Баҳсимизни “Ҳизбут-таҳрир” гуруҳининг ташкил этилиши асослари билан танишишдан бошлаймиз.

“Ҳизбут-таҳрир” нашрларидан бири бўлган “Сиёсий фикрлар” китобида, “Ҳизбут-таҳрир”ни ташкил этиш, аслида, Ислом умматига Қуръони каримнинг Оли Имрон сураси, 104-оятининг қатъий талаби билан фарз эканлигидан келиб чиқади деган ғояга урғу берилади. Иқтибос:

Аллоҳ таоло мусулмонларни яхшиликка даъват этиш, амри маъруф, наҳйи мункар қилиш ва ҳокимларни муҳосаба[1] қилишга буюргани каби, айни шу ишларни уюшма сифатида бажарадиган сиёсий уюшма ташкил этишга ҳам буюрди. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

“Сизлардан яхшиликка даъват этадиган, амри маъруф ва наҳйи мункар ишларини олиб борадиган (бир) уммат бўлсин!”

Яъни, эй мусулмонлар, ўзларингдан икки ишни бажарадиган жамоат ташкил қилинглар, бу ишнинг бири исломга даъват этиш, иккинчиси маъруфга буюриш ва мункардан қайтаришдир.

Жамоат ташкил этиш учун бўлган бу талаб қатъий талабдир… Бинобарин, оятдаги буйруқ вожиб маъносида бўлиб, жамоат ташкил этиш мусулмонларга фарзи кифоядир… Аллоҳ мусулмонлардан шу икки ишни бажариш учун ораларидан жамоат ташкил этишни талаб қилди. Демак, оятдаги буйруқ ушбу икки ишга эмас, жамоат ташкил қилишга қаратилгандир.

Жамоат эса жамоат сифатида иш бажара олиши ва жамоат сифатида қолиши учун муайян ишлар амалга ошиши зарур. Жамоат… аъзолари уюшма бўлишлари учун ўртани боғлаб турадиган робита мавжуд бўлиши шарт… Жамоат “жамоат” сифатини олмоғи учун итоат этиш вожиб бўлган амир ҳам лозимдир.

Бу икки сифат, яъни робита ва амирнинг мавжуд бўлиши: “Сизлардан бир жамоат бўлсин” маъносидаги оятнинг ўртани боғлаб турадиган робита ва итоати вожиб бўлган амирга эга жамоат бўлсин, деган маънода эканлигини англатади… Шундан маълум бўляптики, бу оят ҳизб ёки уюшма, ёки жамият, ёки ташкилот ташкил этишга буюряпти.

Оят сиёсий ҳизб ташкил этишга буюряпти. Чунки у жамоат ишини аниқ кўрсатиб берган. У иш эса Исломга даъват этиш ва маъруфга буюриш, мункардан қайтаришдир.

Маъруфга буюриш ва мункардан қайтариш иши умумий бўлиб, ҳокимларни амри маъруф, наҳй мункар қилишни ҳам ўз ичига олади. Бунинг маъноси уларни муҳосаба қилиш демакдир. Ҳокимларни муҳосаба қилиш сиёсий иш бўлиб, уни сиёсий ҳизблар бажаради ва бу уларнинг энг муҳим ишларидандир.

Демак, оят Исломга даъват этиш, маъруфга буюриш, мункардан қайтариш ва ҳокимларни қилган иш ва тасарруфларида муҳосаба қилиш учун сиёсий ҳизблар ташкил қилишга далолат қиляпти /иқтибос тугади/.

Ушбу иқтибосда бизни қониқтирмаётган жиҳати – ҳизб муассисларининг оят ҳукмига кўра мусулмонлар бир-бирларини маъруфга буюриш ва мункардан қайтаришлари лозим дегани эмас, албатта. Ҳокимларни амри маъруф ва наҳй мункар қилиш лозим деб таъкидлашларида ҳам эмас. Бу маъно тўғрилигини ҳамма тан олади. Чунки, аслида, амри маъруф ва наҳй мункар – мусулмон уммат зиммасидаги шундай бир муҳим рисолатки, шунинг учунгина бу уммат ҳаёт майдонига чиқарилган.

Лекин масала бошқа тарафда.

Маълумки, Тақиюддин Набаҳоний “Ҳизбут-таҳрир” партиясини 1953 йилда, яъни ҳижрий 1372 йилда ташкил этган. Ўшанда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафот этганларидан сўнг, тахминан, 1362 йил ўтган эди. Демак, бу иқтибосда эсга олинган ҳукм ҳаққоний бўлса, нима деб ўйлайсиз, шунча вақт, 1362 йил – қарийб 14 аср давомида, ислом умматида ҳеч ким бу оятга амал қилмай келганмикин?! Чунки Расулуллоҳдан кейин Абу Бакр даврида ҳам, Умар даврида ҳам, кейинроқ, умавийлару аббосийлар даврида ҳам, қўйингки, охирги усмонли халифалар давригача ҳеч бир замонда мусулмон олимлар тарафидан ушбу оятга амал қилиш мақсадида алоҳида бир жамоа тузиб, бир кишини унга амир этиб сайлаш фикри кўтарилмаган. Ҳолбуки, “Ҳизбут-таҳрир” таъкидлашича:

“Аллоҳ мусулмонлардан шу икки ишни бажариш учун ораларидан жамоат ташкил этишни талаб қилди. Демак, оятдаги буйруқ ушбу икки ишга эмас (яъни маъруфга буюриш ва мункардан қайтаришга эмас), балки жамоат ташкил қилишга қаратилгандир”.

Яна мазкур иқтибосдан маълум бўлишича, “Ҳизбут-таҳрир” муассисларининг фикрига кўра, уларнинг вазифаси – аслида маъруфга буюриш ва мункардан қайтариш эмас, балки фақат жамоа ташкил қилиш бўлиб чиқади.

Шуниси қизиқки, шу кунгача нафақат Ислом уммати уламолари, балки оддий фуқаролари ҳам, ушбу ҳамда бошқа оят ва ҳадислар талабига биноан тарих давомида доимо бир-бирларини маъруфга буюриб, мункардан қайтариб келганлар. Шу жумладан, “Ҳизбут-таҳрир” мутасаддилари куюнаётгани – султон эгаларини ҳам мудом муҳосаба қилганлар. Узоққа бормайлик, охир-оқибати Имом Бухорийни Бухорои шарифдан ҳайдаб чиқарилиши ва алломанинг Хартанг қишлоғида жон топширишлари билан якун топган келишмовчилик асосида ҳам, буюк аллома билан Бухоро амири ўртасидаги келишмовчилик туради.

Эътибор қилинг-а, барча уламолар маъруфга буюришни ва мункардан қайтаришни ўзларига вожиб деб билганлар, лекин бунинг учун аввал бирон сиёсий уюшма тузиб, бирларини амир сайлаб, унга итоатда бўлиш керак, йўқса, буни ҳечам амалга ошириш мумкин эмас, деган хаёлга бормаганлар.

“Ҳизбут-таҳрир” эса бунинг бир йўла тескарисини қилиб: бизнинг вазифамиз маъруфга буюриш ва мункардан қайтариш эмас, фақат шу иш билан шуғулланиш учун мўлажалланган сиёсий жамоа-уюшмани тузиш, демакки, битта амир сайлаб унга итоатда бўлишдир, дейди.

Хулоса қилиб айтишимиз мумкинки, Аллоҳ таолонинг: “Сизлардан яхшиликка даъват этадиган, амри маъруф ва наҳйи мункар ишларини олиб борадиган (бир) уммат бўлсин!” деган буйруғидан Аҳли сунна вал жамоа олимлари қуйидаги хулосани чиқаришган:

Биз мудом Исломга даъват билан, одамларни амри маъруф ва наҳй мункар қилиш билан шуғулланишимиз лозим. Шунда биз Аллоҳ таоло бу оятда зикр қилган “уммат”ни ташкил қилган ва Унинг амрини бажарган бўламиз.

“Ҳизбут-таҳрир” уламолари хулосаси эса мана бундай:

Амри маъруф, наҳй мункар қилишимиз, Исломга даъват этишимиз шарт эмас, аввал оятда назарда тутилган “уммат”ни, демакки, бирон сиёсий ҳизбни ташкил қилсак, кейинроқ, келажакда ҳизб шу ишни бажариши мумкин бўлади ва шу билан Аллоҳнинг амрини бажарган бўламиз.

Мана сизга мантиқий фикрлаш…

Одатда, “Ҳизбут-таҳрир” уламолари ўзларининг схоластикасини баён қилар эканлар, кўп ҳам оят ёки ҳадис келтириш билан “чалғийвермайдилар”. Мабодо, ноиложликдан келтирган ўринларида ҳам, аксарият ҳолларда, бу оят ёки ҳадислар айнан улар исбот қилишга уринаётган нотўғри тушунчаларга далолат қилган ёки қилмаслигини исбот қилувчи бирон факт келтирмайдилар, чунки аслан бундай фактларнинг ўзи йўқ.

Жумладан, юқоридаги “Оли Имрон” сурасининг 104-оятидан Ҳизб ташкил қилиш лозимлигини келтириб чиқарар эканлар, ушбу оят борасида мўътабар Ислом уламолари тарафидан айтилган биронта сўзни мисол келтирмайдилар. Масалан, юқоридаги иқтибосда келгани:

“Сизлардан бир жамоат бўлсин” маъносидаги оятнинг ўртани боғлаб турадиган робита ва итоати вожиб бўлган амирга эга бўлган жамоат бўлсин, деган маънода эканлигини англатади… Шундан маълум бўлаяптики, бу оят ҳизб ёки уюшма, ёки жамият, ёки ташкилот ташкил этишга буюраяпти.

“Ҳизбут-таҳрир” раҳнамолари ўзларининг бу оят айнан, ўртани боғлаб турадиган робитаси ва итоати вожиб бўлган амирига эга бўлган жамоат бўлсин, деган маънони англатади, деган сўзларига қайси олим шундай дегани, ким бу оятни амалда шу тарзда қўллагани ва алоҳида бир гуруҳ тузиш лозимлиги фикрини ёқлаб чиққани ҳақида биронта далил келтирмайдилар.

Аслида, Қуръони карим оятларини фаҳмлашда қандай йўл тутилиши керак? Уни “Ҳизбут-таҳрир” олимлари йўл тутганидек, фақат ўзининг раъйига мисол қилиб келтиравериш мумкинми?

Нақлий тафсирлар орасида энг машҳур ва аҳамиятлиси бўлган “Тафсирул Қуръонил Азим” китоби муаллифи, машҳур муфассир ва имом Ҳофиз Ибн Касир ушбу китоби муқаддимасида қуйидагиларни айтади:

 “Авваламбор Қуръонни Қуръоннинг ўзи билан тафсир қилиниши лозим… Агар бу иложсиз бўлса, (яъни Қуръоннинг ўзидан тафсир этадиган нарса тополмасанг) унда Суннатга мурожаат этасан. Зеро, суннат Қуръонни шарҳловчи ва изоҳ берувчидир. Имом Шофеъий айтган: “Расулуллоҳ нимага ҳукм қилган бўлсалар – демак у зотнинг Қуръондан ўзлари фаҳмлаганлари шу бўлган”… Агар бирор оятнинг тафсирини Қуръоннинг ўзидан ёки Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннатларидан топмасак, саҳобаларнинг тафсирига мурожаат қиламиз, чунки улар оят нозил бўлган вақтдаги махсус аҳволлар ва қариналарга шоҳид бўлган кишилардир. Уларнинг фаросатлари ўткир, илмлари соғлом, амаллари солиҳ кишилардир. Хусусан, улар орасида уламолари ва буюклари, масалан рошид халифалар ва ҳидоят топган имомлар аталмиш чаҳорёрлар, Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) ва ислом уммати донишманди ва илм денгизи деб танилган Пайғамбар (алайҳиссалом) амакисининг ўғли Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) сингари уламолари мавжуд бўлганки, унинг ҳақига Расулуллоҳ: “Парвардигоро, уни динда фақиҳ қилгин ва Қуръон таъвилини ўргатгин”, деб дуо қилганлар “ /иқтибос тугади/.

Қуръони каримни ўз раъйи билан тафсир қилиш тўғрисида эса Ибн Касир ўша жойда шундай дейди:

“Аммо, қуруқ ўз раъйи билан тафсир қилишга келсак, бу ҳаромдир. Сабаби Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ибн Аббос ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда айтганлар: “Ким Қуръон ҳақида ўз раъйидан бир гап айтса ёки аниқ билмаган нарсасини гапирса – дўзахдан ўзига жой ҳозирлайверсин” /Термизий ривояти/. Бошқа лафзда эса “Кимки Аллоҳ Китоби борасида ўз раъйидан келиб чиққан ҳолда бир гап айтса-ю, (иттифоқо) айтгани тўғри бўлиб чиқса ҳам, хато қилган бўлади”. Зеро, у ўзида шу ҳақда аниқ илм йўқ бўла туриб, худди бордек кўрсатган, унга буюрилмаган йўлни тутган бўлади. Шунинг учун мабодо айтгани тўғри чиққан тақдирда ҳам қилмиши хато саналади. Чунки у ишга ўз дарвозаси орқали кирмаган эди. Унинг мисоли худди ўзи жоҳил бўлатуриб, одамлар орасида ҳакамлик қилган кишига ўхшайди. Бундай киши, мабодо чиқарган ҳукми тўғри бўлган тақдирда ҳам, барибир дўзахга қулайди. Яна, Аллоҳ таоло қазф қилганларни[2]“Агар гувоҳларни келтирмасалар, демак, Аллоҳ наздида улар ёлғончилардир”, деб айтди. Демак, бировни қазф қилган киши – аслида, ҳақиқатан ҳам зино қилган одамнинг айбини айтганига қарамасдан – ёлғончидир. Чунки у аниқ билган нарсаси хабарини берган бўлса-да, хабар қилиш унинг учун ҳалол бўлмаган нарса ҳақида хабар қилган эди. Бу ҳам, (яъни раъйи билан тафсир қилган одам) ўзи аниқ билмаган нарсани бўйнига олиб ортиқча такаллуфга йўл қўйди. Валлоҳу аълам.

Шу боисдан кўпчилик уламолар бирон оят тафсиридан – агар у ҳақида ўзида аниқ илм бўлмаса – ўзларини олиб қочганлар.

Анас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Биз Умар ибн Хаттоб ҳузурида эдик, унинг кўйлаги орқасида тўртта ямоғи ҳам бор эди. У: “Ва факиҳатан ва абба” (Абаса, 31) оятини қироат қилиб: “Абба”си нимайкин?” деди-да, сўнгра: “Ахир бу такаллуфнинг ўзгинаси-ку[3]. Нима бўпти, энди сен шуни билмасанг?” деб ўзига дашном берди”…

Иброҳим Таймий айтадики, айни шу оят ҳақида Абу Бакр (розияллоҳу анҳу)дан сўралганида: “Қайси Осмон менга соя солгай, қайси Ер мени кўтаргай, агар Аллоҳ Китобидаги бир оят ҳақида ўз раъйим ила ёки аниқ билмаган нарсам ила гапирсам?!” деб жавоб берганлар.

Ибн Абу Мулайка: “Бир оят ҳақида Ибн Аббосдан сўрашган эди, у киши бирон нарса дейишдан бош тортдилар. Ва ҳолбуки, агар шу оят ҳақида бировингиздан сўралганида – албатта нимадир деган бўлардингиз”, деди.

Саъид ибн Мусайяб ҳам Қуръондан фақат аниқ билган нарсаси ҳақида гапирар эди.

Убайдуллоҳ ибн Умар айтади: “Мадина фуқаҳоларини ўзим кўрдим, барчалари тафсир борасида сўзлашдан ҳайбат қилишар эди. Солим ибн Абдуллоҳ[4], Қосим ибн Муҳаммад[5], Саъид ибн Мусаййаб[6], Нофеъ[7] ўшалардан эди”.

Ушбу саҳиҳ асарлар ҳамда салаф имомларидан шунга ўхшаш ривоятлар барчаларининг тафсир борасида аниқ билган нарсаларидан нари ўтмаганларига ҳамл қилинади…” /иқтибос тугади/.

Шунинг учун Қуръондан оят келтирган киши учун, бу оят ҳақида фақат юқорида Ибн Касир зикр этганлари – Қуръон, суннат ва саҳобалар тафсиридан ёки фақат шуларга суяниб тафсир қилган салаф уламолари сўзларидан келиб чиқиб гапириш ҳалол бўлади.

Келинг, “Ҳизбут-таҳрир” мутасаддилари ўрнига шу ишни ўзимиз қилиб кўрамиз ва ушбу оят тафсири ҳақида Аҳли сунна вал жамоанинг кўзга кўринган муфассирлари ва олимлари келтирган фикрлар билан танишиб чиқамиз.

Ҳофиз Ибн Касирнинг Оли Имрон сураси 104-оятига қилган тафсиридан иқтибос келтирамиз:

“Сизлардан бир уммат бўлсин” – Яхшиликка чақириш ҳамда амри маъруф ва наҳй мункар ишини бажаришни зиммасига олган бир уммат бўлсин. Заҳҳок айтади: улар саҳобаларнинг ва ровийларнинг хоссалари, яъни уламоларидир. Ушбу оятдан кўзланган мақсад – шу уммат ичидан бу ишга мутасадди бўлувчи бир фирқа-жамоа бўлсин. Ва ҳолбуки, аслида, бу иш умматнинг ҳар бир аъзосига баҳоли қудрат фарз этилган бўлса ҳам. Зеро, имом Муслим ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Орангиздан кимда-ким бирор мункар ишни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин, башарти қўли билан ўзгартиришга қодир бўлмаса – тили билан ўзгартирсин, шунга ҳам қодир бўлмаса– қалби билан ўзгартирсин. Мана шу, яъни мункарни қалб билан ўзгартириш, шу мункарнинг бўлмаслигини чин дилдан хоҳлаш – Имоннинг энг заиф кўринишидир” /иқтибос тугади/.

Шайх Абдураҳмон Саъдий тафсиридан иқтибос:

“Аллоҳ мусулмонларга Исломга тўла амал қилишларини амр этди. Одамларнинг ўз вожиботларига амал қилишларини таъминловчи омиллар ичида энг муҳими эса – шубҳасиз, қолган мусулмонлар зиммасидан даъват масъулиятини соқит эта оладиган даражадаги даъватчи кишилар гуруҳининг уммат ичида мавжудлигидир. Бу даъватчилар динни ёйиш, одамларга дин усуллари (яъни ақидага оид) ва фаръий (яъни фиқҳга оид) масалалари ҳақида таълим бериш йўли билан, атрофдагиларни яхшиликка чақиришлари лозим. Улар одамларни шариат ҳам, демакки ақл ҳам маъруф-яхшилик деб айтган ишларга даъват этишлари, шунингдек, шариат ва ақл бирдек инкор этажак мункар ишлардан қайтаришлари керак…

Оятда назарда тутилган даъватчилар сирасига, шубҳасиз, диний уламолар кирадиларки, улар шариат билимларини ўзлари ўрганадилар, бошқаларга ҳам ўргатадилар, умуман жамият учун ҳам, алоҳида шахслар учун ҳам зарур бўлган хутба-маърузалар қилиб, одамларни намоз ўқишга, закот беришга, зиммаларидаги вожиботларини адо этишга, ёмон ишлардан тийилишга даъват этадилар. Жамиятни ёки алоҳида шахсларни эзгуликка чорловчи, одамларга манфаат келтиражак насиҳатлар қилувчи ҳар бир мусулмон шундай даъват аҳлидан ҳисобланади” /иқтибос тугади/.

Кўриниб турибдики, Ислом уламолари бу оятдан “Ҳизбут-таҳрир” раҳнамоларининг шариат қонун-қоидаларига эмас, балки фалсафий сўз ўйинига биноан истинбот қилиб чиқарган ҳукмни – “сиёсий ҳизб тузиш вожиб”, деган ҳукмни келтириб чиқармаганлар.

Йўқса, биз ислом тарихида асрлар оша узилмай давом этиб келган сиёсий ҳизблар ва жамоаларнинг гувоҳи бўлган бўлур эдик. Ва ҳолбуки, башарият тарихида мусулмон уламолари каби ўз уммати тақдири ҳақида қайғурган, бунинг учун керак бўлганда жонини хатарга қўйиб, амир ва подшоҳларга ваъз-насиҳат қилган, уларни муҳосаба қилиб турган фидойи инсонлар бўлмаган.

Зеро, аввалда ўтган умматлар олимларининг аксарияти (албатта ҳаммалари эмас) Аллоҳнинг оятларини арзимас дунё матоси учун сотганлари, обрў-эътиборга эришиш ёки борини сақлаб қолиш учун Аллоҳнинг буйруқ ва қайтариқларини бузганлари, ҳалол ва ҳаром борасида ўзбошимчалик қилганлари боис, ўз умматларининг энг ёмон одамлари бўлишган ва шунинг учун тарих уларни фақат лаънат билан эсга олади.

Аммо Ислом умматининг ҳақиқий уламолари – Муҳаммад умматининг энг яхши фарзандлари бўлишди. Улар ҳеч бир ўринда Аллоҳнинг оятларини арзимас дунё матоси учун сотмаганлари, Аллоҳнинг ҳудудларини бузмай сақлаганлари, ҳалол ва ҳаром борасида табдилга йўл қўймаганлари ва Қуръони карим ҳамда Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннатларини ўзгармаган, пок ва тиниқ ҳолда келгуси авлодларга тўғри етказганлари туфайли барча мусулмонлар томонидан асрлар давомида яхшилик билан ёдга олиб келинмоқда ва нафақат Ислом уммати, керак бўлса, бутун башар авлоди, то қиёматга қадар уларнинг ҳақига дуои хайрлар қилишга бурчлидир. Валлоҳу аълам.

Манбалар асосида

Баҳриддин Якубов,

Шаҳрихон тумани

«Қора-кўрпа»

масжиди имом-хатиби