Ислом шариатида ҳалоллик муҳим ўрин тутиб, у инсон умри хотиржам, осойишта ва фаровонлик билан ўтишига гаров, десак муболаға бўлмайди. Шунинг билан бирга жамият фуқароларининг маънавиятини шакллантиришда асосий омил дея эътироф этиш мумкин. Ҳалоллик бу инсон табиатидаги энг гўзал туйғу бўлиб, айнан мана шу туйғу орқали у ўзгаларнинг меҳр-муҳаббатини қозонади.
Маълумки, ислом дини таълимотининг асосий ғояси инсонларни Аллоҳ ва унинг Расулига итоат этишга чақириб, уларни икки дунё саодатига мушарраф этишдир. Бунга ибодат қилиш, хуш муомалали бўлиш билан бир қаторда ҳалол-ҳаромга аҳамиятли бўлиш билан эришилади.
Шу билан бирга Аллоҳ таоло Ўзининг ҳалол ризқ қилиб берган нарсаларидан еб, Унгагина шукр қилишимизни ҳам ибодат эканлигини қуйидаги оятда баён қилади:
“Эй, имон келтирганлар! Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан еб, Унга шукр қилингиз!”
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эса, ҳалол ризқ топиш фазилати ҳақида шундай марҳамат қиладилар:
“Кимки тиланчилик қилишдан сақланиш, оиласини боқиш ва қўни-қўшниларига мурувват кўрсатиш мақсадида ҳалол йўл орқали ризқ топиш билан машғул бўлса, қиёмат кунида у Аллоҳ таолога юзи ёруғ бўлган ҳолида йўлиқади”-дедилар.
Ҳалол-ҳаром масаласида қатъиятли бўлиб, уларни бир-биридан ажратиб олиш, комил инсонлик белгисидир. Қайси бир одам бировнинг ҳақидан қўрқса, касб танлаш, ризқ насиба топишда ҳаромдан ҳазар қилса, демак у ҳалолликка эътибор берибди. Пайғамбаримиз алайҳис-салом ҳалол ва ҳаром масаласида марҳамат қилиб яна шундай дейдилар: “Аниқ баён қилинган ҳалол ва ҳаром нарсалар ўртасида шубҳали нарсалар ҳам мавжуд бўлиб, кимдаким ўша шубҳали нарсалардан ўзини тийса, у дини ва обрўсини сақлабди”. Шуни унутмаслик керакки, ҳалолнинг зидди ҳаромдир. Шариатда ҳаромга яқинлашиш гуноҳи азим ҳисобланади. Зеро барча пок нарсалар ҳалол деб эътироф этилган. Қуръони каримда Аллоҳ таоло марҳамат қилиб шундай дейди:
“Сиздан (ўзларига) ҳалол қилинган нарсалар ҳақида сўрайдилар. Айтинг: “Сизларга покиза нарсалар ҳалол қилинди”. Аллоҳ таборака ва таоло адли билан киши кўзига зийнатли бўлиб кўринган барча ҳаром нарсалар эвазига ҳалол нарсаларни ато этган. Масалан, рибони (судхўрликни) ҳаром қилган бўлса, ундан эваз қилиб, ҳалол тижоратга рухсат берган. Фолни ҳаром қилган бўлса, ўрнига истихора намозининг таълимини берган. Қиморни ҳаром қилиб, унинг эвазига мусобақада ғолиб бўлиб, мукофот олишни ҳалол қилди. Зинони ҳаром қилган бўлса, ўрнига никоҳлик турмушни ҳалол қилди. Маст қилувчи ичимликларни ҳаром қилиш эвазига бадан ва руҳга фойдали бўлган лаззатли шарбатларни ҳалол қилди.
Жобир (рз.) Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар:
“Эй одамлар, ҳеч бирингиз ризқингизни мукаммал олмагунингизча вафот топмайсиз. Ризқда шошилманглар, Аллоҳдан қўрқинглар, чиройли талаб этинглар. Сизларга нима ҳалол қилинган бўлса уни олинглар ва Аллоҳ ҳаром этган нарсани ташланглар”.
Демак, ризқ инсонга Аллоҳ таоло томонидан берилган илоҳий неъмат экан, буни ҳалол йўллар билан талаб қилиш лозим бўлади.
Маълумки, давлатимиз раҳбари ҳар доим ўз маърузаларида, мулоқот ва суҳбатларида халқимизни ҳалолликка даъват этиб, ҳаром йўллар билан бойлик орттириш, ўзгалар ҳаққига хиёнат қилиш каби разил сифатлардан сақланиш тўғрисида таъкидлаб келадилар. Фақат бизлар мана шундай ўгитларга тўла амал қилсакгина ўзимиз ҳам, авлоду зурриётларимиз ҳам икки дунёда бахтли, саодатли, солиҳ кишилардан бўлажакмиз, иншоаллоҳу таоло!
“Мунисхон хожи она” жомеъ масжиди ноиби – имоми
С.Сотволдийев