Охирги пайтда дунёда ҳар куни 90-100 минг нафар инсон коронавирусни юқтириб олмоқда. Бугунга келиб, унга чалинганларнинг умумий сони 4,2 миллионга етди. Минг афсуски, уларнинг 282 минг нафардан зиёди оламдан ўтди.
Таъкидлаш зарурки, бутун дунёнинг кўплаб мамлакатларида коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият кескинлигича қолмоқда. Ҳатто пандемияга қарши муваффақият билан курашган Жанубий Кореяда бир ойлик пасайишлардан сўнг коронавирусга чалинганлар сони кескин ошди. У ерда сўнгги суткада вирус юқтирганлар сони 34 кишига кўпайди. Бу 12 апрелдан буён қайд этилган энг юқори кўрсаткичдир. Эътиборли жиҳати, Жанубий Кореядаги янги касалланиш ҳолатларининг барчаси карантин талаблари асосида ўзини изоляция қилмаган битта бемор билан боғланмоқда.
Бу ўз навбатида халқимиздан жорий этилган барча тартиб-қоидаларга қатъий амал қилишни талаб этади.
Шу йил 7 май куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида Давлатимиз Раҳбари “Ҳар биримиз карантин ва санитария-гигиена қоидаларига қатъий амал қилиб, ўзимиз, яқинларимиз ва халқимизнинг соғлиғини ҳимоя қилиш учун масъул эканимизни унутмаслигимиз зарур ва шарт”, деб бугунги куннинг энг устувор тамойилини таъкидладилар.
Республикамизда карантин чекловлари юмшатилиши баробарида зийраклик ва эҳтиёткорлик билан, карантин қоидаларига тўлиқ амал қилишимиз зарур.
Афсус билан қайд этиш керакки, айрим фуқаролар бугунги вазиятда мавжуд қонун-қоидаларга риоя қилиш ва шу орқали санитария-эпидемиологик вазият барқарорлигига ҳисса қўшиш ўрнига ўзи ва бошқаларнинг ҳаётини хавф остида қолдириб, эпидемияга қарши кураш қоидаларини қўпол равишда бузмоқда. 2020 йил 10 май куни Ўзбекистонда коронавирус аниқланганлар сони аввалги кунлардан кўпайиб, 69 нафарни ташкил этгани барчамизни карантин талабларига риоя этишда ҳушёрлигимизни оширишимиз зарурлигини кўрсатади.
Ушбу синовли кунларда жиддий ташвиш туғдираётган хавфлардан бири — cўнгги вақтда айрим фуқароларда кузатилаётган бепарволикдир. Айрим ҳудудларда карантин чекловлари юмшатилгани сабабли гигиена қоидаларини унутиб қўймайлик. Бу биринчи навбатда ниқоб ва қўлқоп тақиш, ижтимоий масофаланиш, заруратсиз кўчага чиқмаслик ва уч кишидан ортиқ тўпланмаслик билан боғлиқ.
Таъкидлаш жоизки, карантин чекловларини ўрнатишдан бирдан-бир мақсади шуки, халқимизнинг саломатлигини сақлаш, улар орасида янги турдаги вирус тарқалишининг олдини олиш. Шундай пайтларда ўзимизнинг ва яқинларимизнинг соғлигига бефарқ бўлмай, карантин ва гигиена талабларига қатъий риоя қилиш зарур.
Таассуфки, пандемия туфайли ўрнатилган тартиб-қоидаларни менсимаслик ҳолатлари ҳам учраётгани кишини қаттиқ ташвишга солади. “Бирники мингга, мингники – туманга”, деган гап бор халқимизда. Арзимас баҳона билан карантин қоидаларини писанд қилмай, важ-карсонлар тўқиётган кимсаларнинг мақсади нима? Ахир, улар ҳам вазиятни яққол кўриб, сезиб туришибди-ку.
Ислом динида инсоннинг юқумли касалликларга сабр қилишига улуғ савоблар ваъда қилинган. Агар бирор жойда вабо ёки ҳалок қилувчи бирор юқумли касаллик тарқалса, у ердаги киши сабр қилса, унга шаҳидлик савоби берилади. Агар бирор кимса бесабрлик қилса, у бу ажрдан бебаҳра қолади.
Шундай экан, ҳар бир фуқаро берилган тавсия ва кўрсатмаларга амал қилмаса, аввало, ўзининг, оиласининг, яқинларининг ҳаётига катта хавф туғдириши, ҳатто умрига зомин бўлиши мумкинлигини унутмаслиги зарур.
Уламолар иттифоқ қилган қоида шуки, Ислом шариати ҳукмларининг мақсади бешта асосни ҳимоя қилишга қаратилган бўлиб, улар – жон, дин, насл, мол ва ақлдир.
Қуръони каримда: “Аллоҳ сизларга енгилликни хоҳлайди ва сизларга қийинчиликни хоҳламайди” (Бақара сураси, 185-оят). Бошқа ояти каримада: “…ўз қўлларинг билан ўзларингни ҳалокатга ташламанглар…” (Бақара сураси, 195-оят), дейилган.
Ҳазрати Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Зарар бериш ҳам, зарар кўриш ҳам йўқ”, деганлар. Жонни асраб-авайлаш тўғрисида булардан бошқа ҳам кўплаб диний кўрсатмалар мавжуд.
Мўътабар фиқҳий китобларда “Айни пайтда саломатликка ва келажакда тинч-тотувликка сабаб бўладиган нарсага амал қилиш – шариат ва ақл нуқтаи назаридан вожиб ҳисобланади”, деб баён этилган.
Афсуски айрим жойларда жаноза каби диний маросимни амалга оширишда Республика махсус комиссиясининг карантин бўйича талабларига, шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш тўғрисидаги фатвосига амал қилмаслик оқибатида нохуш ҳолатлар содир бўлмоқда.
Жумладан, вилоятларимизнинг бирида жаноза ва дафн маросимида белгиланган карантин талабларига риоя этмаслик оқибатида кўп сонли фуқароларни карантинга олишга мажбур бўлинди.
Яна шуни қайд этиш керакки, инсонлар манфаатини юзага келтириш ҳамда улардан зарарни даф қилиш Ислом динида баён этилган олий ҳикматдир. Жамоавий намозларни адо этиш суннат бўлса, лекин уларни адо этиш билан зарар келиб чиқса, ана шу зарарнинг хавфи устун кўрилади. Пандемия шароитида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг бошқа мусулмон мамлакатларида каби қабул қилган Фатво ва қарорларига зид равишда хонадон ва масжидларда жамоавий намозларни адо этишга ҳаракат қилиш ёки жаноза, дафн маросимларини белгиланган (10-15 киши) ададдан кўп одамларни тўплаш мусулмонларнинг жони ва соғлиғини хатарга қўйишини унутмаслик керак.
Ислом динида инсонлар ўз раҳбарларига, айниқса ҳозирги каби таҳликали даврда ҳар бир мусулмон диний масалаларда уламоларнинг, саломатлигини сақлашда эса табиб-шифокорларнинг кўрсатмаларига қатъий риоя этиши талаб қилинади. Касаллик тарқалишининг олдини олиш бўйича ҳукумат, шифокорлар ва уламолар қандай йўл-йўриқ ва тавсиялар беришса, уларга амал қилиш зарур. Зеро, ояти каримада: “Эй имон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этингиз!” – деб таъкид қилинади (“Нисо” сураси, 59-оят).
Бугун ҳар қачонгидан кўра, амрга итоат этадиган, бирлашадиган, жипслашадиган муваққат даврда яшаяпмиз. Халқимизда “Ҳар бир тун ортида тонг бор” деган нақл бор. Бу ўзида жуда катта умид ва ишончни жамлаган иборадир. Тушунган ҳолда итоатимиз, чиройли сабримиз, хайрли амалларимиз ила бундай синовли кунларни енгиб ўтсак, эртага тинч-тотув, хотиржам, тўкин кунларга етамиз, албатта.
Ҳар биримиз зиммамиздаги вазифаларга янада масъулият билан ёндашиб, санитария-гигиена талабларига қатъий риоя қилишимиз, энг бебаҳо неъмат бўлган сиҳат-саломатликни асраш ва ҳимоя қилиш учун барча зарур чораларни амалга оширишимиз шарт.
- Ў.Ҳасанбаев