بسم الله الرحمن الرحيم
الحَمْدُ للهِ الَّذِي أَرْسَلَ رَسُولَهُ رَحْمَةً لِلْعَالَمِينَ وَجَعَلَهُ أُسْوَةً حَسَنَةً لِلْمُؤْمِنِيْنَ، وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى نَبِيِّنَا الرَّؤُوفِ بِالْمُؤْمِنِيْنَ، وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ وَمَنْ تَبِعَهُمْ بِإِحْسَانٍ إِلَى يَوْمِ الدِّيْنِ
Оламларга раҳмат бўлган Пайғамбар
(саллаллоҳу алайҳи васаллам)
Муҳтарам жамоат! Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламни оламларга раҳмат ва ҳидоят нури қилиб юборди. У Зот сабабли инсониятни зулматлардан нурга чиқарди. У Зотни бу дунёда ҳидоят йўлбошчиси қилди. У Зот саллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган дин ва ундаги кўрсатмалар барча оламларга – инсонлар ва ҳайвонлар оламига ҳам, жамодот ва наботот оламига ҳам меҳр-муҳаббат, раҳм-шафқат манбаидир. Аллоҳ таоло Ўзининг Каломида бежизга:
وَمَا أَرْسَلْنَاكَ إِلَّا رَحْمَةً لِلْعَالَمِينَ
яъни: “(Эй, Муҳаммад!) Биз Сизни (бутун) оламларга айни раҳмат қилиб юборганмиз”, дея таъкидламаган (Анбиё сураси, 107-оят).
Оятдаги “раҳмат” жуда кенг маънони англатади. Уларни билиш учун Муҳаммад алайҳиссаломнинг ахлоқ-одоблари, сийрат ва шамоиллари, меҳр-оқибатлари, эзгуликлар ва фазилатлар манбаи эканларидан хабардор бўлишимиз зарур. Бугунги суҳбатимизда шулардан баъзиси билан танишиб чиқамиз.
- Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларига нисбатан шафқатлари ва меҳрибонликлари;
Набий алайҳиссалом ўз умматларига ота ўз фарзандига шафқатли ва меҳрибон бўлганидан кўра шафқатли эдилар. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
لَقَدْ جَاءَكُمْ رَسُولٌ مِنْ أَنْفُسِكُمْ عَزِيزٌ عَلَيْهِ مَا عَنِتُّمْ حَرِيصٌ عَلَيْكُمْ بِالْمُؤْمِنِينَ رَءُوفٌ رَحِيمٌ
яъни: “Батаҳқиқ, сизларга ўзингиздан бўлган, сизнинг машаққат чекишингиз Унинг учун оғир бўлган, сизнинг (саодатга етишингизга) ташна, мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган Пайғамбар келди” (Тавба сураси, 128-оят).
Ушбу ояти каримада Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг асосий сифатларидан бир нечтаси зикр қилинмоқда. Дарҳақиқат, дунё тарихида У Зотдек кишиларга марҳаматли, меҳрибон инсон бўлган эмас. Набий алайҳиссаломнинг энг суюкли аёллари Оиша разияллоҳу анҳо онамиз айтадилар: “Бир куни Набий саллаллоҳу алайҳи васалламнинг хурсанд ҳолда кўриб, У Зотга: “Эй Аллоҳнинг расули, мени дуо қилинг”, дедим. Шунда У Зот: “Эй Аллоҳ, Оишанинг ўтган ва келажакда бўладиган, ошкора ва махфий гуноҳларини кечиргин!” – деб дуо қилдилар. Оиша онамиз (бу дуодан қувониб) шундай кулдиларки, хурсандликларидан бошлари Расулуллоҳнинг тиззаларига тушди. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Дуоим сени қувонтирдими?” – деб сўрадилар. “Сиздек зотнинг дуоси мени қувонтирмасмиди?!” – дедилар Оиша онамиз. Шунда сарвари олам: “Аллоҳга қасамки, бу менинг умматим учун ҳар бир намозимда қиладиган дуоимдир!” – дедилар” (Имом Баззор ривоятлари).
Пайғамбаримиз алайҳиссалом дуолари Аллоҳ таолонинг ҳузурида қайтарилмайдиган буюк Зот ўз умматларининг ҳаққига ҳар намозларида “Эй Аллоҳ, умматимнинг ўтган ва келажакда бўладиган, ошкора ва махфий гуноҳларини кечиргин!” – деб дуо қилар эканлар. Бундан ҳам ортиқ меҳрибонлик борми дунёда?!
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир Набийнинг шаксиз қабул бўладиган дуоси бўлади. Барча Набийлар ўз дуоларини (бу дунёда) қилиб бўлдилар. Мен ўз дуойимни қиёмат куни умматимга шафоат бўлиши учун беркитиб қўйганман. У менинг умматимдан Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмай ўлганларга, албатта, етгувчидир”, – дедилар (Имом Термизий ривоятлари).
У Зот алайҳиссалом катта дуоларини умматлари энг муҳтож бўладиган пайт – охират учун сақлаб қўйган эканлар. Бу ҳадисда У Зотнинг умматларига бўлган меҳрлари, лутфлари, шафқатлари яққол кўриниб турибди. Умматларини ўзларидан ҳам, оилаларидан ҳам устун кўриб, уларни дуо қилишни кўзламоқдалар.
- Инсониятнинг энг буюк муаллими ва мураббийи эканликлари;
Аллоҳ таоло Қуръони каримда Пайғамбаримиз алайҳиссаломни бир нечта муҳим сифатларини келтириб ўтган:
هُوَ الَّذِي بَعَثَ فِي الْأُمِّيِّينَ رَسُولًا مِنْهُمْ يَتْلُو عَلَيْهِمْ آَيَاتِهِ وَيُزَكِّيهِمْ وَيُعَلِّمُهُمُ الْكِتَابَ وَالْحِكْمَةَ
وَإِنْ كَانُوا مِنْ قَبْلُ لَفِي ضَلَالٍ مُبِينٍ
яъни: “У (Аллоҳ) омилар (саводсиз кишилар) орасига ўзларидан бўлган, уларга (Унинг) оятларини тиловат қиладиган, уларни (ширк ва жаҳолатдан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб (Қуръон) ва Ҳикматни ўргатадиган пайғамбарни юборган зотдир. Ҳақиқатан, (улар) илгари аниқ залолатда эдилар” (Жума сураси, 2-оят).
Ояти каримадаги “омилар” деганда Пайғамбаримиз алайҳиссалом давриларидаги араблар назарда тутилган. Зеро, ўша даврда араблар ўқиш, ёзишдан кўра маълумотларни ёдда сақлашни афзал кўрардилар, саводхонлари жуда кам эди. Араб ёзуви асосан Набий алайҳиссаломнинг пайғамбар бўлиб келганларидан бошлаб бутун Ислом оламида тез суръатда ривожланди. Ўқиш ва ёзишга тарғиб этадиган оят ва ҳадисларга амал қилиш натижасида, араб тили мукаммал шаклга келди, мусулмон ҳалқлар орасида илм-маърифат ривож топди.
Аллоҳ таоло Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам орқали қўпол, қаттиққўл, жаҳолат ботқоғига ботган қавмларни қисқа муддатда инсонпарвар, илм ва маърифатли, олий жаноб инсонларга айлантирди. Имом Қирофий раҳматуллоҳи алайҳ: “Агар фаразан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг бирор-бир мўъжизалари бўлмаганида ҳам саҳобаларининг ўзи У Зотнинг набувватлари исботи учун етарли эди”, – деганлар.
Ҳа, У Зот илмга, маърифатга ва ҳикматга бой муаллим ва энг меҳрибон буюк мураббий эдилар. Аллоҳ таолонинг юксак ҳикматига кўра ўқиш ёзишни таълим олмаган – уммий бўлсаларда, инсониятнинг энг илмлиси ва маърифатлиси бўлганлар.
- Гўзал ва олий хулқ эгаси эканликлари;
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларнинг энг гўзал хулқлиси эдилар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло У Зотни мадҳ этиб, шундай марҳамат қилган:
وَإِنَّكَ لَعَلَى خُلُقٍ عَظِيمٍ
яъни: “Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!” (Қалам сураси, 4-оят).
Ушбу мақтов оддий мақтов эмас. Балки у оламларнинг Роббисидан келган мақтовдир. Зеро, ҳеч бир инсон бундай шарафга эришган эмас. У Зот ўзларининг муборак ҳадиси шарифларидан бирида:
إِنَّمَا بُعِثْتُ لِأُتَمِّمَ مَكَارِمَ الْأَخْلَاقِ
яъни: “Мен яхши хулқларни тўлиқ қилиш учун юборилганман”, – деганлар (Имом Байҳақий ривоятлари).
Барча ишларида намуна бўлган, гўзал ахлоқлар набийси – севикли Пайғамбаримиз алайҳиссалом умматларига қарата доимо: “Сизларнинг яхшиларингиз, ахлоқи яхшиларингиздир”, – дер эдилар (Имом Бухорий ривоятлари).
- Қўполлик қилганларга ҳам юмшоқлик билан жавоб қайтарардилар;
Сарвари олам энг ҳалим, босиқ ва мулойим инсон эдилар. Аллоҳ таоло У Зотнинг ушбу хусусиятларини мақтаб Ўзининг каломида шундай марҳамат қилган:
فَبِمَا رَحْمَةٍ مِنَ اللَّهِ لِنْتَ لَهُمْ وَلَوْ كُنتَ فَظًّا غَلِيظَ الْقَلْبِ لانفَضُّوا مِنْ حَوْلِكَ
яъни: “Аллоҳнинг раҳмати сабабли (Сиз, эй Муҳаммад) уларга (саҳобаларга) мулойимлик қилдингиз. Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар…” (Оли Имрон сураси, 159-оят).
Набий алайҳиссаломнинг ҳалимликларига қуйидаги ҳадисда ҳам ёрқин намоён бўлади. Анас разияллоҳу анҳу айтадилар: “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга кетаётган эдим. У Зотнинг эгниларида дағал матодан бўлган кийим бор эди. Олдиларига бир аъробий келиб, ридоларидан қаттиқ тортди. Тортиш натижасида кийим Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг елкаларида из қолдирганини кўрдим.
Аъробий: “Эй, Муҳаммад! Ҳузурингдаги молдан менга ҳам улуш берсинлар”, деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам унга ўгирилиб қарадилар ва табассум қилиб, сўнг унга ҳам молдан улуш беришни буюрдилар” (Имом Бухорий ривоятлари).
- Муҳтожларнинг ҳожатини раво қилишлари;
Саҳоба Абу Саъид Худрий разияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бевалар, мискинлар, қул-хизматчилар билан бирга юрар, уларнинг эҳтиёжларини таъминлар, бундан асло тортинмас ва орланмас эдилар” (Имом Насоий ва Имом Абу Довуд ривоятлари).
- Камтар ва тавозелиликлари;
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам либосларини ўзлари ямаб, жониворлар сутини ўзлари соғар эдилар. Оиша онамиз разияллоҳу анҳо айтадилар: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам кўйлакларини ямар, оёқ кийимларини тикар, эр киши уйда қиладиган барча ишларни бажарар эдилар” (Имом Аҳмад ривоятлари).
Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо айтадилар: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат олиш (да сув қуйиб туриш) ва садақа бериш ишларини ҳеч кимга буюрмас, фақат ўзлари бажарар эдилар” (Имом Ибн Можа ривоятлари).
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам қулнинг ҳам, ҳурнинг ҳам чақириғини бирдек қабул қилар эдилар. У Зот камбағаллар билан бирга мажлис қурар ва мискинлар билан бирга овқатланар эдилар.
- Камтар ҳаёт кечирсалар-да, эҳсонлари шоҳларникидан ҳам аъло эди;
Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг сахийси бўлганлар. У Зот ҳузурларида динор ёки дирҳам бўлса, ухлашга ётмаганлар. Агар бирор нарса ортиб қолса ва уни бергани одам бўлмаса, ўша нарсадан қутилмагунларича, муҳтож одамга бермагунларича ухламаганлар. Анас разияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир киши келди. Унга икки тоғ ўртасидаги садақа қилиш учун боқиладиган қўйлардан кўпини бериб юборишга буюрдилар. У киши ўзининг қавмига келгач: “Эй қавм! Исломни қабул қилинглар! Дарҳақиқат, Муҳаммад йўқчиликдан қўрқмасдан буларни берди”, – деди (Имом Муслим, Имом Аҳмад ривояти).
Набий саллаллоҳу алайҳи васалламдан нама сўралса, ўшани берар эдилар. Кўпинча йил охиригача бирор нарса келмаса, ўзлари муҳтож бўлиб қолар эдилар.
- Ҳар бир ишни охирига етказардилар:
Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бирон иш ёки нарсани эртага қолдирмас эдилар” (Имом Термизий ривояти).
- Поклик ва озодаликка эътибор беришлари;
Набий алайҳиссалом инсоннинг вужуди, кийими ва унга хос нарсалар поклиги билан бирга, унинг атрофидаги нарсалар ҳам озода бўлишига катта аҳамият берар эдилар. У Зотнинг ўзлари бу борада барчага ўрнак эдилар. Ўз ҳадиси шарифларида: “Поклик иймоннинг ярмидир”, – дер эдилар (Имом Муслим ривоятлари). Бошқа бир ўринда: “Албатта, Аллоҳ таоло покдир, поклик ва озодаликни ёқтиради. Покланинглар, ён-атрофларингни озода тутинглар, ҳовли, уй-жойларингизни тоза тутинглар”, – дер эдилар” (Имом Термизий ривоятлари).
(Имом-хатиблар мавъизанинг мана шу ўрнида Пайғамбаримизнинг покликка жиддий эътибор қаратганлари бугунги кунда, хусусан пандемия шароитида нақадар долзарб эканлиги ҳақида ўз сўзлари билан, жонли тарзда намозхонларга тушунтириб берадилар…).
Муҳтарам жамоат! Суюкли Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг фазилатларини, гўзал хислатлари, олий хулқларини санаб адоғига етказиб бўлмайди. Афсуски, ҳозирда дуёнинг баъзи жойларида сарвари оламнинг шаъниларига нисбатан одобсизликлар қилинмоқда. Бунинг сабаби уларнинг Набий алайҳиссаломнинг оламларга раҳмат эканларини, инсониятга тақдим этган улкан хизматларини билмасликларидир. Аслида бундай ғайри инсоний ҳатти ҳаракатлар уларнинг ўзларига зиён келтиради халос. Зеро, Қуёшга қарата чанг солмоқчи бўлган кимсанинг ўз усти боши кир бўлади, Қуёшга заррача ҳам таъсир қилмайди.
Биз уммат ўлароқ инсониятнинг энг буюги – суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг сийратлари, суннатлари, гўзал шамоиллари ва юксак ахлоқларини қунт билан ўрганишимиз ва ёш авлодларга ўргатишимиз зиммамиздаги олий бурчимиздир. Алҳамдулиллаҳ, ҳозирда Ҳабибимиз алайҳиссаломнинг муборак сийратларига бағишланган турли-туман китоблар нашр этилган. Биз оила аъзоларимиз даврасида шу китоблардан мутолаа қилишни жорий қилайлик. Фарзандларимиз қалбида Набий алайҳиссаломга нисбатан муҳаббатни уйғотайлик. Зеро, ҳазрати Али разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:
“أدِّبُوا أوْلادَكُمْ على ثلاثِ خِصالٍ: حُبِّ نَبِيِّكُمْ ، وَحُبِّ أهْلَ بَيْتِهِ ، وقِراءَةِ القُرآنِ ، فإِنَّ حَمَلَةَ القُرآنِ في ظِلِّ الله يَوْمَ القِيامَةِ يَوْمَ لا ظِلَّ إلاَّ ظِلُّهُ مَعَ أنْبِيائِهِ وأصْفِيائِهِ (رواه الامام الطبرانى)
яъни: “Фарзандларингизга уч хислат: Набиййингизга , У зотнинг аҳли байтига ва тиловати Қуръонга муҳаббат асосида одоб беринглар. Чунки, Қуръон эгалари Қиёмат куни Аллоҳнинг соясидан бошқа соя бўлмайдиган кунда, У Зотнинг соясида анбиёлар ва асфиёлар билан бирга бўлурлар”, – деганлар (Имом Табароний ривоятлари).
Аллоҳ таоло барчамизга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашишни, У Зотдан ўрнак олишни насиб этсин! Омин!