بسم الله الرحمن الرحيم
اَلْحَمْدُ للهِ الَّذِي أَكْمَلَ لَنَا الدِّينَ وَأَتَمَّ عَلَيْنَا النِّعْمَةَ وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى رَسُولِهِ مُحَمَّدٍ وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ أَجْمَعِيْنَ وَمَنْ تَبِعَهُمْ بِإِحْسَانٍ إِلَى يَوْمِ الدِّيْنِ اَمَّا بَعْدُ
РАМАЗОН ҲАЙИТИНГИЗ МУБОРАК БЎЛСИН!
Муҳтарам жамоат! Тинч ва осуда юритимизда муборак Рамазон ойини мўмин-мусулмонларнинг кўтаринки руҳда, кечаларини қоим, кундузларини рўзадор ҳолда ўтказишга муваффақ айлаган Раббимиз Аллоҳга беадад ҳамду санолар бўлсин!
Барчаларимиз Рамазон ойи рўзасини бақадри имкон тутиб, Аллоҳ ваъда қилган буюк мукофотни қабул қиладиган Фитр Ҳайити кунида турибмиз. Ушбу муборак Рамазон ойи давомида барча мусулмонлар Аллоҳ таолонинг мадади билан ўзларига фарз этилган рўзаларини тутиб, кечаларни тоат ва ибодатда ўтказиб, масжидларда таровеҳ намозларида қориларимиз томонидан ўқилган ҳатми Қуръонларда иштирок этиб, имон ва ихлосларини янада зиёда қилдилар.
Йилдан-йилга юртимизда муборак Рамазон Ҳайитини халқимиз томонидан кутиб олиниши янада файзли ва баракотли тарзда бўлмоқда, десак ҳеч ҳам муболаға бўлмайди. Зеро Рамазони шариф кечаларида масжидларимизнинг намозхонлар билан тўлиб тошгани – бунинг яққол далилидир. Дунёдаги барча мусулмонлар қатори юртимиз мўмин-мусулмонлари ҳам бу улуғ айёмларни катта шодиёна ва хурсандчилик билан ўтказдилар.
Рамазон ойи – хайру саховат ойидир! Ислом динимиз наздида “хайру саховат” деганда, албатта, биринчи галда “муҳтожларга ёрдам бериш” тушунилади. Бу борада Аллоҳ таоло қуйидагича марҳамат қилади:
مَثَلُ الَّذِينَ يُنْفِقُونَ أَمْوَالَهُمْ فِي سَبِيلِ اللَّهِ كَمَثَلِ حَبَّةٍ أَنْبَتَتْ سَبْعَ سَنَابِلَ فِي كُلِّ سُنْبُلَةٍ مِئَةُ حَبَّةٍ
وَاللَّهُ يُضَاعِفُ لِمَنْ يَشَاءُ وَاللَّهُ وَاسِعٌ عَلِيمٌ (سورة البقرة/261)
яъни: “Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон зотдир” (Бақара сураси, 261-оят).
Аллоҳ таоло Ўз фазли билан бой қилган бандалари бўйнида нисобга етган молларидан муҳтож ва камбағалларга закот, хайр эҳсон қилишдан кўзланган асосий мақсад – жамиятда бир қадар тенглик пайдо қилиш, бой ва фақир ўртасида илиқ муносабатларни вужудга келтириш, Ислом динининг нақадар инсонпарвар, меҳр-мурувватга тарғиб қилувчи дин эканини намойиш қилиш, қолаверса, закот берувчининг молини поклаб, уни талофатдан асраш ва яна ҳам кўпайишига замин тайёрлашдир. Зеро Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:
“مَنْ نَفَّسَ عَنْ مُؤْمِنٍ كُرْبَةً مِنْ كُرَبِ الدُّنْيَا نَفَّسَ اللَّهُ عَنْهُ كُرْبَةً مِنْ كُرَبِ يَوْمِ الْقِيَامَةِ، وَمَنْ يَسَّرَ عَلَى مُعْسِرٍ يَسَّرَ اللَّهُ عَلَيْهِ فِي الدُّنْيَا وَالْآخِرَةِ، وَمَنْ سَتَرَ مُسْلِمًا سَتَرَهُ اللَّهُ فِي الدُّنْيَا وَالْآخِرَةِ، وَاللَّهُ فِي عَوْنِ الْعَبْدِ مَا كَانَ الْعَبْدُ فِي عَوْنِ أَخِيهِ” (رواه الإمام مسلم عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه).
яъни: Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир мўъминнинг дунё қайғуларидан бирини кетказса, Аллоҳ унинг қиёмат кунидаги қайғуларидан бирини кетказади. Ким дунёда бир қийналган (биродари)нинг оғирини енгил қилса, Аллоҳ таоло унинг қиёматдаги оғирини енгил қилади. Ким бир мусулмонни айбини беркитса, Аллоҳ таоло уни дунё ва охиратдаги айбларини яширади. Қайси бир банда биродарининг ёрдамида бўлса, Аллоҳ таоло ҳам унинг ёрдамида бўлади”, – деганлар (Имом Муслим ривояти).
Шу боис бу улуғ кунларни ғанимат билиб, савоб ва фазилатларидан умидвор бўлган ҳолда оиламиз, яқинларимиз, қўни-қўшни ва яқинларимиз ҳолларидан хабар олишимиз даркор бўлади. Зеро яхшиликнинг ажри – фақат яхшиликдир! Бундай эзгу ишларимиз учун хонадонимиз ва юртимизга файзу футуҳ ва баракотлар ёғилажак.
Яна шуни таъкидлаб ўтишимиз керакки, Аллоҳ таолонинг марҳамати билан ўтган ҳайит билан бугунги ҳайитимиз ўртасида юртимизда барчамизни хурсанд қиладиган кўплаб ижобий ўзгаришлар бўлди, ривожланиш ислоҳотлари кунма-кун кўз ўнгимизда намоён бўлмоқда. Шаҳар-қишлоқларимиз янада чирой очиб, обод бўлмоқда. Давлатимиз томонидан диний қадриятларимизга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Муборак Рамазон ойи кунларида азим Тошкентнинг марказида “Сузук ота” ва “Шайҳ Муҳаммад Содиқ” номидаги масжид-мажмуаларининг очилиши юртдошларимизнинг янада қувончига қувонч бағишлади. Бунинг учун Яратганга янада кўпроқ ҳамду сано айтишимиз лозим бўлади. Зеро Аллоҳ таоло Қуръони каримда:
وَإِذْ تَأَذَّنَ رَبُّكُمْ لَئِنْ شَكَرْتُمْ لَأَزِيدَنَّكُمْ وَلَئِنْ كَفَرْتُمْ إِنَّ عَذَابِي لَشَدِيدٌ (سورة ابراهيم/7)
яъни: “Яна Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир”, – деб марҳамат қилади (Иброҳим сураси, 7-оят).
Бизга берилаётган яхшиликларга имконимиз борича яхшилик, солиҳ амаллар билан жавоб қайтармоғимиз лозим бўлади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам бу маънони таъкидлаб, айтадилар:
“مَنْ لمْ يَشْكُرِ النَّاسَ لَمْ يَشْكُرِ اللهَ” (رَوَاهُ الإمام التِّرْمِذِيُّ عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضْيَ الله عَنْهُ)
яъни: Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Одамлардан миннатдор бўлмайдиган киши, Аллоҳга ҳам шукр қилмайди” (Имом Термизий ривоят қилган).
Қадрли юртдошлар! Биз Рамазон ойини қандай ихлос, ғайрат ва сабр билан ўтказган бўлсак, Рамазон Ҳайитини ҳам кўтаринки руҳда, унданда файзлироқ ўтказмоғимиз керак бўлади. Ҳайит бу – ҳурсандчилик, яхши кайфият ва эзгу ишлар! Рамазон ойи рўзасини эсон-омон тутиб олганимиз учун Яратганга шукроналар айтмоқлигимиз лозим. Шунингдек ушбу байрам кунларида ҳамма бир-бирини Ҳайит билан самимий муборакбод этадилар. Ҳайит намозини адо этгандан сўнг биринчи ўринда бизларни дунёга келишимизга сабабчи бўлган меҳрибон ота-оналаримизни, қариндош-уруғларимизни ҳамда ёру-биродарларимизни бориб зиёрат қиламиз. Уларни кўнглини сўраш ва кўтаришга ҳаракат қиламиз. Айрим сабаблар билан ўзаро аразлашган гина-кудратли кишилар ҳам бир-бирларини кечириб, ўзаро узрлар айтиб бир-бирларига қучоқ очадилар.
Бугун – барчага қувонч улашиладиган кун! Яна шуни ёдда тутмоғлигимиз лозим бўладики, Рамазон Ҳайити бўлганлиги учун бу улуғ кунларни азага, ҳафагарчиликка айлантирмаслик даркор. Ўтганларимизни эслаш, уларни руҳларини шод этиб, дуойи ҳайрлар қилишимиз – яхши амал, лекин булар Ҳайит байрамига таъсир қилмаслиги зарур.
Муҳтарам азизлар! Яна бир-бор диёримизда яшовчи барча мўмин- мусулмонларни Рамазон Ҳайити билан самимий муборакбод этамиз! Аллоҳ таолодан юртимиз ҳамиша обод, ҳалқимиз ўзаро тинч ва иттифоқликда яшашини, фаровон бўлишини сўраб дуои ҳайрлар қиламиз! Муҳтарам Юртбошимизнинг эл-юрт манфаати, юртимиз тинчлиги, мамлакатимиз тараққиёти йўлида олиб бораётган эзгу ишларида Яратган ёру-мададкор бўлишини сўраб қоламиз! Омин!
ИЛОВА: Рамазон ҳайитини ўқиш тартиби
Биринчи ният қилиб намозга киришилади. Яъни “Рамазон ҳайити намозини Қиблага юзланган ҳолда, имомга иқтидо қилиб, ўқишни ният қилдим” деб, “Аллоҳу акбар”ни айтиб қулоқ қоқилади.
Кейин қўлни қовуштириб, ҳар ким ичида сано дуосини ўқийди. Сўнгра имом қўлларини қулоқларига кўтариб, уч марта такбир айтади. Жамоат ҳам уч марта такбир айтадилар. Такбирлар орасида қўллар боғланмайди, ёнга ташланади. Тўртинчи такбир айтилгач, қўллар боғланади, қиём ҳолида турилади.
Кейин имом ичида “Аъузу”ни ва “Бисмиллаҳ”ни айтиб, овоз чиқариб “Фотиҳа” сурасини ва зам сурани ўқийди. Қавм жим эшитади. Қироатдан сўнг такбир айтиб, руку ва саждалар қилиниб, иккинчи ракатга турилади.
Иккинчи ракатда имом “Фотиҳа” сураси билан зам сура ўқийди. Қавм жим эшитади. Қироатдан сўнг рукуга бормай туриб, худди биринчи ракатдаги каби, имом ва жамоат биргаликда уч марта такбир айтадилар. Ва тўртинчи такбир айтилиб, рукуга борилади ва сажда қилинади. Саждадан сўнг ўтириб ташаҳҳуд, саловат ва дуо ўқиб, салом бериб намоз тугатилади.
Эслатма: Ҳурматли имом-домла! Рамазон ҳайитини адо қилишда ҳам имомга эргашганлар сафни тўғри олиши ва сафда туришда имомдан олдинга ўтиб кетмаслиги, шунингдек намоздаги барча амалларда (масалан, руку ва саждаларда) имомга эргашиб, уларни албатта имомдан кейин бажариш вожиблигини жамоатга тушунтириб қўйишингиз мақсадга мувофиқдир.
Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “ОТА-ОНА РОЗИЛИГИНИ ТОПИШ – ФАРЗАНДНИНГ БУРЧИ” мавзусида бўлади. Жамоатга эълон қилишингизни сўраймиз.