Ватанни дўст тутиш иймонидин эрмиш,
Онингчун Ҳақ расулидин нақл бўлмиш.
Ватанни севмаганлар биздан эрмас,
Буни ким билмаса иймонга кирмас.
Алихонтўра Соғуний

    1992-йилнинг 14-январида Ўзбекистон Республикаси Олий кенгашининг “Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги жойлашган ҳарбий қисмлар ва ҳарбий ўқув муассасалари тўгрисда”ги қарори асосида Ўзбекистоннинг ўз Қуролли Кучлари ташкил этилди. Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1993-йил 29- декабрдаги “Ватан ҳимоячилари кунини белгилаш тўғриси”даги қонунига биноан, 14-январ “Ватан ҳимоячилари куни”,- деб эълон қилинди.
    Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Армия ва халқ – бир тану бир жон!” деган олижаноб ғоя ва амалий ҳаракат барча бўғиндаги ҳокимият ва бошқарув идоралари, маҳалла, ёшлар, хотин-қизлар, нуронийлар ташкилотлари, таълим-тарбия муассасалари фаолиятини, кенг жамоатчилик ҳаётини қамраб олмоқда. Бу эса Ватан ҳимояси чиндан ҳам барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки шарафли бурчимизга айланиб бораётганидан яққол далолат беради” деб айтган гапларида ҳам
Қуролли Кучларимизнинг халқ билан ҳар қачонгидан ҳам яқинлигини англашимиз мумкин.
    Бугунги кунда дунёнинг турли жойларида кескин тус олаётган вазиятда, халқаро терроризм, экстремизм ва радикализм хавф-хатарлари барчамизни огоҳ бўлишга чақиради ва Қуролли кучларимиздан эса юқори даражадаги жанговар қобилиятни мустаҳкамлашни талаб этади. Қуролли Кучларни изчил ислоҳ этиш давомида принципиал янги ташкилий-штат тузилмаларини, ҳарбий бошқарув тизимларини, турли қўшин турлари ҳаракатларини мувофиқлаштириш ва уларнинг ҳамкорлигини таъминлаш механизмларини шакллантириш, ҳарбий хизматчиларнинг профессионал тайёргарлигини ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни тубдан яхшилаш бўйича кўлами ва маъно-мазмунига кўра улкан ва беқиёс ишлар амалга оширилди.
    Муқаддас ислом динида “Икки кўз эгасини дўзах оташи куйдирмас: бири – Аллоҳнинг азобидан қўрқиб йиғлаган кўз, иккинчиси – Аллоҳ йўлида пойлоқчилик қилиб бедор бўлган кўз” (Имом Термизий ривояти) деб ривоят қилинган Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларидан ҳам шуни англаш мумкинки, Ватан ҳимояси йўлида олиб борилаётган ҳар қандай хизмат савобли амаллар қаторига киради.
    Буюк аждодлардан бири, тасаввуфнинг кубровия таълимотига асос солган Нажмиддин Кубро мўғуллар истилоси даврида душман томондан яшаб турган шаҳрини ташлаб чиқишга рухсат берилганига қарамай, лашкарни ёвга қарши жангга бошлаб кириш оқибатида қаҳрамонларча ҳалок бўлган.
    Ҳеч шубҳасиз, барчамиз биргаликда Она Ватанимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, уни асраб-авайлаш, ҳимоя қилиш каби фуқаролик бурчимизни астойдил, чин юракдан бажариш, меҳр-муҳаббат, садоқат ва фидойилик, мустаҳкам иродамиз, дину диёнатимиз билан оилаларимиз, маҳаллаларимизда, бутун жамиятимизда барқарорлик ва соғлом муҳитни мустаҳкамлаб, тинч-осуда ҳаётимизни, муқаддас динимиз поклигини таъминлаймиз.
    Шундай экан, она-Ватанимиз бўлмиш Ўзбекистонни гуллаб яшнашига, юртимиз тинч-осуда бўлишига барча шу юртда, шу заминда яшаётган ҳар бир инсон ўз ҳиссасини қўшиши керак.

Бахтиёржон домла Қодиров
Бўстон туман бюош имом-хатиби