Юртимизга муборак Рамазон ойининг жаҳаннам оловидан озод бўладиган охирги даҳаси яқинлашиб келмоқда. Бу ўн кунликда минг ойдан афзал бўлган Қадр кечаси бор. Бу кечанинг фазилати тўғрисида Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
إِنَّا أَنْزَلْنَاهُ فِي لَيْلَةِ الْقَدْرِ وَمَا أَدْرَاكَ مَا لَيْلَةُ الْقَدْرِ لَيْلَةُ الْقَدْرِ خَيْرٌ مِنْ أَلْفِ شَهْرٍ تَنَزَّلُ الْمَلَائِكَةُ وَالرُّوحُ فِيهَا بِإِذْنِ رَبِّهِمْ مِنْ كُلِّ أَمْرٍ سَلَامٌ هِيَ حَتَّى مَطْلَعِ الْفَجْرِ (سورة القدر)
яъни: “Албатта, Биз уни (Қуръонни “Лавҳул-маҳфуз”дан биринчи осмонга) Қадр кечасида нозил қилдик. (Эй, Муҳаммад!) Қадр кечаси нима эканини Сизга не ҳам англатур?! Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир. У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (Жаброил) Парвардигорларининг изни билан (йил давомида қилинадиган) барча ишлар (режаси) билан (осмондан ерга) тушарлар. У (кеча) то тонг отгунича саломатликдир”.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар:
” عَنْ النَّبِىِّ صلي الله عليه وسلم أَنَّهُ عرض عليهِ أَعْمَارُ النَّاَسِ قَبْلَهُ أَوْ ما شَاءَ اللهُ مِنْ ذَلِكَ فَكَأَنَّهُ تَقَاصَرَ أَعْمَارَ أُمَّتِهِ أَنْ لا يَبْلُغُوا مِنَ الْعَمَلِ ما بَلَغَ غَيْرُهُمْ في طُولِ الْعُمْرِ فَأَعْطَاهُ اللهُ لَيْلَةَ الْقَدْرِ خَيْرًا مِنْ أَلْفِ شَهْرٍ “(رواه الامام مالك(
яъни: “У зотга ўзларидан олдинги одамларнинг умрлари кўрсатилди. Гўё у зотга умматларининг умрларини қисқа, бошқа умматлар қилган амалларга ета олмайдиган деб билганга ўхшадилар. Шунда Аллоҳ у зотга Лайлатул Қадрни минг ойдан яхши қилиб берди”.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расул акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам:
” مَنْ قَامَ لَيْلَةَ الْقَدْرِ إِيمَانًا وَاحْتِسَابًا غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ ” (رواه مسلم و البخارى و الترمذى)
яъни: “Кимики Лайлатул Қадр кечасини имон ва ихлос билан бедор ўтказса, унинг шу кечагача қилган гуноҳлари мағфират қилинур”, – дедилар.
Ривоят қилинишича, бир куни Мусо алайҳис салом Аллоҳ таолога нидо қилиб:
“Илоҳо, сенинг яқинлигингни билишни истайман”, – деди. Аллоҳ таоло:
“Мен Қадр тунида уйғоқ бўлганларга яқиндирман”, – деди. Мусо алайҳис салом яна сўради:
“Илоҳо, сенинг раҳматингнинг орзусидаман”.
“Менинг раҳматим Қадр кечасида мискинларга раҳм қилганларгадир”
“Илоҳо, сирот кўпригидан яшиндек ўтишни истайман”.
“Қадр кечасида фақирларга садақа берганларни олдинроқ ўтказаман”.
“Илоҳо, жаннат боғларида бўлишни ва уларнинг мевасидан тановул қилишни истайман”.
“Қадр кечасида тасбеҳ айтиб, Мени зикр этиш билан машғул бўлганлар жаннат боғларига сазовор бўлишади”.
“Илоҳо, дўзахдан нажот топишни истайман”.
“Қадр кечасида истиғфорни кўп айтганлар дўзахдан нажот топадилар”.
Ниҳоят Мусо алайҳис салом:
“Илоҳо, сенинг розилигингни топишни истайман” деб сўраган эди Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло жавоб берди:
“Эй Мусо, Менинг розилигимни қадр кечасида икки ракъат нафл намоз ўқиганлар топқусидир”. (“Зубдатул воъизин” китобидан).
Илоҳим, ушбу кечада халқимиз тинчлиги, юртимиз фаровонлиги ва динимиз равнақи учун дуоларда бўлишимизга насиб айласин. Дуоларимиз ижобат бўлиб, бутун инсоният бошидан пандемия офати кўтарилиб кетсин. Омин!
Шаҳобиддин домла Парпиев
Асака тумани бош имом-хатиби