24.05.2019 й. Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором олур!

1131

بسم الله الرحمن الرحيم

Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором олур!

Муҳтарам жамоат! Динимизда ибодатлар орасида зикрнинг аҳамияти каттадир. Зикр луғатда: “эслаш”“бирор нарсани ёдга олиш” деганидир. Истилоҳда эса: “Банда Аллоҳ таолони ёдга олиш”и тушунилади. Шунга кўра, Ислом шариатида буюрилган намоз, закот, рўза, ҳаж каби барча ибодатлар умумий маънода зикр ҳисобланади. Чунки ушбу ибодатларнинг ҳаммасида ҳам банда ўз Парвардигорини ёдга олади ва у билан боғланади. Хос маънода эса зикр бу – банданинг “Аллоҳ” лафзи жалоласини, тасбиҳ, таҳлил ва такбирни айтиши, турли вирдларни қайтариши тушунилади. Бугунги суҳбатимиз зикрнинг мана шу хос кўринишига бағишланади.

Қуръони каримнинг кўплаб оятларида Аллоҳ таолони зикр қилишга буюрилган. Жумладан Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اذْكُرُوا اللَّهَ ذِكْراً كَثِيراً  وَسَبِّحُوهُ بُكْرَةً وَأَصِيلًا

 (سورة الأحزاب/41)

яъни: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳни кўп зикр қилингиз ва эртаю кеч Унга тасбеҳ айтингиз!” (Аҳзоб сураси, 41-оят).

Ҳар бир мўмин-мусулмон ушбу амри илоҳийни бошқа илоҳий фармонлар қатори амалга ошириши лозимдир. Аллоҳ таолони барча нуқсон ва камчиликлардан поклаб, Аллоҳ Ўзи қандай буюрган бўлса, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам қандай таълим берган бўлсалар, шундай ёд этиши даркор.

Қуръони каримда зикрга тарғиб қилиниши баробарида унинг самарасини ҳам айтиб ўтилган. Жумладан Аллоҳ таоло ўзининг ҳидоят топган бандаларини васф этиб, шундай марҳамат қилади:

الَّذِينَ آمَنُوا وَتَطْمَئِنُّ قُلُوبُهُم بِذِكْرِ اللَّهِ أَلَا بِذِكْرِ اللَّهِ تَطْمَئِنُّ الْقُلُوبُ

(سورة الرعد/28)

яъни: “Улар имон келтирган ва қалблари Аллоҳнинг зикри билан ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлингизки, Аллоҳни зикр этиш билан қалблар ором олур (ва таскин топур)” (Раъд сураси, 28-оят).

Инсоният яратилгандан бугунги кунга қадар барча одамлар ҳаётида мукаммал бахт-саодатга эришиш илинжида бўладилар. Замон шиддат билан тараққий этаётган ҳозирги даврда ҳам инсон зоти иложи борича кўпроқ мол-дунё тўплашга, ҳашаматли уйлар қуришга интилаётгани сир эмас. Аксарият кишилар фикру хаёли фақат яхши яшаш, бахтли ҳаёт кечириш билан банд. Одатда ушбу бахт-саодатнинг ортида қалб хотиржамлиги ва ҳаловатига эришиш кўзланади. Бунинг учун катта-катта маблағлар сарфланади. Қалб хотиржамлигини таъминлаш учун турли хил дори-дармон ва тинчлантирувчи воситаларни истеъмол қилинади. Лекин ҳар қанча кўп мол-дунё топмасин, ҳаёт ҳашаматли тус олмасин, киши қалб хотиржамлигидан йироқлашаверади.

Аслида эса қалбнинг хотиржамлиги нимада экани, қандай қилиб унга эришилишини бизга барча нарсани яратган Зотнинг Ўзи ўргатмоқда. Мазкур ояти каримадан маълум бўлишича, Аллоҳни зикр қилиш, берилган неъматлар ҳақида фикр қилиб, У Зотга муносиб тарзда ҳамду сано айтиш киши қалбига илоҳий хотиржамлик, ҳаловат ва сакинатни бахш этар экан.

Зикр – ибодатларнинг афзалидир. Бу ҳақида Сарвари олам ўзларининг ҳадиси шарифларида шундай марҳамат қилганлар:

” أَلَا أُنَبِّئُكُمْ بِخَيْرِ أَعْمَالِكُمْ وَأَزْكَاهَا عِنْدَ مَلِيكِكُمْ ، وَأَرْفَعِهَا فِي دَرَجَاتِكُمْ وَخَيْرٍ لَكُمْ مِنْ إِنْفَاقِ الذَّهَبِ وَالْوَرِقِ وَخَيْرٍ لَكُمْ مِنْ أَنْ تَلْقَوْا عَدُوَّكُمْ فَتَضْرِبُوا أَعْنَاقَهُمْ وَيَضْرِبُوا أَعْنَاقَكُمْ؟ قالوا : بَلَى قَالَ : “ذِكْرُ الله”

(رَوَاهُ الإمَامُ الطَّبَرَانِيُّ عن أَبى الدَّرْدَاءِ رضي الله عنه)

яъни“Сизларга Хожангиз ҳузурида амалларингизнинг энг яхшиси бўладиган, даражаларингизни кўтарадиган,  олтину кумушингизни инфоқ қилишдан кўра  хайрли бўлган, душманингизга йўлиққанингизда ўзаро Аллоҳ йўлида урушишингиздан кўра яхшироқ бўлган амал ҳақида хабар бермайми?” – дедилар. Саҳобалар: “Хабар беринг”, – дейишди. У зот: “Аллоҳни зикр қилишингиздир”, – дедилар.  (Имом Табароний ривояти).

Руҳий тарбия уламолари шундай дейдилар: “Аллоҳ таолони зикр қилишнинг тарбиявий аҳамияти ажойиб ва гўзалдир. Биринчидан, Аллоҳнинг зикри қалбингизда У зотга бўлган муҳаббатни уйғотади. Аллоҳнинг муҳаббати эса унинг зикрини кўпайтиришга ундайди. Бу иккиси ўртасида ўзаро мутаносиблик бор экани шундан маълум бўлади”.

Ҳа, азизлар! Зикрнинг фойдаси ва самарасини санаб адоғига етиб бўлмайди. Зикр аввало – Аллоҳ розилигига эришишнинг воситасидир. У шайтонга зарба бўлиб, унинг кучини заифлаштиради. Ожиз бандага қувват бағишлайди. Қалб ва юзни мунаввар қилади. Зикр ризқнинг мўл ва баракотли бўлишига сабаб бўлади. Инсон ҳаётига мазмун бағишлайди. Қалбни ғафлатдан уйғотади. Гуноҳ ва маъсиятларни ўчиради. Зикр турли тил офатларидан ва бекорчи сўзлардан узоқлаштиради. Бандани дунё ва охират саодатига эриштиради.

عَنْ مُصْعَبِ بْنِ سَعْدٍ عَنْ أَبِيهِ قَالَ: كُنَّا جُلُوسًا عِنْدَ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: “أَيَعْجِزُ أَحَدُكُمْ أَنْ يَكْسِبَ فِي الْيَوْمِ أَلْفَ حَسَنَةٍ؟ “قَالَ: فَسَأَلَهُ سَائِلٌ مِنْ جُلَسَائِهِ: كَيْفَ يَكْسِبُ أَحَدُنَا يَا رَسُولَ اللَّهِ كُلَّ يَوْمَ أَلْفَ حَسَنَةٍ؟ قَالَ: “يُسَبِّحُ مِائَةَ تَسْبِيحَةٍ يُكْتَبُ لَهُ أَلْفُ حَسَنَةٍ ، أَوْ يُحَطُّ عَنْهُ أَلْفُ خَطِيئَةٍ

(رَوَاهُ الإمَامُ الطَّبَرَانِيُّ)

яъни: Мусъаб ибн Саъд разияллоҳу анҳудан, у киши отасидан бундай ривоят қиладилар: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. У зот: “Сизлардан бирингиз ҳар куни мингта савобни қўлга кирита олмайдими? – дедилар. Шунда у зотнинг ҳамсуҳбатларидан бир киши: Қандай қилиб бирортамиз мингта савобга эга бўлиши мумкин? – деб сўради. “Юзта тасбеҳ айтади. Шунда унга мингта савоб ёзилади ва ундан мингта хато ўчирилади”, – дедилар.(Имом Табароний ривояти).

Демак, 1 марта “Субҳаналлоҳ” деган бандага 10 та савоб ёзилади ва ундан 10 та гуноҳ ўчирилади. Ваҳоланки, бунга 1 сония вақт кетади холос. Бундан Исломда савоб амал қилиш жуда ҳам осонлиги келиб чиқади. Бошқа бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам:

” مَنْ قَالَ: سُبْحَانَ اللهِ العَظِيمِ وَبِحَمْدِهِ غُرِسَتْ لَهُ نَخْلَةٌ فِي الجَنَّةِ “

(رَوَاهُ الإِمَامُ التِّرْمِذِيُّ عَنْ جَابِرٍ رضي الله عنه)

яъни: “Ким “субҳаналлоҳил азиим ва биҳамдиҳи” деса, унга жаннатда бир хурмо экилади”– деганлар (Имом Термизий ривояти).

Ким ўзининг жаннатдаги боғида хурмолари кўп бўлишини истаса, ушбу ривоятда келган зикрни кўпроқ айтсин. Бу эса жуда ҳам осон. Бир дақиқанинг ўзида уни бир неча бор айтиш мумкин бўлади.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа бир ривоятда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар:

” لَأَنْ أقُولَ سُبْحَانَ اللَّهِ، والحَمْدُ لِلَّهِ، وَلا إِلهَ إِلاَّ اللَّهُ، وَاللَّهُ أَكْبَرُ، أَحَبُّ إِليَّ مِمَّا طَلَعَتْ عَلَيْهِ الشَّمْسُ “

(رَوَاهُ الإِمَامُ مُسْلِمٌ عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه)

яъни: Менинг “Субҳаналлоҳ”Алҳамдулиллаҳ, “Вала илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар” демоғим – мен учун устига қуёш чиқадиган нарсалар (яъни, дунё)дан севимлироқдир (Имом Муслим ривояти).

Уламоларимиз ушбу ҳадиснинг шарҳлаб таъкидлайдиларки, бу ердаги “севимли”лик дунёнинг ўзига бўлган муҳаббат эмас, балки ушбу дунё ва ундаги нарсаларни сарфлаганда ҳосил бўладиган савоб экан. Чунки, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон дунёнинг ўзига муҳаббат қўймаган эканлар. У зот дунёни сарфлаш орқали келадиган савобга муҳаббат қўйган эканлар.

Муҳтарам жамоат! Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда зикрнинг фазилатлари, самаралари ва охиратдаги бандани эриштирадиган мақомлари ҳақида батафсил баён қилинган. Шунинг баробарида Аллоҳнинг зикридан ғафлатда қолиш оғир оқибатларга олиб келиши таъкидланиб, бундан сақланишга даъват қилинган. Жумладан, Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонлар Аллоҳни унутишдан огоҳлантириб, шундай дейди:

وَلَا تَكُونُوا كَالَّذِينَ نَسُوا اللَّهَ فَأَنْسَاهُمْ أَنْفُسَهُمْ أُولَئِكَ هُمُ الْفَاسِقُونَ

(سورة الحشر/19)

яъни: “Сизлар Аллоҳни унутиб қўйганлар, бас, (шундан кейин Аллоҳ)уларга ўзларини ҳам унутдириб қўйган кимсалар каби бўлмангиз! Ана ўшалар фосиқлар (кофирлар)дир” (Ҳашр сураси, 19-оят).

Ҳадиси шарифлардан бирида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

مَثَلُ الَّذِي يَذْكُرُ رَبَّهُ، وَالَّذِي لَا يَذْكُرُ رَبَّهُ: مَثَلُ الْحَيِّ وَالْمَيِّتِ

(رَوَاهُ الإِمَامُ البُخَارِيُّ عَنْ أَبِي مُوسَى رضي الله عنه)

яъни: Парвардигорини зикр қиладиган киши ва Парвардигорини зикр қилмайдиган киши худди тирик ва ўлик кабидир” деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Аллоҳни зикр қилишга бепарволик – қалбни қотирувчи омиллардан бири бўлиб, инсоннинг дунё ва охиратдаги бахт-саодатига зид бўлган хислатлардан ҳисобланади. Ғофил қалб – кишининг ўзига хайрли бўлган нарсалардан ғафлатда қолишига олиб келади. Бунда давомли бўлиш эса қалбни ўлдиради. Шунинг учун мазкур ҳадиси шарифда Аллоҳнинг зикрида бардавом бўлмайдиган кишини гарчи ўзи тирик бўлсада, “ўлик киши”га ўхшатилмоқда.

Машҳур саҳоба Абу Дардо разияллоҳу анҳу: “Ҳар бир нарсанинг ярқиратадиган жилоси бор. Қалблар жилоси эса – Аллоҳни зикр қилишдир”,  деганлар.

Шундай экан, барчамиз ушбу буюк ибодатдан ғафлатда қолмаслигимиз, доимо Аллоҳнинг зикри ила тилимиз банд бўлиб туришига эътибор бериб туришимиз даркор. Айниқса, ушбу муборак Рамазон ойида тилимизни тасбиҳ, таҳлил ва ҳамдни кўп айтишга ўргатсак, кейинги ойларда ҳам ушбу фазилатли зикрларда бардавом бўлишга осонликча одатланишимиз мумкин бўлади. Буни руҳий тарбия уламолари тажрибадан ўтганини кўп марта таъкидлаб ўтганлар.

Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг зикри ила қалблари ором олувчи, зокир бандалар қаторида бўлишимизга муваффақ этсин! Омин!

Илова: қадр кечаси фазилати

Муҳтарам жамоат! Муборак Рамазон ойининг фазилатларидан бири – унда Қадр кечасининг борлигидар. Аллоҳ таоло ушбу кечани “Минг ойдан яxширокдир” дея юксак кўтарган. Рамазон ойи – ойларнинг султони бўлса, шубҳасиз, унинг тожи – Қадр кечасидир. Қадр кечаси ва ундаги фазилатлар тўғрисида Аллоҳ таоло ўз каломи Қуръони каримда “Қадр” номли бутун бир сура нозил қилган:

إِنَّا أَنْزَلْنَاهُ فِي لَيْلَةِ الْقَدْرِ  وَمَا أَدْرَاكَ مَا لَيْلَةُ الْقَدْرِ  لَيْلَةُ الْقَدْرِ خَيْرٌ مِنْ أَلْفِ شَهْرٍ  تَنَزَّلُ الْمَلَائِكَةُ وَالرُّوحُ فِيهَا بِإِذْنِ رَبِّهِمْ مِنْ كُلِّ أَمْرٍ  سَلَامٌ هِيَ حَتَّى مَطْلَعِ الْفَجْرِ

(سورة القدر/1-5)

яъни: “Албатта, Биз У (Қуръон)ни Қадр кечасида нозил қилдик. (Эй Муҳаммад) Қадр кечаси нима эканини Сизга не ҳам англатур?! Қадр кечаси минг ойдан яxширокдир. У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (Жаброил)Парвардигорининг изни ила (йил давомида қилинадиган) ишлар (режаси)билан (осмондан ерга) тушарлар. У (кеча) тонг отгунича саломатликдир”(Қадр сураси, 1-5 оятлар).

Қадр кечаси Рамазон ойининг нечанчи кечаси эканини Аллоҳ ва Расули томонидан сир тутилган. Саҳобалар Расули акрам алайҳиссаломдан уни қайси кеча эканини сўраганларида ойнинг учинчи ўн кунлигининг тоқ кечаларидан излаш кераклигини айтганлар (“Тафсири Бағавий”).

Пайғамбар алайҳиссалом ушбу кечани тунлари ибодат билан ўтказишга тарғиб қилар эдилар. Оиша онамиз разияллоҳу анҳо шундай дейдилар: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазоннинг охирги ўн кунлиги келса, кечалари ухламас эдилар ва уйдагиларни ҳам ибодат қилишга уйғотар эдилар”.

Ҳадиси шарифлардан бирида Набий алайҳиссалом:

“مَنْ قَامَ لَيْلَةَ الْقَدْرِ إِيمَانًا وَاحْتِسَابًا غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ”

(رَوَاهُ الامَامُ البُخَارِيُّ وَالامَامُ مُسْلِمٌ)

яъни: “Ким Лайлатул Қадр кечасини имон ва ихлос билан бедор ўтказса, унинг шу кечагача қилган гуноҳлари мағфират қилинур” – деганлар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган).

Демак, Рамазон ойининг ушбу фазилатли кечаларини ғанимат билишимиз, уни тоат-ибодат ва солиҳ амаллар билан ўтказишга ҳиммат қилишимиз, кўпроқ ибодат, намоз, Қуръон тиловати ҳамда илтижо, тазарруъ дуолар билан ўтказишимиз керак. Айниқса, ушбу кечада Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам таълим берганларидек:

“اللَّهُمَّ إِنَّكَ عُفُوٌّ كَرِيمٌ تُحِبُّ الْعَفْوَ فَاعْفُ عَنَّا”

яъни: “Эй Аллоҳ, албатта Сен гуноҳларни афв қилувчи Зотсан! Афв қилишни яхши кўрасан, бизларни афв эт!” дуосини кўп айтиш мақсадга мувофиқ.

Аллоҳ таоло қилаётган ибодатларимизни ўз даргохида қабул этиб, Қадр кечасининг савобларидан баҳраманд бўлишимизни барчаларимизга насиб айласин! Қадр кечасини топиш тавфиқини бериб, яратганнинг раҳмати ва Расул алайҳиссаломнинг шафоатларига эришишимизни насибу рўзи айласин. Омин!

 

Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “тавба эшиклари доимо очиқ” мавзусида бўлади. Жамоатга эълон қилишингизни сўраймиз.