Қайта кучайтирилган карантин ҳолати бугунги кун эҳтиёжи бўлди. Одамларимиз бу қоидаларга риоя қилишлари керак. Ҳолбуки қоидаларга риоя қилиш аввало ўзимиз учун, оиламиз учун зарур. Қолаверса, жамиятимиз учун ҳам бу ҳолат заруратдир.
Карантин қоидалари у қадар машаққат ҳам эмас. Умуман олганда барча талаблар мусулмоннинг кундалик турмуш тарзидан бошқа нарса эмас. Заруратсиз кўчага чиқмаслик, қўлни тоза тутиш, соғликка эътибор бериш шундоқ ҳам динимиз кўрсатмалари ва мусулмонларнинг доимий одатлари.
Кўришиш масаласига келсак, шариатимиз кўрсатмаларида ҳам оддийгина қўл бериб кўришишга буюрилади. Қучоқлашиб кўришиш доимий эмас.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам кўчада заруратсиз ўтиришдан қайтарганлар.
Бугунги кунда пандемияга енгил қараб бўлмайди. Ҳукуматимиз томонидан тўхтовсиз чора-тадбирлар йўлга қўйилишига қарамай баъзи инсонлар ҳамон лоқайдликда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 8 июль куни видеоселектор йиғилиши аввалида коронавирус инфекциясига қарши кураш доирасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ишларга алоҳида тўхталиб ўтди.
Давлатимиз раҳбари, жумладан, шундай деди:
– Барчамиз гувоҳи бўлиб турибмиз, афсуски, бутун дунёда коронавирус пандемияси давом этмоқда. Дунёнинг қатор мамлакатларида касалликнинг иккинчи тўлқини бошланаётгани барчамизда жиддий хавотир уйғотмоқда.
Бугунги ҳолат шуни кўрсатмоқдаки, ушбу инфекцияга қарши курашда қандайдир «сеҳрли рецептлар» ҳали йўқ.
Жаҳон ҳамжамияти, дунёдаги энг йирик илмий марказлар, энг кучли олимлар бу офатга даво топиш учун қаттиқ изланмоқда. Ва бундай тадқиқотлар тез орада ўзининг ижобий натижасини беради, деб умид қиламиз. (president.uz)
Ҳам, Худо хоҳласа ҳадемай барчаси бартараф бўлади. Фақат ҳаммамиз ҳамжиҳат бўлишимиз керак. Постлардаги ходимларнинг кўрсатмаларига бўйсунишимиз, жамоат жойларининг киришидаги ходимларни ҳурмат қилишимиз, оралиқ масофа сақлашимиз, буллар ҳаммаси бажарса бўладиган ишлар. Бу ерда ҳеч қандай машаққат йўқ. Фақат қайсарлик қилмаслигмиз керак.
Улуғбек домла Сатторов,
Марҳамат туманидаги “Обиджон Ботиров”
жоме масжиди имом-хатиби