????????????????????????????????????

Бир ҳунар эгаси бўлса одам гар,
У эмас, кўрсатур ўзин шу ҳунар.

Саъдий Шерозий

Муқаддас динимиз бировга боқиманда бўлиш ёки тарки дунё қилишдан қайтарган. Тама инсон қадрини ерга уради. Инсон ҳаётда касб-ҳунар эгаллаб, неъматларга шукр қилиб яшаши, топганини хайрли мақсадларга йўналтириши ҳар банданинг бурчи эканлиги қуйидаги ояти каримада баён қилинган:
Яъни: “Аллоҳ сенга ато этган нарса билан охиратни истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин. Аллоҳ сенга эҳсон қилгани каби сен ҳам (одамларга) эҳсон қил! Ерда бузғунчилик қилишни истама! Чунки Аллоҳ
бузғунчиларни суймас” (Қасос, 77).
Касб қилиш ўта аҳамиятли бўлганидан Аллоҳ таоло пайғамбарларга ваҳий орқали баъзи ҳунарлардан таълим берган. Ҳазрат Одамга (алайҳиссалом) Аллоҳ таоло илм бериб, мингта касбни ўргатди. Ҳазрат Нуҳга (алайҳиссалом) эса бундай деган: Яъни: “Бизнинг кузатувимиз ва ваҳийимиз (амримиз) билан кемани ясагин” (Ҳуд, 37). Шу тариқа Нуҳ (алайҳиссалом) кема ясади.
Довуд (алайҳиссалом) ҳақида бундай деган: Яъни: “Унга (Довудга) сизларга зиён етишидан сақлайдиган совут ясаш санъатини таълим бердик. Бас, сизлар шукр қилувчимисиз?!” (Анбиё, 80).
Луқмони ҳаким ўғлига насиҳат қилиб, бундай деган: “Эй ўғилгинам, ҳалол касб қилиб, фақирликдан сақлан, чунки ким фақир бўлса, унга учта салбий ҳолат етади. Динида енгил-елпилик, ақлида заифлик ва мурувватсизлик. Булардан ҳам ёмонроғи, одамларнинг унга беписанд қарашларидир.”
Юртимизда касб билан шуғулланган одам алоҳида эъзозлаб келинган. Бу ўринда Амир Темур бобомизнинг: “Азми қатъий, тадбиркор, ҳушёр, мард ва шижоатли бир киши мингта тадбирсиз ва лоқайд кишидан афзалдир”, деган сўзларини эслаш кифоя. Абдураҳмон Жомий айтади:

Қайси фарзанд фазлу ҳунарсиз бўлиб,

Отадан лоф урса, одамдан йироқ.

Мевали дарахтнинг мевасиз шохи

Ўтиндан бошқага ярамас мутлоқ.

Ота-оналар фарзандларига одоб-ахлоқ билан бирга касб-ҳунар ўргатиши жуда муҳимдир. Фиқҳ китобиларида ёш болани қарамоғига олган васийга уни уйлантириш вожиб эмас, лекин касб ўргатиши вожибдир, дейилади.

Ибн Умардан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ таоло касб қилувчи мўминни яхши кўради”, деганлар (Табароний ривояти).
Касб-ҳунарли кишини Аллоҳ таоло яхши кўради. Касб-ҳунар сабабли уни ризқлантиради ва барака беради.
Ойшадан (розияллоҳу анҳо) ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким қўл меҳнати сабабли чарчаб, кунни кеч қилса, гуноҳлари кечирилган ҳолда кунни кеч қилибди”, деганлар (Табароний ривояти).
Қаранг, ризқ талабида меҳнат ва ҳаракат қилган инсоннинг гуноҳлари кечирилиши айтилмоқда. Демак, зиммасидаги вожиб нафақаларни адо қилиш
йўлида саъй-ҳаракат қилган киши икки дунё саодатига эришади. Бандага бундан ҳам ортиқ неъмат борми?!

“Бараканинг сири” китоби асосида тайёрланди

Мухамадали домла Ўсканов

Бўстон туман “Абдулазизхон”
масжиди имом-хатиби