Алҳамдулиллоҳ, юртимизда Рамазон шукуҳи. Масжидларимизда қориларимизнинг хатмоналари янграмоқда. Халқимиз Қуръони карим тиловатларидан баҳра олмоқдалар. Ушбу ой Қуръон хатмилари ойидир. Мўминлар қалбларида Қуръонга бўлган муҳаббатини бу ойда яна-да ифшо қилурлар.
Чунки Қуръони каримнинг тиловати биз учун ибодат, аҳкомлари ҳаётимиз учун дастур, насиҳатлари ҳидоят, қиссалари ибратдир. Ҳар қандай мушкулдан чиқишнинг калити ҳам Қуръони каримдадир. Ибн Аббос разияллоҳу анҳу: “Ҳаттоки туямнинг ипи йўқолса, у турган жойни ҳарҳол-да яна Қуръондан топа оламан”, деган.
عن أبي سعيد قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: (يعني يقول الله عز وجل: من شغله قراءة القرآن عن ذكري ومسئلتي أعطيته أفضل ما أعطي السائلين، وفضل كلام الله على سائر الكلام كفضل الله على خلقه).
Абу Саъид Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:
“Аллоҳ азза ва жалла: ” Қуръон кимни Менинг зикримдан ва Мендан (ҳожатини) сўрашликдан машғул қилиб қўйса, унга сўраганларга берадиганимдан ҳам афзалини бергайман. Аллоҳнинг Каломининг бошқа сўзлардан устунлиги Аллоҳнинг халқидан устунлиги кабидур”, – дейди”. (Розийнинг “Фазоилул Қуръон” китобидан)
Қуръон Аллоҳ таолонинг энг улуғ мўъжизаси бўлиб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га нозил қилинган сўнгги илоҳий китоб, боқий ҳужжат, қатъий далил, мустаҳкам ақидадир. Келинг, яхшиси Қуръон тиловати фазилатлари ҳақидаги ҳадислар билан танишайлик. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):
“Унда сиздан олдинги ва кейингиларнинг хабари бор, ораларингиздаги ҳукмлар бор, у чиндир, ҳазил эмас. Ким уни тарк этса, Аллоҳдан қисматини олади, ундан бошқасидан ҳидоят истаганни Аллоҳ залолатга дучор қилади, у Аллоҳнинг мустаҳкам арконидир. У ҳикматли зикрдир, у тўғри йўл бўлиб, фикрларни оғдирмайди, тиллар у билан мавҳумликка учрамайди, уламолар ундан тўймайди, раддияларнинг кўплиги туфайли хулқлар бузилмайди, унинг ажойиботлари туганмас, уни ҳатто жинлар ҳам эшитади. Ким у билан гапирса, тўғри сўзлабди, ким унга амал қилса ажр олади, ким у билан ҳукм қилса, адолат қилади ва ким унга чақирса, тўғри йўлга ҳидоят қилинади”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Шунинг учун Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Қуръон тиловат қилишни тавсия этдилар ва унга тарғиб қилдилар. Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда бундай дейилади:
عن عَبْدَ اللَّهِ بْنَ مَسْعُودٍ قال: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ:“مَنْ قَرَأَ حَرْفًا مِنْ كِتَابِ اللَّهِ فَلَهُ بِهِ حَسَنَةٌ وَالْحَسَنَةُ بِعَشْرِ أَمْثَالِهَا لَا أَقُولُ “ﭑ” حَرْفٌ وَلَكِنْ أَلِفٌ حَرْفٌ وَلَامٌ حَرْفٌ وَمِيمٌ حَرْفٌ”
«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):
“Ким Аллоҳнинг Китобидан бир ҳарф ўқиса, шу бир ҳарф учун унга савоб ёзилади. Савоб эса ўн баробар кўпайтириб берилади. “Алиф, лам, мим”ни бир ҳарф демайман, балки алиф — бир ҳарф, лам — бир ҳарф, мим — бир ҳарф”, дедилар» (Имом Термизий).
Ва яна:
“Қуръон ўқилган уй худди ердагиларга юлдуз кўрингани каби осмон аҳлига кўрсатилади”, дейилган (Имом Байҳақий ривояти).
Бошқа бир ҳадисда бундай дейилади:
“Қуръон ўқинг! Зеро, Қуръон ўз ўқувчиларини қиёмат куни шафоат қилади” (Имом Муслим ривояти).
Илоҳим, барчамизга Қуръони каримни шафоатчи қилсин.
Муҳаммадқудратбек домла Дадабоев
Асака туманидаги “Ҳолмадодхоҳ” жоме масжиди имом хатиби