Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам aйтдилaр:

“Aлбaттa, Aллoҳ берган нeъмaтлaрнинг душмaнлaри бoр”.

“Эй Аллоҳнинг расули! Улaр кимлaр?” дeб сўрaшди. Рaсулуллoҳ сoллaллoҳу aлaйҳи вaсaллaм aйтдилaр:

“Улaр Aллoҳ ўз фaзлидaн инсoнлaргa бeргaн нaрсaлaргa ҳaсaд қилaдигaн кишилaрдир”.

Бошқа бир ҳадисда шундай дейилади:

“Одам боласининг жисмида тўрт гавҳар борки, уни тўртта нарса зойил қилади (яъни йўқ қилади).

Гавҳарлар — ақл; дин; ҳаё ва яхши амал.

Ғазаб ақлни зойил қилади;

Ҳасад динни зойил қилади;

Тамагирлик ҳаёни зойил қилади;

Ғийбат яхши амални зойил қилади”. (Шайх Асқалонийнинг “Мунаббиҳот” китобидан)

Билдикки инсонийлик сифатларининг кушандалари ҳам бор экан. Ўша кушандаларнинг ёмонроғи ҲАСАД экани аён бўлмоқда.

Ҳасад ўз соҳибини куйдиргувчи ўтдир. Донишмадлар айтганларидек, ҳасадгўй инсон шам каби ўзини куйдириб адо қилур. Натижада ҳалокатга борур. Бу мўминга хос бўлмаган иллат эрур. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳасаддан қайтариб: “Бир-бирларингизга ҳасадлашманг” деганлар. (Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан Муслим ривояти)

Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

            Бизлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида ўтирган эдик: “Ҳозир сизларнинг олдингизга жаннат аҳлидан бир киши келиб қолади” – дедилар. Ансорлардан бир киши соқолидан таҳоратининг сувлари томиб, чап қўлига ковушини кўтарган ҳолда кириб келди.

            Эртаси куни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна ўша сўзни айтдилар. Яна ўша киши аввалги каби кириб келди. Учинчи куни ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна ўша сўзни айтдлилар. Яна ўша киши аввалги каби кириб келди.

            Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўринларидан туриб кетганларидан сўнг Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс разияллоҳу анҳумо ҳалиги ансорийнинг ортидан бориб:

  • Мен билан отам орасида бир нарса ўтиб қолди. Унинг олдига уч кунгача кирмасликка қасам ичиб қўйдим, агар хўп десанг уч кунни сенинг уйингда ўтказсам – деди.
  • Майли – деди ансорий.

Анас розияллоҳу анҳу айтади: “Абдуллоҳ айтиб юрар эди: “У билан бирга ўша уч кечани ўтказдим. Кечалари бомдод намозига тургунга қадар бошқа ҳеч бир ўрнидан турганини кўрмадим. Фақат кўрпасини ёпинса ёки бир ёнбошига ағдарилса Аллоҳ азза ва жаллани зикр қилар ва “Аллоҳу акбар” деб қўяр эди.

Яхшиликдан бошқа сўз айтганини эшитмадим, – дейди Абдулоҳ. – Уч кеча ўтиб бўлди, менга унинг амаллари оз кўринди.

  • Эй Аллоҳнинг бандаси, мен билан отамнинг ўртамизда ҳеч нарса ўтмаган эди, – дедим. – Лекин мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сен ҳақингда уч бора “Ҳозир сизларнинг олдингизга жаннат аҳлидан бир киши келиб қолади” – деганларини эшитдим. Ўша уччала сафар ҳам сен келдинг. Шунинг учун сенинг амалларингни кўргани уйингга киришни ихтиёр қилдим. Аммо сендан бирор катта амал содир бўлганлигини кўрмадим. Хўш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сен ҳақингда айтган сўзлардаги даражаларга етиштирган амал нима ўзи?
  • У нарса мана шу сен кўрганингдан бошқа нарса эмас, – деди ансорий.

Мен ортимга қайтиб кетаётган эдим, чақириб:

  • У нарса мана шу сен кўрганингдан бошқа нарса эмас, фақат бундан ташқари шу нарса борки, мен қалбимда ҳеч қачон бирор мусулмонга хиёнат ва фирибгарлик кўрмадим. Бирорта мусулмонга Аллоҳ таоло ато қилган яхшиликка ҳасад қилмадим, – деди”.
  • Ҳа, мана шу экан сенга (жаннат башорати бўлишига) олиб келган! Мана шу экан бизларнинг тоқатимиз етмайдиган амал! – деди Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳу.

 

Муҳаммадсоли домла Иминов,

Марҳамат туманидаги “Полвонтош”

жоме масжиди имом-хатиби