“Аллоҳ (Ўзи) хоҳлаган кишиларнинг ризқини кенг  қилур  ва  (хоҳлаган  кишиларнинг  ризқини) танг қилур. (Мушриклар) мана шу дунё ҳаёти билан шодмон бўлдилар, ҳолбуки, бу дунё ҳаёти охират  олдида  фақат  (бир  арзимас)  матодир (Раъд, 26).

Саъд ибн Абу Ваққос (розияллоҳу анҳу) ўғлига насиҳат  қилиб:  “Ўғлим,  агар  Аллоҳдан  бойликни сўрасанг,  қаноат  неъмати  билан  сўрагин.  Чунки қаноати бўлмаган инсоннинг ҳар қанча моли бўлса ҳам бой бўлолмайди”, дедилар.

Абу Амр Сайбонийдан: «Мусо (алайҳиссалом) Аллоҳ таолодан: “Ё Раббим, қайси банданг Сенга суюклироқ?” деб сўради. Аллоҳ таоло: “Мени кўп эслайдигани”, деди. “Ё Раббим, қайси банданг Сенинг наздингда одилроқ?” Аллоҳ таоло: “Ўз нафсини тергаб турадигани”, деди. “Ё Раббим, қайси банданг энг бой?” Аллоҳ таоло: “Берган ризқимга қаноат қилувчиси”, деди.

Абу Али ибн Сино: “Киши учун энг фойдали, дилини ёритувчи нарса қаноатдир. Энг зарарли ва нафратланарли нарса эса ҳирс ва ғазабдир. Бошқаларда кўрганини қаттиқ истамаслик ҳам қаноат саналади”, деганлар.

Доимо гувоҳи бўлганимиз, бир ҳолатни айтиб ўтайлик. Тўй-маъракаларда дастурхонга тортилган турли ноз-неъматлардан тановул қилиб турган ҳолларида: “Яшаш қийин бўлиб қолди-да…” дея нолишади.

Дарҳақиқат, Саъд ибн Абу Ваққос (розияллоҳу анҳу) айтганларидек:  “Қаноати  бўлмаган  инсон  нолишдан ҳеч тўхтамайди”.

Инглизларда гап топилмаса, об-ҳаво ҳақида гаплашар экан, аммо ҳозир бизларда гап топилмаса, тирикчилик  ўтказиш  қийин  бўлди,  деган  мавзуда суҳбат кетади. Ҳолбуки, эътибор берсак, катта дабдаба ва харажат билан тўй беришади. Мақсад ўғлини уйлантириш эмас, тўй бир баҳона, одамларга ўзининг кимлигини кўрсатиб қўйиш, хотини эса қўшниларни лол қолдириш учун қудалар билан ким ўзарга мусобақалашади.

Бир куни Салмон Форсийнинг (розияллоҳу  анҳу)  олдиларига  меҳмон  келди.  Салмон Форсий (розияллоҳу анҳу) меҳмонга арпа нони билан туз олиб чиқдилар. Шунда меҳмон дедики: “Қани энди, шу нон билан қатиқ бўлса, яхши бўлур эди”.                                                            

      Салмон Форсий розияллоҳу анҳунинг уйларидан у нарса топилмади. Сўнгра таҳорат оладиган офтобасини гаровга қўйиб, қатиқ келтирдилар. Меҳмон еб бўлгандан кейин дуо қилди: “Ҳамдлар бўлсин Худогаки, берган ризқу насибасига бизларни қаноатли қилди”.                             Салмон Форсий розияллоҳу дедилар: “Агар  сенда  қаноат  бўлганда  эди, менинг офтобам гаровга қўйилмас эди”.

Салама  ибн  Убайдуллоҳ  ибн  Муҳсин  Ансорий (розияллоҳу  анҳу)  оталаридан:  Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қайси бирингиз тонгда  уйқудан  уйғонганда  оиласи тинч, тани  соғ  ва  уйида бир кунлик егулик бўлса, билсинки, унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан”, дедилар. Ибн  Аббосдан  (розияллоҳу  анҳу):  Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳим! Менга берган ризқингда қаноатли қилгин, уни мен учун баракотли қилгин ва барча йўқотганларим ўрнини хайрлиси билан тўлдиргин”, деб дуо қилар эдилар.

“Ёшларни оилага тайёрлаш” китоби асосида тайёрланди

 

Отабек домла Ёрқулов

Бўстон туман

“Акбарали қори ота”

масжиди имом-хатиби