Қалб инсон жисмининг гавҳаридир. Инсон маънавияти ва эътиқодининг камолоти ва заволи айнан шу аъзога узвий боғлиқдир. Аллоҳ субҳонаҳу ва таъолонинг ҳузурида ҳам қалб мўътабар.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:
“إِنَّ اللَّهَ لا يَنْظُرُ إِلَى صُوَرِكُمْ وَأَمْوَالِكُمْ وَلَكِنْ يَنْظُرُ إِلَى قُلُوبِكُمْ وَأَعْمَالِكُمْ”
)رواه الامام البخاري و الامام مسلم عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه).
“Аллоҳ таоло сизларнинг суратларингиз ва молларингизга назар солмайди, балки Аллоҳ сизларнинг қалбларингиз ва амалларингизга боқади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Шунингдек, Аллоҳ таоло:
﴿أَفَمَنْ شَرَحَ اللَّهُ صَدْرَهُ لِلْإِسْلَامِ فَهُوَ عَلَى نُورٍ مِنْ رَبِّهِ فَوَيْلٌ لِلْقَاسِيَةِ قُلُوبُهُمْ مِنْ ذِكْرِ اللَّهِ أُولَئِكَ فِي ضَلَالٍ مُبِينٍ﴾ (سورة الزمر/22)
яъни: “Ахир, кўксини Аллоҳ Ислом учун очиб қўйган, ўзи эса, Парвардигоридан нур узра турган киши (бошқалар билан баробар бўлурми)?! Бас, диллари Аллоҳни эслашдан қотиб қолган кимсалар ҳолига вой! Улар аниқ залолатдадирлар” (Зумар. 22).
Бошқа ояти каримада Аллоҳ таоло:
﴿أَلَمْ يَأْنِ لِلَّذِينَ آمَنُوا أَن تَخْشَعَ قُلُوبُهُمْ لِذِكْرِ الله وَمَا نَزَلَ مِنَ الْحَقِّ وَلاَ يَكُونُوا كَالَّذِينَ أُوتُوا الْكِتَابَ مِن قَبْلُ فَطَالَ عَلَيْهِمُ الأَمَدُ فَقَسَتْ قُلُوبُهُمْ وَكَثِيرٌ مِّنْهُمْ فَاسِقُون﴾ (سورة الحديد/16).
яъни: “Имон келтирган зотлар учун диллари Аллоҳнинг зикрига ва нозил бўлган ҳаққа мойил бўлиш (вақти) келмадими?! (Яна улар учун) илгари китоб ато этилган, сўнгра муддат узайгач, диллари қотиб кетган кимсалар каби бўлиб қолмаслик (вақти келмадими)?! Уларнинг кўпи фосиқдирлар!” – дейди (Ҳадид. 16).
Ушбу ояти каримани муфассир Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ қуйидагича шарҳлаганлар: “Аллоҳ таоло бу умматдан мўмин-мусулмонларни ўзларидан олдин китоб берилганларга ўхшамасликка чақирмоқда. Зеро уларнинг орзу ҳаваслари кўпайгач, Аллоҳ уларга нозил қилган китобни ўз қўллари билан ўзгартирдилар, уни арзон баҳога сотдилар, унга амал қилмасдан юз ўгирдилар, унинг ўрнига турли ўйлаб чиқилган фикрлар ва сўзларга эргашдилар, Аллоҳнинг динига амал қиламиз деб, ўзларидан бўлган кишиларга эргашдилар, Аллоҳни қўйиб, ўз роҳиблари ва пешволарига суяндилар. Шундай қилиш билан уларнинг қалблари касалликка чалинди ва панд-насиҳат олмайдиган бўлишди. Натижада на Аллоҳнинг хушхабарлари билан қалблари эриди, на ёмон амалларнинг жазоси билан қўрқитилганда эриди”.
Шунинг учун қалб соғломлигига эътибор қилиш ўта муҳимдир. Қалбнинг қотишида кўплаб сабаблар бор. Уларнинг энг асосийларидан:
1) гуноҳни кўпайтириб, маъсиятда бардавом бўлиш;
2) фарз амалларни Аллоҳ айтгандек бажармаслик;
3) ҳаром амалларни хотиржам бажариш.
Зеро Аллоҳ Қуръони каримда шундай деган:
“Ўз аҳдларини бузганлари сабабли уларни лаънатладик ва қалбларини бешафқат қилиб қўйдик” (Моида сураси, 13-оят).
Аллоҳ таоло бандаларнинг ўз саркашликлари сабаб уларнинг қалбларини қотириб, бемеҳр ва бешафқат қилганининг сабабини келтирмоқда.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам қалбнинг қорайиш сабабларини зикр қилиб, қуйидаги ҳадисларини айтганлар:
“Агар мўмин киши бир гуноҳ қилса, унинг қалбида бир қора доғ пайдо бўлади. Агар у тавба қилиб, гуноҳдан қайтиб, истиғфор айтса, у йўқолади. Аммо гуноҳни зиёда қилса, у қора доғ ҳам кўпаяди ва натижада бутун қалбини ўраб олади” (Имом Термизий ривояти).
Демак мўмин банда ҳуда-беҳуда нарсаларга кулиши, вақтини фақат ўйин-кулгуга сарфлаши ҳам қаблни қорайтириб, уни ўлдиради, ва натижада қалбда касаллик пайдо бўлиб, атрофдагиларга нисбатан шариатда тақиқланган нафрат, ҳасад, гумон каби хатти-ҳаракатларни содир эта бошлайди. Манбаалар асосида
Улуғбек Сатторов.
Марҳамат тумани
“Обиджон Ботиров”
жоме масжиди имом-хатиби