Шариатимизда ҳар бир нарсани меъёрида қилиш тавсия этилади. Бир нарсани жуда ошириб ҳам юборилмайди ва аксинча йўқ даражага ҳам тушириб юборилмайди. Балки ўрта меъёрда адо этилади. Меъёрдан ошириб юборишни “исроф” дейилади.
Қуръони каримда бу ҳакда хабар келгандир. Аллоҳ таоло “Исро” сурасида марҳамат қилади: “(Бахиллик қилиб) қўлингизни бўйнингизга боғлаб ҳам олманг. (Исрофгарчилик қилиш билан) уни бутунлай ёйиб ҳам юборманг! Акс ҳолда, маломат ва маҳрумликда ўтириб қолурсиз” (Исро сураси, 29-оят).
Ўртача, мўътадил туриб, хасислик ҳам, исроф ҳам қилмай молини Аллоҳ таоло айтганидек, шариат кўрсатганидек тасарруф этса, Аллоҳ унинг садақаси ва хайр-эҳсонининг ўрнига бандаси кутмаган томондан яна бошқа неъматлар ато этиб, баракасини беради.
Исрофгарчиликка йўл қўймаслик кишининг дунё ва охиратдаги ҳасрат надоматлардан сақловчи омиллардан биридир. Абу Барза Асламийдан ривоят килинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Киёмат куни ҳар бир инсон (тўрт нарса ҳакида) сўралмагунича жойидан жилмайди: Умрини қандай ўтказгани, илмига қандай амал қилгани, молини қаердан топиб ва қаерга сарфлагани, жисмини нима билан қаритгани” (Имом Термизий ривояти).
Демак ҳар бир нарсанинг заволи, яъни исрофи бор экан. Молни зое қилиш уни ортиқча ёки кераксиз нарсаларга ва Аллоҳ ман этган йўлларга сарф этишликдир, вақтнинг заволи эса уни фойдали амаллар билан ўтказмасликдир. Илмни зое килиш эса унга амал этмасликдир, умрни заволи эса уни итоатсизликда итмомига етказмоқликдадир.
Бугунги кунда баъзи ёшларимиз ўз ёшликларини илм олишликка сарф этиш ўрнига интернетдаги турли кераксиз, беҳуда нарсаларни томоша қилиш, инсон маънавияти ва эътикодига салбий таъсир этувчи турли ўйинларни ўйнашлик билан ўз ёшликларидаги олтин даврларини зое этишмокда. Минг афсуслар бўлсинки, ота-оналар ўғлим ёки қизим замон билан ҳамнафас юрсин, ўртоқларидан ортда қолмасин деган турли важлар билан ўсиб келаётган ёшларимизнинг бахту иқболини ана шундай “смартмонлар” билан белгилаб қўйяпмиз. Айрим оилаларда шу сабабдан келиб чиқаётган натижалар салбий томонга қараб кетаётганлигининг гувоҳи бўлиб турибмиз.
Ҳар бир нарсанинг исрофи бор, ҳар бир қилган ишимиз ҳакида ва ҳар бир ўтказган вақтимиз ҳақида, ҳар бир сарфлаган маблағимиз ҳакида сўралгувчимиз. Шундай экан, барчаларимиз Аллоҳ таоло томонидан бизга инъом этиб берилаётган умримиз ва ризқимизни беҳуда нарсалар билан зое этмасликка аввал ўзимиз амал этиб, сўнг фарзанларизга ўргатсак, ҳаётимиз бунданда гўзал ва фаровон бўлади, деган умиддамиз. Аллоҳ барчаларимизни ўз ҳидоятида собитқадам айласин!
Отабек домла Ҳусанов,
Олтинкўл тумани “Жалабек ота”
жоме масжиди имом-хатиби.