Қуръони каримнинг Исро сураси 32-оятида Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган: “Зинога яқинлашмангиз! Чунки у фаҳш ва ёмон йўлдир”. Оятда “зино қилманглар” эмас, балки “Зинога яқинлашмангиз” дейилган. Мўмин-мусулмон одам зино қилиш у ёқда турсин, унинг яқинига ҳам йўламаслиги ҳамда зинога олиб борувчи барча нарсалардан ҳам узоқ бўлиши лозим.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Банда зино қилганда ундан имон чиқиб бошининг устида соябон каби бўлиб туради. Четлангач, имон унга қайтади” (Имом Ибн Можа ва Ҳаким ривояти).
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Қайси бир халқда фахш тарқалса, ҳатто уни очиқ-ойдин қилсалар, уларга ота-боболарида бўлмаган ўлат ва (бошқа) юқумли касалликлар тарқалади”. Имом Ибн Можа ва Ҳаким ривояти).
Ўтган 20-асрнинг 70 йилларида кўпчиликка фақат иккита жинсий алоқа орқали юқадиган касаллик маълум эди. Бизнинг давримизга келиб эса, уларнинг сони 25тадан ошган. Уларнинг баъзилари бутунлай бедаво ҳисобланиб, тиббиётчилар ҳалигача уларга қарши самарали даъвони ярата олишмади. Барчага маълуму машҳур орттирилган иммун танқислиги синдроми (ОИВ) ва генитал герпес вируси шулар жумласидан.
ОИТС бу – одам иммунитети танқислиги синдромидир. Бу одамнинг касалланганини билдиради. Ҳозирги вақтда кенг жамоатчиликни ташвишга солаётган муаммолардан бири СПИД касаллигидир. СПИД – бу орттирилган иммун танқислигидир.
СПИД – бу ХХ асрнинг охирида инсоният оламида энг муҳим ва энг даҳшатли воқеа ҳисобланади. Ҳозирги кунда эса ХХI АСР ВАБОСИ бўлиб қолди.
Ислом дини таълимотида инсон ўз сиҳат-саломатлигини сақлаш ва эҳтиёт қилиши асосий мақсадлардан бири эканлиги алоҳида таъкидланган. Шунинг учун ҳам киши ўз саломатлиги ҳақида қайғуриши ва унга асло бепарво бўлмаслиги алоҳида ўқтирилади.
Ушбу касалликда организмни ички ва ташқи зарарли таъсир этувчи таъсиротлардан ҳимоя қилувчи – иммун тизими вирус таъсирида издан чиқади.
Агарда биз тегишли чора-тадбирлар қўлламасак, ушбу масалада муаммоларнинг чегараси йўқ. Уни «эртага» қолдириш нафақат «қалтис» ваҳоланки «жиноят» ҳисобланиши керак, чунки, бепарво қараб турувчиларнинг “эртанги куни” ҳам қолмайди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, ҳозирги кунда дунёнинг 197 мамлакатида 2000 йил охиригача 5,5 миллион одам ОИТС билан хасталанган ва улардан 15,5 миллиони вафот этган. Ҳозирги кунда эса 90 миллион атрофида ҳисобланмоқда. Ўзбекистонда ҳам ОИТС билан касалланганларнинг сони ортиб бормоқда.
Вирус юққан шахснинг аҳволи узоқ муддат ичида меъёрида (нормал) ҳолатда бўлиши мумкин. Чунки, вирус организмга киргач ҳужайрага ёпишиб олиб, аста-секин ҳужайра ичига, асосан ядро аппаратига жойлашиб олади ва маълум давргача тинч ҳолатда сақланади. Касаллик ўткир ҳолатда ривожланадиган бўлса вируснинг инкубация (касаллик белгиси намоён бўлгунгача давр) даври 6-18 ой бўлиши мумкин.
Маълумки, ҳозирги даврда «Баркамол авлод тарбияси» ва жамият тараққиёти ўсиб келаётган ёш авлоднинг соғлом ва бардам бўлиши билан чамбарчас боғлиқ. Бунинг учун Мустақил Республикамизда давлатимиз томонидан барча шароит қулайликлар яратилган. Лекин инсон соғлигига путур етказувчи, ташқаридан мамлакатимизга кириб келаётган СПИД касаллиги энг оғир ва мураккаб муаммолардан бўлиб қолмоқда. «АСР ВАБОСИ» номини олган ушбу иммун, яъни касалликларга қаршилик етишмаслиги хасталигини олдини олиш, даволаш, тарқалишига йўл қўймаслик нафақат тиббиёт ходимлари, балки барча-барчамизнинг муҳим ишимиз бўлиб қолмоқда. Бунинг учун халқимизга СПИД ҳақида илмий асосланган, мукаммал тушунчаларни етказишнинг аҳамияти ниҳоятда катта.
1970 йилларнинг ўрталаридан бошлаб ер курраси бўйлаб кеза бошлаган СПИД, яъни ОИТС (орттирилган иммунитет танқислиги синдроми) пандемиясида 375000 кишининг шу хасталикка чалингани, 1988 йилнинг охирларига келиб 5 миллион кишининг у билан оғригани, БМТ-СПИД (ЮНЕЙДС) маълумотига қараганда, дунё бўйича тез тарқалаётгани, 2001 йилга келиб ВИЧ/СПИДни юқтириб олганларнинг сони 50 миллиондан ортгани аниқланган. Ушбу хасталик сабабидан 16,3 миллион киши вафот этган. Ватанимиз соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотлари бўйича, СПИД борасида мамлакатимизда ҳам нохуш эпидемиологик вазият вужудга келгани қайд қилинади. Республика бўйича 2000 йилнинг ноябр ойигача 11 та маъмурий ҳудудда 190 киши касалликни юқтириб олгани қайд қилиниб, улардан 14 нафари СПИД ташхисидан вафот этган. Уларнинг 75 фоизи инъекцион гиёҳвандлардир. Охирги 12 йил давомида 51 та вирус юқтирганлар аниқланган бўлса, 1999 йилда 25 нафар киши юқтириб олган, 2000 йилда эса 100 дан ортиқ ВИЧ/СПИД билан хасталанганлар қайд қилинган.
Аллоҳ таолонинг охирги дини Исломнинг ҳар замон ва ҳар маконга салоҳиятли эканини ҳозирги давримиз муаммоларини ҳал қилиш учун бўлаётган ҳаракатлар жараёнидан яққол тушуниб олса бўлади.
Тадқиқотлар бўйича охирги 35 йил ичида тиббиётга маълум бўлмаган кўплаб жинсий йўл ила юқувчи касалликлар пайдо бўлган.
Ислом олимлари эса бу муаммоларнинг ечими динимизда мукаммал тарзда баён қилиб берганини таъкидлайдилар. Динимизда ҳам моддий, ҳам маънавий поклик иймоннинг бир қисми даражасида эътибор қилинган. Қуръон оятлари, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларида мусулмонларни шахсий покликка буюрилган ва турли хил инсон табиатига зид бўлган амаллардан қайтарилган.
Мусулмонлар ўз вақтида бунга амал қилганлар ва дунёни тебратганлар. Бунга тарих гувоҳдир! Ҳозир ҳам ўз динининг кўрсатмаларига амал қилаётган мўминлар икки дунё бахтига эриштирувчи йўлдадирлар.
Фаҳшга берилган, ўз шаҳватларини тўғри бошқара олмаган, оила муқаддаслиги ва насл насаб поклигини фаҳмламайдиган инсонлар яшайдиган жамиятда бундай касалликлар албатта илдиз отади.
Ушбу касалликларга жинсий ҳаётини бетартиб олиб борадиган, Аллоҳдан қўрқмайдиган, оила муқаддаслигини билмайдиган, аёл ва эркак зотини ҳайвон даражасида кўрадиган, нафсини қондиришдан бошқа мақсади бўлмаган одамлар чалинадилар.
Ислом – тўлиқ ва барча нарсаларни ўзига қамраб олган ҳаёт йўлидир. Исломда ҳаётнинг ҳар бир соҳасида тўғриликда тенги йўқ кўрсатмалари бор. Ислом дини – инсон ҳаётининг бир қисми эмас, балки инсон ҳаёти Исломнинг бир қисмидир.
Шу жиҳатдан соғлиқни сақлаш, касалликларга қарши курашиш, шахсий гигиена ва тиббиётнинг бошқа жабҳаларида Исломнинг ўз кўрсатмалари бор. Исломнинг ушбу кўрсатмаларига амал қилган ҳар бир эркак ва аёлнинг жинсий ҳаёти тўлақонли бўлади.
Отабек домла Ёрқулов
Бўстон туман “Акбарали қори ота” масжиди имом хатиби.