Қуръони каримнинг мубораклиги

1153

Бизларга Рамазон ойи рўзасини фарз қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Рамазон ойида Қуръони каримни хатм қилишни суннат қилиб қолдирган Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга дуруд ва саломлар бўлсин.

Қуръони каримнинг фазилатларини айтиб ва ёзиб адо қилиш банданинг имкониятидан юқоридадур. Аммо ҳар ким ўз билганича имкон қадар бу фазилатлар ҳақида билишлиги ва ўз яқинларига ҳам илинжда бўлишилиги, ажаб эмаски, Қуръони каримга бўлган муҳаббатларимизни зиёда қилса деб камина умид қилади.

Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ ўзининг “Фазоилул Қуръон” китобининг аввалида имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳининг усулига мутобаъат қилиб ушбу ҳадисни келтирган:

Оиша ва ибн Аббос разияллоҳу анҳум хабар беришларича “Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккада Қуръон нозил бўлиб ўн йил турдилар. Мадинада ҳам ўн йил”.

            Ибн Касир айтади:

“Мадинада ўн йил турганликларида хилоф йўқ. Аммо Маккада нубувват келганидан сўнгги истиқоматлари ўн уч йиллиги машҳур. Чунки саҳиҳ ривоятларга кўра жаноб саллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳий қирқ ёшларида туша бошлаган. Олтмиш уч ёшларида вафот этганлар.

Эҳтимолки, ровий арабларнинг сўзлашиш одатларига кўра ўндан ошиғини қисқартириб ҳазф қилган(яхлитлаган)дур. Араблар кўпинча каср сонларни яхлитлашади.

Бу ҳадис Қуръон фазилатларига нисбат қилинишининг сабаби шуки, унинг нозил бўлишлиги муборак жойдан – Макка шаҳридан, муборак замон – Рамазон ойидан бошланган. Унинг фазлига замон ва макон шарафи жам бўлган.

Шунинг учун Рамазон ойида Қуръони карим тиловатларини кўпайтириш мустаҳабдур. Чунки У шу ойда нозил бўлишни бошлаган. Шу сабабдан Жаброил алайҳис салом ҳар йили Рамазон ойида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга Қуръонни хатм қилар эди. Вафот этган йиллирида эса таъкид ва собитлик юзасидан икки марта хатм қилган”. 

Бугунги кунда бутун дунёда коронавирус пандемияси тарқалганлиги ва унинг олдини олишнинг энг қулай чораси уйда қолишлик бўлиб турган бир паллада кўплаб мусулмон мамлакатлар қатори бизнинг юртимизда ҳам карантин сабабли муфтий ҳазратларининг фатвосига эргашган ҳолда барча ибодатлар уй шароитида адо қилинмоқда. Шунга кўра хатми Қуръонлар ҳам уйда ўқилмоқда. Бу эса бугунги кун талабидир.

Шундай бўлса-да, муборак Рамазон ойида хатми Қуръонларнинг баракалари юртимиздан узилиб қолмаслиги учун, шунингдек халқимизда Қуръонга бўлган муҳаббат юқорилиги ҳам инобатга олинган ҳолда диний идорамиз томонидан онлайн тарзда тақдим этилаётган хатми Қуръонларни Аллоҳ қабул айласин. Ўқилган хатмлар баракасидан тез кунларда пандемияни инсоният бошидан кўтарсин, ибодатларимизни яна масжидлар адо этиш шарафига яна муяссар айласин.

Улуғбек ЙЎЛДОШЕВ

Асака тумани

“Холид ибн Валид”

жомеъ масжиди ходими