Аллоҳ ҳақ субҳанаҳу ва таоло бандаларига пок нарсаларни ҳалол қилиб берган. Покиза ҳайвонлар гўшти шаръий йўл билан сўйилса ҳалол ҳисобланади. Агар ҳалол ҳайвон шаръий сўйилмаса, ўзи ўлиб қолган ёки уриб, бўғиб ўлдирилган, хуллас қони чиқмай ўлган бўлса, ундай ҳайвоннинг гўштини ейиш мумкин эмас. Қон чиқиши билан гўшт покиза бўлади. 

  Азалдан бизнинг диёрларда одат бўлган ишлардан қўй шаръий йўл билан сўйилгандан сўнг, унинг  териси шилинмасдан туриб, қўйнинг думбасидан ёғлиқ қилиб, териси билан кесиб олинган қисми халқ тилида пўсдумба (пўстирма) дейилади. Жонлик шаръий йўл билан сўйилиб, тери қатлами ҳаво билан тўлдирилиб,  уни устига қайноқ сув қуйиб ёки устара билан туклари қириб,   тозалаб олишга  айтилади. Баъзилар бундай йўл билан тайёрланган гўшт маҳсулотларни ейиш ва емаслик ўртасида турли ихлилофга  борадилар. Ваҳоланки бундай йўл билан тайёрланган “пўсдумба” гўшти шак-шубҳасиз жоиз ҳисобланади. 

Мисрлик, фиқҳда энг етук олимлардан саналган, Аллома ибни Обидин (1585-1659 йиллар)  ўзининг  “Роддул Мухтор” китобида Мисрдаги “Самит (устидан қайноқ сув қуйилиб, туки юлинган ҳайвон, парандалар) гўшти” ҳақида гапириб,

وعليه اشتهر أن اللحم السميط بمصر نجس، لكن العلة المذكورة لا تثبت ما لم يمكث اللحم بعد الغليان زمانا يقع في مثله التشرب والدخول في باطن اللحم، وكل منهما غير متحقق في السميط حيث لا يصل إلى حد الغليان، ولا يترك فيه إلا مقدار ما تصل الحرارة إلى ظاهر الجلد لتنحل مسام الصوف، بل لو ترك يمنع انقلاع الشعر”

“У гўшт Мисрда нажосат, деб машҳур бўлиб кетган. Лекин, юқоридаги сабабга кўра, гўшт “ғалаён” қайнаб турган  сувда нажосат ичига сингиб кетадиган вақтгача турмаса гўшт нажосат бўлмайди. Нажосат гўштга тарқаб кетиши “самит” (устидан сув қуйилиб туки юлинган ҳайвон) гўштида топилмайди. Чунки, у солинаётган сув қайнаш даражасига етмайди ва у юнгни осон юлиниши учун терининг юза қисмигагина таъсир қиладиган даражада сувда туради холос. Агар у сувга солинмаса юнги юлинмайди – деганлар.

   Аллома бу ерда “ғалаён” гўшт сувда қайнаб пишганча миқдорда турмаса бу нажосат бўлмаслини таъкидламоқда. Дарҳақиқат пўсдумба қилишда қўй шиширилгандан сўнг ичидаги ҳаво термиз вазифасини бажаради ва қайноқ сувни унинг устидан қуйилганда ҳам ҳеч қандай гўштга таъсир ўтказмайди. 

  Одатда ҳаммамиз товуқни сўйганимиздан кейин унинг патлари осон юлиниши учун қайнаган сувга солишга ўрганганмиз. Хусусан, товуқ гўшти етиштирувчи фабрикаларда ҳам товуқлар сўйилганидан кейин патлари юлиниши учун қайнаган сувга солинади. Шу масала борасида баъзи бир уламоларимиз товуқни ичидаги ичак ва бошқа аъзолари олинмасидан олдин уни қайнаган сувга солинадиган бўлса, ичидаги нажосатлар гўштига тарқаб кетади – деганлар.

 

(قال في الفتح: إنها لا تطهر أبدا، لكن على قول أبي يوسف تطهر، والعلة- والله أعلم- تشربها النجاسة بواسطة الغليان)

 

“Дуррул Мухтор” китобида : Шунингдек ҳеч қачон пок бўлмайдиган нарсалар сирасига қорнини ёриб, ичидаги нажосатларини чиқариб олмасдан патларини юлиш учун қайнаб турган сувга солинган товуқдир. Аллома ибни Обидин ушбу китоб остида: “Фатҳ” китобида: “Бундай қилинган товуқ абадий пок бўлмайди” деганлар. Лекин Абу Юсуф (раҳматуллоҳи алайҳи) нинг қавлларига биноан пок бўлади – деганлар. Абадий покланмаслигига сабаб, Валлоҳу Аълам гўшт қайноқ сувда қайнаб,  нажосатни шимиб олишидир”, дейдилар.

Шунинг учун, товуқ гўштини ҳам қайноқ сувга солишда икки нарсага эътибор бериш керак.

  1. Сув қайнаш даражасига етмаслиги керак. Соҳа мутахассислари сувни 100˚С иссиқликда қайнайди дейишган. Шунинг учун, сув ўша даражага етмаслиги керак. Баъзи маълумотларга кўра сув денгиз сатҳидан ўртача бўлган баландликда 100˚С-да, тоғли худудларда эса 70˚С-да қайнар экан.
  2. Гўштни қайноқ сувда ичидаги нажосат тарқамайдиган вақтгача туришлиги. Яъни, нажосат гўштга тарқайдиган вақтгача қайноқ сувда турмаса, гўшт ҳаром бўлмайди.

Айни пайтдаги механик жиҳозлар ила покланадиган товуқларни тозлашда ишлатиладиган сув “ғалаён” қанаб кетадиган даражада бўлмаса бунда ҳеч қандай муаммо йўқ. Чунки сувни қайнаш даражаси 100° С етса ҳамда товуқ ўша сувда узоқ муддат турса, ичидаги нажосат гўштга сингиш хавфи борлиги учун бу ишни  баъзи фақиҳлар ножоиз дейишган.

 Аллома Тақий Усмоний ўзларинг “Қазоё фиқҳия маосира” асарида:

“Бу жиҳоздаги товуқлар ўтадиган иссиқ сувларга тегишли. Ушбу жиҳозлардаги сувга қўлимни солиб қўрганимда қайнаб кетган ҳамда куйдирадиган ҳароратга етмаган эди”, дедилар.

 

Бахтиёржон домла Қодиров

Бўстон туман бош имом-хатиби.