Ислом дини таълимотларида хайр – эҳсон, садақа қилиш, кишиларга меҳр – мурувват кўрсатиш, мухтожлар холидан хабардор бўлиш, ночор ва фақир кишилага хамиша ёрдам кўрсатиш каби чиройли ва солиҳ амаллар қилишга доир кўрсатма ва йўл йўриқлар мавжуд.
Аллоҳ таоло ўзининг китоби Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: Яъни: “Сиздан эй Муҳаммад қандай эҳсон қилишни сўрайдилар. Айтинг: “Ниманики хайр – эҳсон қилсангиз, ота-она, қариндошлар, етимлар, мискинлар ва мусофирларга қилингиз! Аллоҳ ҳар қандай эҳсонларингизни билиб турувчидир!” ( Бақара сураси, 215-оят).
Шунингдек: “Молларини Аллоҳнинг йўлида сарфлайдиганларнинг мисоли худди ҳар бошоқда юзтадан дони бор, етти бошоқни ўстириб чиқарадиган бир дона донга ўхшайдир. Ва Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишисига янада кўпайтириб берадир. Ва Аллоҳ қамрови кенгдир, ўта билувчидир”. ( Бақара сураси, 261-оят).
Ҳар бир жамиятда иқтисодий масала муҳим ўрин тутади. Аллоҳнинг дини Исломда ҳам ушбу масалага алоҳида эътибор берилади. Ҳар бир жамиятда ижтимоий тенглик ҳукм суриши учун иқтисодий жиҳатдан етарли имконга эга бўлган шахслар ўзларининг бу соҳадаги ночор биродарларига молиявий ёрдам қилиб туришлари керак.
Шу нуқтаи назардан Исломда фарз, вожиб қилинган закот, садақаи фитр каби молиявий ибодатлардан ташқари, имкони бор кишиларни ихтиёрий хайр-эҳсон қилиб туришга ҳам қаттиқ тарғиб қилинади. Бу ишнинг аҳамияти нечоғли эканини унинг Қуръони Каримда «Аллоҳнинг йўлида мол сарфлаш» деб аталишиданоқ билса бўлади. «Молларини Аллоҳнинг йўлида сарфлайдиганларнинг мисоли худди ҳар бошоқда юзтадан дони бор, етти бошоқни ўстириб чиқарадиган бир дона донга ўхшайдир».
Демак, камбағал кишига молиявий ёрдам берган киши ёки жамоат фойдасига пул сарфлаган одам Аллоҳнинг йўлида мол сарфлаган бўлади.
Аллоҳнинг йўлида мол сарфлашнинг фойдаси ушбу оятда ажойиб услубда васф қилинмоқда. Сиртдан қараганда, хайр-эҳсон қилган кишининг мол-дунёси камайганга ўхшайди. Аслида эса хайр-эҳсон худди ерга экилиб, ўзини фидо қилган бир донга ўхшайди. Ўша бир дона дон кейинчалик униб чиқиб, кўпайганидек, хайр-эҳсон қилинган мол ҳам бир неча чандон кўпайиб кетади. Уни Аллоҳнинг Ўзи кўпайтириб беради. Донни мисол келтиришдан мурод Аллоҳнинг йўлида сарф қилинган битта нарса етти юзтага кўпайишига урғу беришдир. Аммо бу ҳам охирги чегара эмас: «Ва Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишисига янада кўпайтириб берадир».
Демак, Аллоҳ таолонинг йўлида сарфланган бир дона молнинг савоби етти юз марта кўпайтириб берилиши ҳам охирги чегара эмас. Аллоҳ таоло хоҳласа, етти юздан яна неча чандонга кўпайтириб бераверади.Чунки:«Ва Аллоҳ қамрови кенгдир, ўта билувчидир».
У Зотнинг қамрови кенг, Ўз қамровидаги мулкидан қай бандасига қанча беришини Ўзи яхши билади. У Зот ҳар бир нарсани ўта яхши билувчидир.
Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло: “Эй одам боласи, эҳсон қил! Шунда Мен ҳам сенга эҳсон қиламан”, – деб марҳамат қилган. Муттафақун алайҳ.
Расуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам умматларига кўп хайр эҳсон қилишга тарғиб қилганлар.
Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳам инфоқ-эҳсон қилишликка буюриб Адий ибн Хотим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай мархамат қилганлар:
“Хурмонинг ярмини инфоқ-эҳсон қилиб бўлса ҳам дўзахдан сақланинглар”.
Аллоҳ таоло эҳсон қилишга буюрган экан бу фақат моддий нарсаларда бўладими? Ундай бўлса жаннатга фақатгина бойлар кирадику? деган саволлар пайдо бўлади. Йўқ! хайр-эҳсон қилиш фақатгина бирор нарсасини бошқа бир кишига беришдан иборат эмас.
Эҳсоннинг турлари кўп: Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш ҳам-эҳсон, бировни кечириш ҳам-эҳсон, бошга келган мусибат ва озорларга сабр қилиш ҳам – эҳсон, ҳаттоки бировга яхши муомалада бўлиш ҳам эҳсондир. Демак, эҳсонни бой ёки камбағал бўлишидан қатъий назар ҳар қандай одам қила олиши мумкин.
Аллоҳ хайр-эҳсон қилувчи бандаларининг молига барака берибгина қолмай, дунё ишларида ҳам яхшиликларни насиб этади, бошига тушган мушкулотлардан тезда фориғ бўлишига мададкор бўлади. Ривоятлардан бирида шундай дейилади.
Бир хотин боласи билан кетаётган эди, бўри унинг боласини олиб қочди. Хотин бўрининг орқасидан кетаётиб, битта нонини таом сўраган гадога берди. Шунда бўри қайтиб келиб, боласини унга топширди. Ғойибдан овоз келди: “Бир луқмага – бир луқма”.
Ҳақиқатдан ҳам аёлнинг қўлидаги нон унинг луқмаси эди, бўрининг оғзидаги боласи эса бўри учун таом эди. Хотин атиги биргина нонини эҳсон қилиш билан фарзандини бўрига егулик бўлишдан қутқариб қола олди.
Халқимиз азал-азалдан меҳри дарё, қўли очиқ, саховатли бўлганлар. Мухтожларга, мискинларга, ночорларга доимо ёрдам қўлини чўзиб, етимлар бошини силаганлар.
Айниқса, иккинчи жаҳон уруши вақтида уйсиз, бошпанасиз, етим қолган болаларни, ночор кимсаларга уйини тўридан, бағридан жой бериб, бир майизни қирқ бўлиб одамийликнинг юксак намуналарини кўрсатганлар.
Аллоҳ таоло ҳаммамизни берадиган эҳсон ва мурувватларимиз, яхшилик ва садақотларимизни ихлос ва чин дилдан ато этувчи саҳоватли инсонлар сафидан жой олишимизни насиб этиб, Ўзи исрофдан сақланишимиз учун мадад берсин!
Умиджон домла Усмонов,
Бўстон туман “Юнусобод” жоме масжиди имом-хатиби