Ўтганларни хотирлаш инсонийлик бурчидир

660

Инсон қадри муқаддас, инсон хотираси барҳаётдир. Хотираси бўлмаган, тарихини унутган, ўз аждодларини танимаган халқнинг келажаги йўқ. Бизнинг халқимиз тарихдан ҳаётнинг кўп синовларига дош бериб, қанчадан-қанча қийинчилик довонларидан ошиб, кунда мустақиллик деган улуғ неъматга эришди. Лекин шу йўлда асрлар давомида азоб-уқубатларни бошидан кечириб, ватан учун, эл-юрт учун, мана шу мусаффо осмон учун фидо бўлган қанчадан-қанча ватандошларимиз бор.
Уруш – қанчадан-қанча инсонларнинг ёстиғини қуритиб, ҳаёт шамчироғини ўчирган, она кўзларини ёшга тўлдириб, тошларнида йиғлатган, норасида болаларни онаси бағридан жудо қилган инсонлар онгида, қалбида ўчмас из қолдирган тарихий хотирадир. Бу урушда халқимиз фарзандлари тинчлик учун қўлларига қурол олиб, жанг майдонига отланганлар. Уларнинг қаҳрамонлиги муқаддас, жасорати улуғ, хотираси инсонлар қалбидадир. Ўша оловли уруш йилларини, фронт ортидаги машаққатли меҳнатни хотирлаб, бир-бирлари билан дийдор кўришаётган отахон ва онахонлар чеҳраларида қутлуғ замона, ҳаётдан мамнунлик, ҳамда тинчликка шукрона туйғуси намоён. Хотира деганда, биз фоний дунёдан ўтган аждодларимизни эслаш, уларнинг пок номини қадрлаб, эзгу ишларини давом эттиришни тушунамиз. Зеро, инсон қадрини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди.Ҳадиси шарифда ўтганларни яхшиликлари билан эслаб туришга чақирилади. Жумладан ҳадислардан бирида шундай дейилади: “Ўлиб кетганларни ёмонлаб ҳақорат қилманглар, чунки улар қилмишларига яраша мукофот ёки жазо оладиган жойга кетганлар”. Яна бир ҳадисда эса шундай марҳамат қилинади: “Дунёдан ўтиб кетганларнинг фақат яхши сифатларини ёд этинглар. Ёмон сифатларидан тилингизни тийинглар”.

Донишмандлар пандларида ҳаёт ибрати мужассам. Уларнинг баъзи фикрлари мавзумизни янада бойитади. “Шуҳрат билан ёдланишни ҳакимлар иккинчи умр демишлар”, дейди Заҳириддин Муҳаммад Бобур. Чиндан ҳам ўтиб кетган инсонларни ёдга олиш, уларнинг қилиб кетган яхшиликларидан фахрланиш уларнинг барҳаётлигини эслатади.Муҳаммад ибн Муҳаммад Жомий шундай дейди: “Ота-она вафот этгандан сўнг ёру дўстларини уйингга таклиф этиб, улар билан бирга ота-онанг хотирасини ёд эт, ота-онанг яхши кўрган овқатлардан тайёрлаб, унинг биродарларига нисор айла!”. Тинчлик шукуҳи кезиб юрган шу кунларда юртимизда хотира ва қадрлаш куни алоҳида эътибор билан байрам қилинаётгани теран маънога эга. Бинобарин, тарихий ғалабани таъминлашда юртдошларимизнинг ҳам хизматлари беқиёс бўлган.Ўтганлар руҳини ёд этиш, тирикларга меҳр-оқибат кўрсатиш, қадриятларга эҳтиромда бўлиш ҳар бир инсоннинг бурчи, вазифаси саналади. 9-май “Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан халқимизнинг эзгу фазилатлари янада ёрқин намоён бўлади. Иккинчи жаҳон уруши даҳшатларининг гувоҳи бўлган юртдошларимиз тобора камайиб бормоқда. Ёшликнинг навқирон чоғларини уруш оловларида, жанггоҳларида ўтказиб, бугунги тинч ва осойишта ҳаётимиз учун курашган инсонлар жасорати бизга куч бағишлайди. Ана шу воқеалар кечган оғир кунлар ёди бугун нафақат уруш қатнашчилари, балки бутун авлодлар хотирасидан ҳали ҳамон ўчгани йўқ.

Отабек домла Хусанов
Олтинкўл тумани
“Жалабек ота” жоме масжиди имом-хатиби