштаси эшик қоқиб келган вақтда Аллоҳга ёлбориб Мени озгина (тирик) қолдирсангчи, мен садақа қилиб, солиҳ (банда)лардан бўлсам!”, дегандан фойда йўқ. Балки имконият борида яхшлик ва хайр-эҳсонни қилиб, ўзгаларнинг хожатини чиқариб солиҳ кимсалардан бўлиб олишимиз керак. Ана ўшанда ўлим элчиси келса, ҳеч нарсадан қўрқмай, ҳеч нарсага афсус қилмай кутиб олинади. Демак, вақтида Аллоҳ таоло берган ризқидан ўрнини топиб инфоқ эҳсон қилиб қолиш лозим. Кейин эса кеч бўлади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам боқувчиси йўқ ва муҳтож, мискинларга ёрдам берган киши ҳақида шундай марҳамат қилганлар: “Бева ва мискинларни боқиш йўлида саъй-ҳаракат қилувчи киши ҳудди Аллоҳ йўлида жидду-жаҳд қилувчи кишидек ва кундузи рўзадор, кечаси эса ибодатда қоим бўлган кишидек (ажр-савобга эга бўлади)” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Қавму қариндош ва маҳалла кўй ичида боқувчиси йўқ, қийналганларга таом бериш, уларни ҳолидан хабар олиб машаққат ва ташвишларини аритиш ҳам мўминнинг оғирини енгил қилишга киради. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Бир биродаримнинг ҳожатида юриш мен учун мана бу масжидда (яъни Масжиди Набавийда) бир ой эътикоф ўтиришдан яхшироқдир. Ким биродарининг ҳожатини раво қилиб бергунигача у билан бирга юрса, Аллоҳ уни қадамлар тойиладиган кунда (қиёмат кунда) собитқадам қилади (қадами тойилмайдиган қилиб қўяди)” (Имом Табароний ривояти).
Бугунги пандемия даврида нафақат моддий балки, маънавий ёрдамга муҳтожларни ҳам эътиборимиздан четда қолдирмаслигимиз керак. Қавму қариндош ва маҳалла-кўй ичида адашиб, нотўғри йўлларга кириб қолган турли ношаръий ишларга қўл ураётган ёки жиноий ишларни қилаётган кимсаларни ҳам ёмон йўлдан қайтариб, улар билан самимий муносабатда бўлиб, уларни ҳам жиноий йўллардан сақлашимиз лозим. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Ким ҳидоят йўлига чақирса, унга ўзига эргашганларнинг ажрларича савоб бўлади. Ким одамларни залолат йўлига чақирса, Унга ўзига эргашганларнинг гуноҳларича гуноҳ бўлади” (Имом Муслим ривояти).
Яна бошқа бир хадисда шундай дейилган: “Аллоҳга қасамки, сен туфайли бир кишининг ҳидоят топиши сен учун қизил туяларинг бўлишидан яхшироқдир” (Имом Бухорий ривояти).
Демак, ҳар биримиз моддий ва маънавий кўмакда бардавом бўлсак юқорида баён қилинган улкан ажру-савобларга эришамиз.
Энг савобли ишлардан яна бири етимни кафолатига олишдир. Бунга бериладиган ажру мукофотлар ҳақида Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламдан кўплаб хадислар келган. Жумладан у зот машҳур хадисларида шундай деганлар: “Мен ва етимни қарамоғига олган киши жаннатда мана шундай ёнма-ён турамиз”, – деб кўрсаткич ва ўрта бармоқлари орасини очиб кўрсатдилар” (Имом Бухорий ривояти).
Азиз юртдошлар муборак Рамазони шарифни улуғ кунларида турибмиз, ушбу ойда қилаётган барча хайр-эҳсон ва яхшиликларимизга ажрлари кўпайтириб бериладиган ойдир. Шундай экан келинглар, қодир бўлганларимиз закот, фитр-садақотларимизни ҳамда ният қилиб қўйган ифторликларимизни етим-есир, ночор мискинларга берайлик! Албатта уйимизга одам чақириб, эҳсон қилсак бўладию, одам чақирмаса эҳсони қабул бўлмайди деган гап шариъатда йўқ. Мана ҳақиқий риёсиз эҳсон ва яхшиликларни қиладиган давр келди. Бундай имкониятдан фойдаланиб қолайлик ва ҳамиша бир-биримизга меҳр-оқибатли бўлайлик!
Мансуржон домла Рахимов
Хонобод шаҳар бош имом-хатиби