12.04.2019 й. Мусулмон кишининг кундалик одоблари

873

بسم الله الرحمن الرحيم

اَلْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِى حَثَّ عِبَادَهُ عَلَى التَّحَلِّي بِالآدَابِ، وَوَعَدَهُم عَلَى ذَلِكَ جَزِيلَ الثَّوَابِ وَالصَّلَاةُ وَالسَّلامُ عَلَى مُحَمَّدٍ الَّذِي سَيِّدُ أُولِي الْأَلبَابِ وَعَلَى آلِهِ وَأَصْحَابِهِ الطَّاهِرِينَ وَمَنْ تَبِعَهُمْ بِإِحْسَانٍ أَمَّا بَعْدُ .

МУСУЛМОН КИШИНИНГ КУНДАЛИК ОДОБЛАРИ

Муҳтарам жамоат! Муқаддас Ислом дини бир жамиятда яшаётган инсонларни ўзаро тинч-тотув яшашларига буюрар экан, уларни ўртасида меҳр-оқибат, бир-бирларига нисбатан ҳурмат бўлишлигини талаб этади. Айни пайтда ана шу меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат ришталарини пайдо қиладиган, уларни янада мустаҳкам бўлишига сабаб бўладиган омилларни ҳам таълим беради. Буларни бир сўз билан ижтимоий одоблар, деб номланади. Биз қуйида ана шундай ижтимоий одобларнинг энг муҳимларидан баъзи бирларига тўхталиб ўтмоқчимиз.

  • Биринчиси, ўзаро саломлашувни одатга айлантириш. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

وَالَّذِي نَفْسِيْ بِيَدِهِ، لاَ تَدْخُلُونَ الْجَنَّةَ حَتَّى تُؤْمِنُوا، وَلاَ تُؤْمِنُوا حَتَّى تَحَابُّوا، أَوَلاَ أَدُلُّكُمْ عَلَى شَيْءٍ إِذَا فَعَلْتُمُوهْ تَحَابَبْتُمْ؟ أَفْشُوا السَّلاَمَ بَيْنَكُمْ

رواه الامام مسلم

яъни: “Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, то мўмин бўлмагунингизча, жаннатга кирмайсиз, то бир-бирингизга меҳр-муҳаббатли бўлмагунингизча, мўмин бўлмайсиз. Мен сизларга бир нарсани ўргатайми, гар уни қилсангиз, бир-бирингизга меҳр-муҳаббатли бўласиз?! Ўзаро саломлашиб юришни кенг жорий қилинг!” (Имом Муслим ривояти).

  • Иккинчиси, бир неча киши ўзаро суҳбатлашиб турганда, уларни орасидан икки киши ажралиб чиқиб сирлашмаслик. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:

إِذَا كُنْتُمْ ثَلاَثَةً فَلاَ يَتَنَاجَى اِثْنَانِ دُوْنَ الثَّالِثِ مِنْ أَجْلِ أَنَّ ذَلِكَ يُحْزِنُهُ

( رواه الشيخان)

яъни: “Қачон уч киши бўлсангиз, учинчини қўйиб, иккингиз сирлашмангиз. Чунки бу ишингиз уни хафа қилади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган).

  • Учинчиси, ўзгаларга нисбатан тавозе ва ҳалим бўлиш. Зеро, Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломнинг инсонлар орасида меҳр-муҳаббат қозонишларига сабаб бўлган энг гўзал фазилатлари айнан тавозе ва ҳалим бўлганликларида эканини баён қилиб, Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:

فَبِمَا رَحْمَةٍ مِنَ اللَّهِ لِنْتَ لَهُمْ وَلَوْ كُنْتَ فَظًّا غَلِيظَ الْقَلْبِ لَانْفَضُّوا مِنْ حَوْلِكَ

яъни: “Аллоҳнинг раҳмати сабабли (Сиз, эй, Муҳаммад,) уларга (саҳобаларга)мулойимлик қилдингиз. Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар” (Оли Имрон сураси, 159-оят). Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

إِنَّ اللَّهَ أَوْحَى إِلَيَّ: أَنْ تَوَاضَعُوا حَتَّى لَا يَفْخَرَ أَحَدٌ عَلَى أَحَدٍ ، وَلَا يَبْغِيَ أَحَدٌ عَلَى أَحَدٍ

(رواه الامام مسلم)

яъни: “Аллоҳ таоло менга: бир-бирингизга тавозе бўлинг, токи бирор кимса бирор кимсага мақтанчоқлик қилмасин, бирор кимса бирор кимсага тажовуз қилмасин, дея ваҳий қилди”(Имом Муслим ривояти).

  • Тўртинчиси, ўзгалар билан муомалада ростгўй ва самимий насиҳатгўй бўлиш. Аллоҳ таоло Ўзининг Каломида марҳамат қилади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا اتَّقُوا اللَّهَ وَكُونُوا مَعَ الصَّادِقِينَ

яъни: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва (имонда) содиқ кишилар билан бирга бўлингиз!” (Тавба сураси, 119-оят). Қуйидаги ҳадисда барчага бирдек самимий насиҳатгўй бўлиш – диннинг асоси эканлигини Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам баён қилганлар:

الدِّينُ النَّصِيحَةُ، قُلْنَا: لِمَنْ؟ قَالَ: لِلَّهِ، وَلِكِتَابِهِ، وَلِرَسُولِهِ، وَلِأَئِمَّةِ الْمُسْلِمِينَ، وَعَامَّتِهِمْ”

(رواه الامام مسلم)

яъни: “Дин насиҳатдир” – дедилар. Биз: Кимга? – деб сўрадик. У зот: “Аллоҳга, Китобига, Расулига, мусулмонларнинг раҳбарларига ва мусулмон оммасига”, – деб жавоб бердилар (Имом Муслим ривояти).

  • Бешинчиси, яхшилик ва тақво ишларида ўзаро ҳамкорлик қилиш. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шунга буюради:

وَتَعَاوَنُوا عَلَى الْبِرِّ وَالتَّقْوَى

яъни: “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз” (Моида сураси, 2-оят). Пайғамбар алайҳиссалом ҳадисларининг бирида айтадилар:

“انْصُرْ أَخَاكَ ظَالِمًا أَوْ مَظْلُومًا”، قِيلَ: يَا رَسُولَ اللَّهِ نُصْرَتُهُ مَظْلُومًا، فَكَيْفَ أَنْصُرُهُ ظَالِمًا؟، قَالَ: ” تَمْنَعُهُ مِنَ الظُّلْمِ، فَذَلِكَ نُصْرَتُكَ إِيَّاهُ”

(رواه الامام البخاري)

яъни: “Биродарингизга золим бўлса ҳам, мазлум бўлса ҳам, ёрдам беринг”, дедилар. Саҳобалар: Мазлумга қандай ёрдам бериш кераклигини биламиз. Аммо, золимга қандай ёрдам берамиз, дейишди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Зулм қилишдан тўсасиз ва ана шу унга берган ёрдамингиз бўлади”, – дедилар (Имом Бухорий ривояти).

  • Олтинчиси, ўзгаларга нисбатан ишончли ва омонатдор бўлиш. Зеро, омонатдорлик мўмин кишига хос бўлган ахлоқлардандир. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

“الْمُسْلِمُ مَنْ سَلِمَ الْمُسْلِمُونَ مِنْ لِسَانِهِ وَيَدِهِ، وَالْمُؤْمِنُ مَنْ أَمِنَهُ النَّاسُ عَلَى دِمَائِهِمْ وَأَمْوَالِهِمْ”

(رواه الامام الترمذي)

яъни: “Ҳақиқий мусулмон кишиунинг тилидан ва қўлидан бошқа мусулмонлар саломат бўлган киши. Ҳақиқий мўмин эсаодамлар унга қонлари ва молларини ишонган кишидир” (Имом Термизий ривояти).

  • Еттинчиси, аҳдга вафо қилиш. Аллоҳ таоло Қуръони каримда аҳдга вафо қилишга, ўзаро битим ва шартномаларни бажаришга буюрган. Жумладан, Моида сурасининг 1-оятини шундай бошлайди:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا أَوْفُوا بِالْعُقُودِ

яъни: “Эй, имон келтирганлар! Битимлар (аҳдлар)га вафо қилингиз!”. Бошқа бир оятда,

وَأَوْفُوا بِالْعَهْدِ إِنَّ الْعَهْدَ كَانَ مَسْئُولًا

яъни: “Аҳдга вафо қилингиз! Зеро, аҳд-паймон (қиёмат куни) сўраладиган ишдир”, деб марҳамат қилган (Исро сураси, 34-оят).

Муҳтарам азизлар! Юқорида санаб ўтилганлар энг зарур кундалик одоблардан баъзилари бўлиб, буларга риоя қилиш жамиятда тинчлик ва барқарорликни вужудга келишига сабаб бўлса, буларнинг зидди бўлмиш такаббурлик, ёлғончилик, гуноҳ ва маъсият ишларда ҳамкорлик қилиш (коррупция), омонатга хиёнат қилиш, ваъдага вафо қилмаслик каби салбий иллатлар ҳам борки, улар жамиятда парокандалик ва турли хилдаги жиноятларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлади. Шунинг учун динимизда амри маъруф ва наҳйи мункар фарз қилинганки, жамиятдаги кишиларнинг бир-бирларини доимо яхшиликка буюриб, ёмонликлардан қайтариб туришлари жамиятнинг гуллаб яшнаши, турмушда файз ва бараканинг зиёда бўлишига асосий омил бўлади.

Муҳтарам жамоат! Мавъизамиз давомида намоздаги аввалги сафга боғлиқ баъзи ҳукмлар ҳақида суҳбатлашамиз.

Сафларни аввалгисидан бошлаб тўлдириб бориш – суннатдир. Баъзи фуқаҳолар вожиб деганлар. Биринчи саф тўлмай туриб, кейинги сафга турилмайди. Иккинчи саф тўлмасидан учинчиси бошланмайди. Гоҳида иккинчи сафни масжидни бурчагидан бошлаганларни кўриб қоламиз, бу тўғри эмас. Аслида, иккинчи сафни тўлдириш имомнинг тўғрисидан бошланади ва икки томонни бир хил тўлдириб борилади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам биринчи сафда намоз ўқишнинг фазилати ҳақида шундай деганлар:

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар одамлар азон ва биринчи сафда қандай савоб борлигини билиб, кейин унга қуръа ташлашдан бошқа илож топилмаса, шубҳасиз, қуръа ташлаган бўлардилар. Агар намозга эртароқ боришда нима борлигини билганларида, унга мусобақа қилган бўлардилар. Агар хуфтон ва бомдодда нима борлигини билганларида, у иккисига эмаклаб бўлса ҳам келардилар” – дедилар”. (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган).

Яъни, қуръа билан бўлса ҳам, биринчи қатордан жой олардингиз, дейилмоқда. Ўзини аввалги сафлардан орқага тортаётган кишиларни кўриб, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадислари ёдимизга тушади: “…Бир қавм доим ўзини орқага тортаверади, Аллоҳ ҳам уларни орқага суриб қўяди”, – дедилар (Имом Абу Довуд ва Имом Байҳақий ривоятлари). Шунинг учун ким масжидга биринчи келса, аввалги қатордаги бўш жойларни тўлдириб бориши керак бўлади. Ўзини орқага тортиб, охирги сафга ўтириб олиш – суннатга хилофдир.

Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сафларни текисланглар, елкаларни баробар қилинглар, орадаги очиқ жойларни тўлдиринглар, биродарингиз қўлларига мулойим бўлинглар, шайтонга бўш жой қолдирманглар. Ким сафни уласа, Аллоҳ уни (ўз раҳмати билан) уласин. Ким сафни узса, Аллоҳ уни (раҳматидан) узиб қўйсин” – дедилар” (Имом Абу Довуд ривоят қилган).

Одамларга озор бериб, уларнинг елкаларидан ҳатлаб ўтиб, олдинга интилиш мумкин эмас. Абдуллоҳ ибн Буср разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Жума куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам хутба қилаётганларида бир киши одамларнинг елкасидан хатлаб олдинга ўта бошлади. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўтир, сен одамларга озор бердинг” – дедилар” (Имом Абу Довуд ривояти).

Сафда турганлар сафни тўғри тутиш билан бирга, ораларида очиқ жой қолдирмасликлари керак. Агар сафда бир киши сиғадиган миқдорда очиқ жой бўлса, уни орқадаги киши тўлдириши керак бўлади. Олдинги сафда очиқ жой бўла туриб, намоз ўқиш макруҳдир. Намозга киришгандан кейин олдинги сафда очиқлик пайдо бўлса, уни тўлдириш мақсадида олдинга юриш ҳар бир рукн (қиём, рукуъ)да икки қадамдан ошмаслиги шарт. Агар ошса, намоз бузилади.

Аллоҳ таоло юртимизни тинч, халқимиз фаровонлигини бунданда зиёда айласин. Омин!

Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “НАМОЗМЎМИННИНГ МЕЪРОЖИ” мавзусида бўлади. Жамоатга эълон қилишингизни сўраймиз.