Ҳанафий мазҳабимизнинг асосчиси

1260

Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит Кўфа шаҳрида саксонинчи ҳижрий санада таваллуд топтилар. У киши аҳли сунна фиқҳ мазҳаб бошлиқлари ичида энг аввалгиларидир. Ёшликларидан таҳсили илм қилдилар, бир вақтнинг ўзида касб ҳам қилиб, ипак сотар эдилар. Талаби илмни тугатишлари билан дарс ва фатво беришни бошладилар. У кишида илм билан бирга тақво, ибодат, зоҳидлик ва Аллоҳга ёлбориш каби сифатлар ҳам мужассамлашган эди. У кишининг шаҳсий фазилатлари ҳақида алоҳида китоблар ёзилган. Диний фаолиятида фақат илмнинг ўзи кифоя қилмайди. Балки, илм билан бирга, тақво ва Аллоҳга доимий боғлиқ бўлиши зарур. Бу нарсалар Имом Абу Ҳанифа рахматуллоҳи алайҳда олий даражада эди.
Бу буюк имомнинг Имоми Аъзам, яъни улуғ имом, катта имом деб номланиши хақиқатда ҳам у киши бунга сазовор зот эдилар. Имоми Аъзам ҳақида бошқа мазҳаб соҳиби Имом Шофеъий: «Одамлар фиқҳда Абу Ҳанифанинг боқимандаларидир», деганлар. Бошқа бир мазҳаб соҳиблари Имом Моликдан одамлар: «Абу Ҳанифани кўрганмисиз?» деб сўрашганда, «Ҳа, агар ушбу устунни тилло демоқчи бўлса, ҳужжат топа оладиган одамлигини кўрдим», деб жавоб берган эканлар. Машҳур Имом Абдуллоҳ ибн Муборак: «Фиқҳда энг кучли одам Абу Ҳанифадир. Унга ўхшашини кўрмадим», деганлар. Улкан илм соҳиби бўлмиш Имом Абу Ҳанифа рахматуллоҳи алайҳ ўз мазҳабларини бино қилишда Қуръони Карим, суннати набавия, ижмо, қиёс, саҳобаларнинг қавлларига суянадилар. Ҳукмлар чиқаришда қиёс ва истеҳсонга бошқалардан кўра кўпроқ мурожаат қилдилар.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкин Ханафийлик мазхабимиз муътадил мазхаб бўлганлиги учун бутун дунё уламолари хам бирор бир масала юзасидан ихтилофлар бўлса дарров Ханафийликни ахкомларига суянадилар.
Язид ибн Ҳорун айтганлар «Оқилликда, фозилликда ва шубҳали нарсалардан эҳтиёт бўлишда Абу Ҳанифадан устунроқ бирон кимсани кўрмадим».У гўзал юзли, хушсурат, ширинсухан, суҳбати юракни эритадиган киши эди. Бўйи ўртача, кийими нафис, юзи кўркам бу зотдан ҳар доим ширин ҳид уфуриб турар, одамларга юзма-юз келганида таралаётган беғубор исларидан уни тезда таниб олишар эди. Бу олим фиқҳ илмини биринчи бўлиб бойитган, сермаҳсул қилган ва унинг вужудига яширинган энг ажиб дурдоналарни ёруғликка чиқарган улуғ фақиҳ ва мазҳаббоши Абу Ҳанифа Нуъмон ибн Собитдир.
Абу Ҳанифа рахматуллоҳи алайҳ хушхулқ, хушмуомала, дилкаш киши эди. Ҳамроҳи у билан суҳбатлашса саодат топар, унга бегоналар эса, гарчи душмани бўлса ҳам озоридан омонда эди. У ғийбатдан узоқ бўлган, ҳатто душманларидан бирортасини ёмон сўзлар билан тилга олмаган. Аллох таоло мазхаббошимизни рахматига олсин ва ўзни тўғри йўлидан адаштирмасин.

Муҳаммадюсуф Тўрақулов

Олтинкўл туман бош имом хатиби