Фарзандларга насиҳат қилиш, ўрнак бўлиш, уларни гўзал тарбия билан ўстирмоқ Пайғарбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак тавсияларидир.

Қизларга яхши тарбия бериб турмушга чиқариш, кейин уларга яхшилик қилишни давом эттириш жаннатга олиб борадиган йўллардан ҳисобланади. Мусулмончиликда фарзандга аҳамият беришда қиз авлод, эркак авлоднинг фарқи йўқ. Ҳатто қиз авлодга нисбатан бир қадар меҳрибонлик, ҳассослик, шафқат бор. Севимли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадиси шарифида ана шу назокат ҳамда меҳрга ишорат бор:

“Кимки уч қизни ўстириб, тарбияласа ҳамда уни турмушга чиқаргандан кейин ҳам яхшилик қилишни тўхтатмаса, у одам жаннатидир”.

Бошқа бир ҳадиси шарифда: “Ҳар кимки, икки қизни тарбия қилиб ўстирса, қиёмат куни мен ва у жаннатда бирга ёнма-ён бўламиз”, деб айтар эканлар. Яъни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам муборак бармоқларини бир-бирига теккизиб “шундай ёнма-ён” деб кўрсатган эканлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу амрларини билган ҳар бир мусулмон, эс-хуши жойида оталар болаларини ажратмасликлари, ҳатто қиз фарзандларига кўпроқ эътибор бериб тарбиялашлари, аслида  ўзларининг манфаатларидандир дейилади. Севимли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётини ва буюк авлиёуллоҳларнинг ҳаётларини ўқиган инсон қиз авлодни ўстириб тарбия бериш жуда савобли иш эканлигини яхши англаб етади. Қизини турмушга чиқариб, ундан алоқасини узган ота комил мусулмон эмас. Балки, чин мусулмон – қиз фарзандини ҳам астойдил тарбиялайди ҳам турмушга беради, ҳам кейинчалик унга меҳрибонлигини кўрсатиб туради.

 Фарзанди, авлодини қадр-қимматини билмаган, авлодига муҳаббати бўлмаганни, Ватанига  муҳаббати бўлиши мумкинми? Авлодини ёмон йўлдан қайтармаган, тўғри йўлга бошламаган ота ўз вазфасини тўлиқ адо этмаган бўлади.

 Улуғ бир авлиёуллоҳ дейди: “Эй инсон, модомики куёвингни севмасанг, у ақлли – ҳушли бўлмаса, нега жигар поранг, кўзинг нури қизингни унга бердинг? Мен қарши эдим, ўзи кетди, ўзи шуни ҳоҳлади десанг, унда сенинг айбинг аввалгидан ҳам кўпроқдир. Сен ўз вазифангни адо этмагансан. Қизингга биргина чиройли тарбия бермагансан. Ўзинг ўрнак бўларли бир мусулмон ота ёки она бўлмагансан. Табиийки, қизинг ҳам ўрнак бўларли  қиз бўла олмаган. Шунинг учун шундай бир бало бошингизга келган. Модомики бўлар иш бўлибди, сен ҳеч бўлмаса инсонийлигинг билан, хушфеъл ва намунали одобинг билан ул адашган одамни тўгри йўлга киргиз, токи, сени фарзандинг ҳам роҳат кўрсин. Қандай қилиб ёш аёлни икки ўт орасига ташлайсан? Бунинг учун фарзандингни соҳиби бўл. Ўрнак бўла оладиган бир ислом ота-онаси бўл!

Бизга тушган вазифа – билганимизни айтиш ва ёзишдир. Тўғри йўлга солиш, қадрини билиш сендан. Ҳидоят Аллоҳ Таолодандир, деган эканлар. Демак, қиз фарзандимизнинг тарбиясига эътиборли бўлишимиз ва турмушга бергандан кейинги ҳаётида ҳам унга ёрдам ҳамда меҳр кўрсатишимиз лозим экан.

Аллоҳ Таоло барчаларимизга фарзандларимизни гўзал тарбия билан ўстирмоқлигимизни  ва уларга умрларимизни охиригача чиройли меҳр кўрсатиб яшашликни насиб этсин.

 

Олтинкўл туман “Далварзин”

жоме масжиди имом-хатиби

Искандарбек Ортиқов