Ҳақ таоло ҳар биримизни яратиб, бизлар учун фойдали бўлган нарсаларга буюриб, дунё ва охиратда зарар етказадиган нарсалардан қайтариб қўйди. Ҳақ таоло ҳар бир бандасини яратиб, унинг тақдирини белгилаб қўйган. Лекин улар учун ихтиёр жузини ҳам ато қилгандир. Бас шундай экан кимки яхши амалларни қилса ўзи учун манфаатли ва аксинча ёмон амалларни қилса дунё ва охиратда қаттиқ азобланишлар бордир. Ҳар ким нимаики қилса ўзи учундир. Бу хусусида Роббил оламийн ўз Каломи шарифида шундай марҳамат қилди:
فمن يعمل مثقال ذرّة خيرًا يره * و من يعمل مثقال ذرة شرّا يره
Маъноси: “Бас кимики (дунёда) зарра миқдорида яхшилик қилган бўлса, (қиёмат куни) уни кўради. Кимики зарра миқдорида ёмонлик қилган бўлса ҳам, уни кўради” (“Залзала” сураси 7-8 оятлар), деб марҳамат қилган.
Дунёдаги ҳар бир нарсани муқобилида бошқа бир нарса туради. Оқни қораси, каттани кичиги, ширинни ачиғи, бахтли кунларни қаршисида омадсиз кунлар бўлгани сингари фойданинг зарари мавжуд. Дини Ислом бизларга фойдали бўлган нарсаларни ибодат даражасига кўтариб қўйгандир. Аксинча танамизу руҳимизга салбий таъсир этадиган амаллар ва нарсалардан қайтариб қўйгандир.
Булар жумласидан Аллоҳ таоло бандаларига рамазон ойида бир ой рўза тутишликни фарз қилган. Рўза тутишлик замонамизда тараққий этган медицинанинг таъкидлашича ҳам инсон организмига катта фойдаси бор.
Роббимиз бизларни ёлғончилик, чақимчилик, етимларни ҳаққини ейишлик, қимор ўйнаш, зино ва ароқ ичишлик каби ҳозирги кунда барча миллатларни қийнаб келаётган ёмон иллатлардан қайтаргандир.
Биз қуйида сиз азизлар учун Худойи таоло ҳаром қилган ароқ ҳақида бир оз маълумотлар тақдим қилмоқчимиз. Аллоҳ азза ва жалла ҳаммамизни мункар ишлардан ўзи сақласин!
Шариатимиз ман қилган нарсалардан бири бўлмиш хамрнинг ҳаром қилиниши бир оят билан ҳал этилмаган, балки у уч босқичда таъқиқланган, яъни ҳаром қилинган.
Аввалгиси Умар ибн Хаттоб розиянлоҳу анҳу ва баъзи бошқа саҳобалар май ақл ва бойликни кетказувчи офат эканидан пайғамбаримиз соллАллоҳу алайҳи васалламга шикоят қилганларидан кейин “Бақара” сураснинг 219-ояти қуйидагича ваҳий қилинган:
يسئلونك عن الخمر و الميسر قل فيهما اثم كبير
Маъноси: “Сиздан май (маст қилувчи ичимлик) ва қимор ҳақида сўрамоқдалар. Айтинг: «У иккисида катта гуноҳ ва одамлар учун (баъзи) фойдалар бор. Иккисининг гуноҳи фойдасидан каттароқдир»”.
Иккинчи босқич – Абдураҳмон ибн Авф маст ҳолда имомлик қилганларида, оятни қўпол равишда бузиб қироат қилади. Шундан кейин “Нисо” сурасининг 43-оятида маст ҳолатда намозга яқинлашмаслик буюрилган:
يا ايها الذين امنوا لا تقربوا الصلوة و انتم سكارى
Маъноси: “Эй имон келтирганлар, токи гапираётган гапингизни (ўзингиз) биладиган бўлгунингизгача маст ҳолатларингизда намозга яқинлашмангиз.
Охирги босқич Атмон ибн Молик номли саҳобийнинг уйида зиёфат пайтида маст бўлиб қолган меҳмонлар ўзаро жанжаллашиб қолганлар. Шундан кейин Умар ибн Хаттоб розиянлоҳу анҳу Аллоҳ таолога илтижо билан: “Эй Худойим, май тўғрисида кескин бир ҳукм нозил эт”, деб дуо қилганларида “Моида” сурасининг 90-91 оятлари билан май ичиш қатиъй ман этилган.
يا ايها الذين امنوا انما الخمر و الميسر و انصاب و الازلام رجس من عمل الشيطن فاجتنيوه لعلكم تفلحون
Маъноси: “Эй иймон келтирганлар, албатта май (маст қилувчи ичимлиқ), қимор, бут-санамлар ва (фол очадиган) чўплар шайтоннинг ишидан иборат ифлосликдирки ундан четланингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз. Шайтон май билан қимор (ёрдами)да ўрталарингизга адоват ва нафрат солишни ва сизларни Аллоҳни зикринг ҳамда намоздан қайтаришни хоҳлайди. Бас, энди, сизлар (май ичишдан) тийилувчисизми?”
Шу оят охиридаги саволга жавобан мусулмонлар дарҳол: “Тийилдик, тийилдик”, деган эканлар. Пайғамбаримиз соллАллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида: “Ҳар қандай маст қилувчи нарса ҳаромдир”, деганлар. (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари)
Аллоҳ таоло барчаларимизни ёмон иллатлардан Ўзи асрасин!
Баҳриддин домла Якубов
Шаҳрихон тумани “Қора-кўрпа”
масжиди имом-хатиби