Кексалик инсон умрининг энг сокин давридир. Чунки одам қариганида катта ҳаётий тажрибага, теран ақлга эга бўлади. Шу важданми, қарияларнинг кўмаги ва маслаҳатига ёшлар доимо эҳтиёж сежадилар. Агар ёшларимиз меҳнатсевар, ҳалол, диёнатли, эл иши учун фидойи бўлиб тарбия топмоқни истасалар, кекса авлод вакилларининг ҳаётий тажрибаларидан фойдаланишлари лозим.
Расулулоҳ (с.а.в.) “Барака сизларнинг катталарингиз биландир”-деганлар. Шунинг учун қариялар бор уйнинг баркаси бордир. Агар улар пул-мол топишликка қодир бўлмасаларда, қувватдан қолган бўлсалар-да, хонадонимизда ўтириб, дуойимизни қилиб туришларинг ўзи улуғ хазинадир. Инсон ҳаётини мевали дарахтга қиёс этишади. Кексалик эса ҳудди мевалари етилган мўжизавий боққа ўҳшайди. Луқмони Ҳакимдан: -Нега ҳадеб ўғлингга насиҳат қилаверасан?-деб сўрашди. –Кексаларнинг насиҳатлари ёшлар учун боғбон ниҳолни тарбия қилгани кабидир-деб жавоб берди у. Бу дунёда инсонни қилган яхшиликларию эккан дарахтлари, вояга етказган фарзандлари, тарбиялаган шогирдлари улуғлайди. Минг афсуслар бўлсинки, қариялар бъзи нодонлар назарида дардисардек, ортиқчадек туюлади. Бирор даврага кирган отаҳонни, автобусга чиққан қарияни кўрган ёшлар баъзан “уфф” тортадилар. “Қариганда уйда жимгина ўтирса бўлмасмикан-а?” дея нотўғри ўйлайдилар. Ҳа, ҳаётнинг ўзига хос аччиқ ва ширин томонлари бор. Қарияларга эътиборга, меҳр-мурувват ва шафқатга жуда муҳтож бўладилар. Киши ёши етмишга етса, ундан ошса инжиқлашиб қолади. Бир пайтлар ишини дўндириб қўйган, энди кексалик туфайли ишга ярамай, ҳасталаниб қолган отаҳон ва онаҳонлар улар. Оилани оёққа турғазган, ўғил-қизлар ўстириб, едириб-ичирган, оилам, болам-чақам деб елиб-югурганлар ҳам шулар.
Дарҳақиқат, одам боласининг умри ўтиб кексайган сари унинг жисми заифлашиб боради, аммо ҳаёт синовларида тобланган, бошидан яхши ва оғир кунларни кўп ўтказган кекса ёшдаги кишиларнинг борлиги барчамизга Аллоҳ таолонинг берган улуғ неъматидир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) шундай деганлар: “Агар орангизда мукиллаган қариялар, ўтлаб юрган чорва ҳайвонлари ва эмизикли чақолоқлар бўлмаганида эди, бошингизга балолар селдай оқиб келган бўлар эди”(Байҳақий ривояти). Халқимизда қайси бир ҳонадонда ота-она ёки улардан бирлари мавжуд бўлса, ўша оилани бағри бутун оила дейилади. Дарҳақиқат, кексаларимиз ёшларнинг таълим-тарбияси, ахлоқу одобини назорат қилиб, ўз ҳаётий тажрибаларидан келиб чиқиб панду насиҳат қиладилар. Унга риоя қилган ёшлар ҳаётда адашмай, жамиятда ўз ўринларини топишлари осон бўлади. Халқимизда яна “қари билганни пари билмас”, деган ажойиб нақл ҳам бор. Расулуллоҳ (с.а.в.) “Катта ёшдагилар билан ҳам суҳбат бўлинглар, уламолардан масалалар сўранглар ва донолар билан аралашиб туринглар” деганлар (Табароний ривояти). Аллоҳ таоло бизларга кексалар туфайли шунчалар кўп марҳамат кўрсатар экан, ўз навбатида, бизлар ҳам уларнинг ҳурматларини жойига қўйишимиз, иззат-икром кўрсатишимиз лозим. Аллоҳ таоло Қуръони каримда кексаларга ҳурмат, ҳусусан, ота-она қариганда уларнинг хизматида ҳозир бўлиш ҳақида оят нозил қилган. Расулуллоҳ (с.а.в.) : “Мўйсафид кишини ҳурмат қилиш Аллоҳ таолони улуғлаш демакдир” деганлар (Имом Муслим ривояти).
Чунки кексаларга яхшилик қилишни, уларга ҳурмат-иззат кўрсатишни Аллоҳ буюрган. Аллоҳнинг амрига итоат этиш эса Уни улуғлашдир. Расулуллоҳ (с.а.в.) “Кичикларимизга раҳм-шафқатда, катталаримизга ҳурмат-иззатда бўлмаган киши биздан эмасдир” деганлар (Имом Абу Довуд ва Термизий ривояти”. Аллоҳ таоло Ҳадиси Қудсийда “Қарияларнинг соч-соқолидаги оқлар менинг нуримдир. У нуримни норим (олов) билан куйдиришликни ҳаё қиламан”-деган. Шу ўринда бир ҳикояни келтириб ўтайлик. Ҳазрати Али (р.а.) намози бомдодга шошилиб кетаётганларида олдинда кетаётган мўйсафидни кўриб секинладилар. Намози кечикаётган бўлса-да, мўйсафидни ҳурмат қилиб, олдинга ўтиб кетмади. Лекин масжидга яқинлашганда мўйсафид бошқа динда бўлганлиги учун масжидга кирмасдан ўтиб кетди. Ҳазрати Али (р.а) кирсалар. Расулуллоҳ (с.а.в.) рукуда турган эканлар, намозни жамоат билан топди. Намоздан кейин Расулуллоҳ (с.а.в.): “Бугун таажжуб ҳол бўлдики, рукудан бош кўтарай десам, бир куч елкамдан босиб турганлигини сездим. Шунда Жаброил алайҳиссалом ҳозир бўлиб, “Аллоҳ таоло менга буюрдики, Ҳазрати Али жамоатга келгунча Расулуллоҳни рукудан тургизманг, дея”. Шунда Микоил алайҳиссалом келиб: “Менда ундан ҳам қизиқ воқеъа бўлди. Аллоҳ таоло буюрдики, Ҳазрати Али жамоат билан намозни адо қилгунча қуёшни тўсиб туринг”, дея. Шунда Ҳазрати Али (к.в.) йўлда бўлган воқеани айтиб бердилар. Расулуллоҳ (с.а.в.) айтдиларки: “Ё Али, сиз бошқа диндаги мўйсафидни бўлса-да, ҳурмат қилганлигингиз учун ўзига яқин бўлган фаришталарни ишга солиб, ҳаттоки Қуёшни тўхтатиб, сизни жамоатга етказибди, бу ўша мўйсафидни эъзозлаганингиз маҳсулидир”-деган эканлар.
Мусулмон киши ёши улғайган сари Аллоҳ таолонинг унга берадиган даоражалари ҳам ортиб боради. Бунга ушбу ҳадис ҳам далолат қилади: Усмон (р.а.) ривоят қиладилар: Расулулоҳ (с.а.в.) айтадилар: “Бир мусулмон банда қирқ ёшга етса, Аллоҳ унинг ҳисобини енгил қилади. Олтмиш ёшга етганда, Аллоҳ у бандани тавба қилишга муваффақ қилади. Етмиш ёшга етса, унга осмон аҳллари (фаришталар) меҳр қўядилар. Саксон ёшга етганда, Аллоҳ унинг яхши амалларини қолдириб, ёмон амалларини ўчириб юборади. Тўқсон ёшга етганда эса, Аллоҳ унинг барча гуноҳларини мағфират қилади. Хонадон аҳлларига уни шафоатчи қилади. Ҳамда осмонда бу одам ҳақида “Аллоҳнинг ердаги асири” деб ёзиб қўйилади” (Аҳмад ривояти).
Жаннатмакон диёримиз истиқлолга эришган илк кунлариданоқ нафақадаги кекса отаҳон ва онаҳонларга, ногирон ва муҳтожларга катта ғамхўрлик ва беминнат ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Буларнинг барчаси азиз юртимизнинг азиз дуогўйларига билдираётган катта ҳурмат-этибор рамзи дир.
Аллоҳ таоло улуғ ёшдагиларни Ўзининг ҳифзу ҳимоятида сақлаб, халқ тинчлиги ва фаровонлигини тилаб қилаётган дуоларини мустажоб айласин. Биз фарзандларга инсоф ва тавфиқ бериб, кексаларни эъзозлайдиган, уларга ҳурмат-эътибор кўрсатадиган солиҳ инсонлардан қилсин.
Андижон “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус
ислом билим юрти мударриси: М.Тўрақулов.