Фарзандларга насиҳат қилиш, ўрнак бўлиш, уларни гўзал тарбия билан ўстирмоқ Пайғарбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак тавсияларидир. Қизларига яхши тарбия бериб турмушга чиқариш, кейин уларга яхшилик қилишни давом эттириш Жаннатга кирмоқ ҳақ йўлида бўлмоқ демакдир. Мусулмонликда қиз авлод, эркак авлоднинг фарқи йўқ. Ҳатто, қиз авлодга нисбатан бир қадар меҳрибонлик, ҳассослик, шафқат бор. Севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадиси шарифида ана шу назокат, меҳрга ишорат бор: “Кимки уч қизни ўстириб, тарбиялаб ва турмушга чиқариб ва яхшилик қилишни тўхтатмаса, ул жаннатидир”.

Бошқа бир ҳадисда : “Ҳар кимки, икки қизни тарбия қилиб ўстирса, қиёмат куни мен ва у жаннатда бирга ёнма-ён бўламиз”, деб айтар эканлар. Яъни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак бармоқларини бир-бирига теккизиб “шундай ёнма-ён” деб кўрсатган эканлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу амрларини билган ҳар бир мусулмон, эс-хуши жойида оталар болаларини ажратмасликлари, ҳатто, қиз фарзандларига тузукроқ эътибор бериб тарбиялашлари уларнинг ўзларининг манфаатларидандир дейилади. Севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётини ва буюк авлиёуллоҳларнинг ҳаётларини ўқиган мусулмонлар қиз авлодни ўстириб тарбия бериш жуда савоб иш эканлигини яхши билиб тушунадилар. Қизини турмушга чиқариб, ундан алоқасини узган ота яхши ва ҳақиқий мусулмон эмас. Ҳақиқий мусулмон – қиз фарзандини ҳам астойдил тарбиялайди ҳам турмушга беради, ҳам кейинчалик унга меҳрибонлигини кўрсатиб туради. Бу қиз, бу куёв деб бепарволик қилиб, улардан узоқлашган, қизи, куёвидан хабар олмайдиган ота, тўғриси, жаннат юзини кўрмайди, дейилган.

Фарзанди, авлодини қадр қимматини билмаган, авлодига муҳаббати бўлмаганни, Ватанига  муҳаббати бўлиши мумкинми? Авлодини ёмон йўлдан қайтармаган, тўғри йўлга бошламаган ота ҳақиқий, чин мусулмон эмас, дейилади.

 Улуғ бир авлиёуллоҳ дейди:

-Эй инсон, модомики куёвингни севмасанг, у ақлли – хушли бўлмаса, нега жигар поранг, кўзинг нури қизингни унга бердинг? Мен қарши эдим, ўзи кетди, ўзи шуни хоҳлади десанг, унда сенинг айбинг аввалгидан ҳам кўпроқдир. Сен ўз вазифангни адо этмагансан. Қизингга бир муслима тарбиясини бермагансан. Ўзинг ўрнак бўларли бир мусулмон ота ёки она бўлмагансан. Табиийки, қизинг ҳам ўрнак бўларли муслима бир қиз бўла олмаган. Шунинг учун шундай бир бало бошингизга келган.Модомики бўлар иш бўлибди,сен ҳеч бўлмаса инсонийлигинг билан, хуш феъл ва намунали одобинг билан ул адашган одамни тўғри йўлга қирғиз, токи сени фарзандинг ҳам роҳат кўрсин. Қандай қилиб ёш аёлни икки ўт орасига ташлайсан? Бунинг учун фарзандингни соҳиби бўл. Ўрнак бўла оладиган ота-онаси бўл ! Бизга тушган вазифа – билганимизни айтиш ва ёзиш. Тўғри йўлга солиш, қадрини билиш сендан. Ҳидоят Аллоҳ таолодандир, деган эканлар.

Демак қиз фарзандимизнинг тарбиясига эътиборли бўлишимиз ва турмушга бергандан кейинги ҳаётида ҳам унга ёрдам ҳамда меҳр кўрсатишимиз лозим экан. Аллоҳ таоло барчаларимизга фарзандларимизни гўзал тарбия билан ўстирмоқлигимизни  ва уларга умрларимизни охиригача меҳрибон бўлиб, меҳр кўрсатиб яшашликка насиб этсин.

 

Искандарбек домла Ортиқов,
Олтинкўл тумани “Далварзин”
жоме масжиди имом-хатиби.