Ислом олами ибодат масалаларида бир неча фиқҳий мазҳабларга бўлинган. Фиқҳ – луғатда: “тушунмоқ, фаҳмламоқ” маъноларида келади. Шаръий истилоҳда Оллоҳ Таоло пайғамбари Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилган шариат аҳкомларини теран фаҳмламоқликдир.
Фиқҳнинг асослари тўрттадир:
1) Қуръони Карим
2) Ҳадиси Шариф
3) Ижмоъ
4) Қиёс
Аҳли сунна вал-жамоа мусулмонлари асосан тўрт мазҳабдан бирига амал қиладилар. Тўрт мазҳаб асосчилари ушбулардир:
1) Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит ( 80 – 150ҳ.)
2) Молик ибн Анас ( 93 – 179 ҳ.)
3) Муҳаммад ибн Идрис ( 150 -204 ҳ.)
4) Аҳмад ибн Ҳанбал (164 – 241ҳ. )
Маълумки, дунёдаги мусулмонларнинг 40 фоизидан ортиқроғи ҳанафий мазҳабида ибодат амалларини бажарадилар. Жумладан юртимиз мусулмонлари минг йилдан ортиқ давр мобайнида ҳеч қандай ихтиофсиз ҳанафий мазҳабга амал қилиб келмоқдалар.
Мазҳабимиз асосчиси Нўъмон ибн Собит раҳматуллоҳи алайҳ – Абу Ҳанифа куняси ва Имоми Аъзам лақаби билан шуҳрат қозонган зот бўлиб, мил. 699 йилда Кўфада таваллуд топган.
Бу зот тобеинлардан бўлиб, Пайғамбар алайҳиссаломнинг суҳбатида бўлган Анас ибн Молик, Абдуллоҳ ибн Абу Авф, Абу Амома, ибн Аббос каби саҳобаи киромлар билан учрашиб, мулоқотда бўлган.
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ислом илмлари ривож топган даврда яшаган. Унинг учун ўз даврининг энг кўзга кўринган уламоларидан дарс олиш ва илмий мунозаралар олиб боришга имконияти мавжуд эди. Айни пайтда касб эгаси бўлиб, ипакчилик билан шуғулланган.
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг илм ва тақвода тенгсиз эканлигини ўз замонаси ва ундан кейинги давр уламолари томонидан самимий эътироф этилган. Жумладан, Имом Шофеий:“Фуқаҳоларнинг барчаси фиқҳ борасида Абу Ҳанифага муҳтождирлар”, – деган бўлсалар, Имом Молик у зот билан бир қанча илмий баҳслардан сўнг: “Албатта, у буюк фақиҳдир”, – деган экан.
Дарҳақиқат, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ буюк фақиҳ бўлган. Дастлаб калом илми билан шуғулланиб, мутакаллим сифатида ушбу соҳада катта иқтидор ва юксак малакага эга бўлган бўлса-да бу йўлдан кўра фиқҳ илми ва унга тегишли бўлган фанларни ўзлаштириш орқали одамларга хизмат қилиш ва уларнинг ҳаётий муаммоларини ечим топиб бериш йўлини маъқул кўрган. У зот ҳали бирор шахс амалга оширмаган ислом ҳуқушунослиги йўналиши бўйича янгича усулни жорий қилган. Яъни турли масалаларни ечишда Қуръон ва Суннадан сўнг қиёс ва раъйни асосий мезон сифатида танлади.
Ҳанафий мазҳабининг ўзига хос хусусияти шундан иборатки, унда одамларнинг урф-одатлари шариат қонуни даражасига кўтарилган. Яъни, ислом асосларига зид бўлмаган урфни шаръий далил деб баҳолаш Ҳанафий мазҳабига хосдир. Ҳанафий мазҳабининг асосчиси Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ яшаган Куфа шаҳри аҳолисининг ижтимоий ҳолати Мовароуннаҳр шароитига деярли мос келар эди. Шунинг учун ҳам ибодат ва ижтимоий масалаларда Ҳанафий мазҳабига амал қилиш мақсадга мувофиқ бўлган.
Муҳаммадсобир Иминов. Асака т. “Ҳазрат Умар” масжиди имом хатиби