Баъзан инсон нафси турли нарсаларни хаёл ва орзу қилади: «Қанийди қўлимда мана бунча пул пайдо бўлиб қолса, уй қурардим, машина олардим, саёҳат қилардим», деган хаёллар суради.
Ҳолбуки, агар инсонга тилаган нарсаси меҳнатсиз, ҳаракатсиз, бирор тадбирсиз берилаверса, унда дунёнинг низомига путур етар, инсонлар маънавий жиҳатдан бузилиб, касбу кор қилишга, илм ўрганиб олим бўлишга интилиш каби инсоний фазилатларга ўрин қолмаган бўлар эди.Шунинг учун Аллоҳ таоло бу дунёда ҳамма нарсани муайян ўлчов билан нозил қилади.
Аллоҳ таоло Ҳижр сурасида марҳамат айтади:
وإن من شيء إلا عندنا خزائنه وما ننزله إلا بقدر معلوم
“Ҳеч бир нарса йўқки, унинг хазиналари Бизнинг ҳузуримизда бўлмаса. Биз уни фақат маълум миқдорла нозил қилурмиз” (21-оят).
Шу боис ҳам одатда ҳеч қандай меҳнат қилмаган инсонга катта дунёвий неъмат берилмайди.
Ҳар бир нарсага эришишда озми кўпми меҳнат талаб қилинади. Инсон Аллоҳга таваккул ва дуо қилиб, ризқ талабида ҳаракат қилса, албатта, ноумид қайтмайди, меҳнатлари бесамар кетмайди, иншааллоҳ.Биби Марям алайҳиссалом билан бўлган воқеа ҳақида фикр юритсак, бу ҳақиқат кўз ўнгимизда янада равшанроқ намоён бўлади.
Марям онамиз Ийсо алайҳиссаломни дунёга келтирар эканлар, бир томондан қавмдошларининг иғво ва ғийбат қилишларидан қўрқиб, бошлари оққан томонга юрар, яна бир томондан тўлғоқ азобларидан қийналар, ўта аянчли аҳволга тушган эдилар. Шу тариқа юриб-юриб, қуриган ёки мевасиз бир хурмо дарахтининг тагига келиб қоладилар. Ундан уёғига юролмайдилар. Шунда Аллоҳ таоло Жаброил алайҳиссалом орқали Марямга бундай амр қилади:
وَهُزِّي إِلَيْكِ بِجِذْعِ النَّخْلَةِ تُسَاقِطْ عَلَيْكِ رُطَباً جَنِيّاً
«Хурмо танасини ўзинга силкит, сенга янги мева туширади», (Марям сураси, 25-оят).
Муфассирларнинг сўзига кўра, Марям онамиз ўша дамда эндигина кўзлари ёриб, Ийсо алайҳиссаломни дунёга келтирган ва ўта заиф, бемажол ҳолда мазкур дарахт танасига суяниб ўтирган эдилар.Аллоҳ таоло у кишига каромат тарзида ҳалиги мевасиз хурмо шохларида сархил пишган меваларни, шундоққина ёнларида эса зилол сувли ариқчани пайдо қилади.
Аллоҳ Таоло «Хурмо танасини ўзинга силкит, сенга янги мева туширади», деб нидо қилди. Одатда дарахт танасини силкитиб, мевасини тушириш учун катта куч талаб қилинади. Шу боис, одамлар дарахтни пастидан эмас, тепа тарафидан, бирор сўйил ёрдамида ёки шохнинг тепасига чиқиб силкитишади.Лекин нифос вақтидаги дармонсизлик ҳолатида мева Марям онамизнинг олдиларига тушиб, улардан ейишлари учун у кишидан дарахтни силкитиш талаб қилинади. Ҳолбуки, мевасиз дарахтда бир зумда шиғил меваларни пайдо қилиб, дарахт остидан бир онда булоқ чиқариб берган Зот ўша меваларни Марям онамизнинг шундоқ кафтларида пайдо қилишга ҳам қодир эди.Бироқ ундай қилмасдан, дарахтни силкитишга буюрди.Бунда қандай ҳикмат бор?Бунда бирор натижага эришиш учун сабабларни ишга солиш, қандайдир меҳнат қилишга ишора бор. Инсон ҳеч бўлмаса ниманидир «силкитиши» керак, қандайдир «ҳаракат» қилиши керак, ана шунда ҳаракатига барокат беради, иншааллоҳ.Лекин «олма пиш, оғзимга туш», деб ётаверса, тайёр нарсадан ҳам қуруқ қолиши мумкин.Ҳаракат бир сабаб, берувчи эса Аллоҳ таолодир. Бу -Аллоҳнинг фоний дунёдаги қонуни. Лекин инсон ҳеч қандай сабабни ишга солмай, ҳатто дуо ҳам қилмай, ҳаракатсиз ўтираверса, нима учун Аллоҳ айнан ўша дангаса ва эркатой бандаси учун табий қонунларни бузиб, мўжиза кўрсатиши керак? Аллоҳ бунга мажбур эмас.
Ислом динимиз дангасалик, танбаллик ва боқимандаликни қоралайди. Шаръан харом қилинган эгри йўллар билан дунё ортиришдан ҳам қайтаради.
Ибн Масъуд розияллооҳу анҳудан ривоят қилинади:«Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам: «Касб-кор эгаллаш ҳар бир мусулмонга фарздир», дедилар».
Ҳар бир мусулмон ҳалол меҳнат қилиб, Ватанимизни ободлиги, эл равнақига ўз ҳиссасини қўшмоғи даркор.
Б.Қодиров
Бўстон туман бош имом хатиби