Инсонлар томонидан ўзгаларга озор беришда тилнинг имконияти катта бўлгани учун унинг воситасида қилинадиган улкан гуноҳлардан бири бўлган ғийбатдан сақланиш лозим бўлади. Ғийбат ўзи нима? Уни бартараф этувчи омиллар сифатида нималар зикр этлиган? Ғийбат одамларнинг яширин айбларини ошкор қилиш ва уларнинг обрўларини тўкишдан иборат ёмон иллатдир. Инсоннинг обрўсини сақлаш мақсадида Ислом дини ғийбатни ҳаром қилди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам видолашув ҳажидаги хутбаларида ҳам буни алоҳида таъкидлаб, бундай деганлар:
“Албатта, сизларнинг қонларингиз, молларингиз ва обрўларингиз бир-бирларингизга ҳаромдир. Шу ойда, шу шаҳарда ушбу арафа кунининг ҳурматини сақлагандек, уларнинг ҳам ҳурматини сақланглар!” (Муттафақун алайҳ).
Демак, бировнинг молини зулм билан ейиш қандай ёмон иш бўлса, унинг обрўсига тажовуз қилиш ҳам шундай манфур амаллардандир. Ғийбатнинг таърифини ифода этувчи қуйидаги ҳадис ривоят қилинган:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Ғийбат нима эканини биласизларми?” – деб сўрадилар. Саҳобалар:
“Аллоҳ ва Унинг Расули билгувчироқдир”, – деб жавоб бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Ғийбат бир биродарингнинг орқасидан ўзи эшитса, ёмон кўрадиган сифат билан гапиришингдир”, – дедилар. Шунда улардан бири:
“Агар биродаримда мен айтган ўша сифат бор бўлса ҳам, ғийбат бўладими?” – деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Унда бор айбни айтган бўлсанг, ғийбат қилган бўласан. Агар сен айтган сифат унда бўлмаса, бўхтон қилган бўласан”, – деб жавоб бердилар.
Демак, бировнинг айбини ошкор қилувчи сўзни, агар тўғри бўлса ҳам, айтиш жоиз эмас экан. Чунки бу билан ғийбат қилинган бўлади. Агар ёлғон бўлса, туҳмат ва бўҳтон бўлгани учун гуноҳи ҳам икки ҳисса бўлади.
Ғийбат бугунги кунга келиб, бир оз муболаға билан айтганда кўпчилик кундалик эҳтиёжига айланиб қолаёзди. Уйда ғийбат, кўчада ғийбат, ишхонада ғийбат. Интернетда эса тўлиб-тошиб ётибди!
Халқимиз ичида “Суҳбатнинг ширини – ғийбат” деган “нақл” ҳам тарқаб улгурган. Ғибатга шунча ташнамизки, гўё рамазонда ифторликдаги сувга ташна бўлган каби. Балки ошириб юборисиз, дерсиз, лекин мен ҳаётдан айнан олиб иқтибос келтирмоқдаман. Ёдингизга олинг – уч киши ўтирибсиз. Учинчиси ташқарига чиқиб кетди. Сиз ёки ҳамроҳингиз буни сабрсизлик билан кутиб турибди. Ниҳоят деразадан бир қараб қўясиз. Эшитмаслигига ишонч ҳосил бўлиши билан….! Ё нотўғрими?
Абу Ҳафс Кабир ҳам бу мавзуда шундай деган эди:
“Бировни иғво қилишнинг гуноҳи бир рамазон рўзасини тутмасликнинг гуноҳидан ёмонроқдир”. Ва илова қилади:
“Ким бир фиқҳ олимини иғво қилса, қиёмат куни пешонасида «Бу, Аллоҳнинг раҳматидан умид узувчидир!» деб ёзилган ҳолда келади.
Анас ибн Молик ривоят қилади – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билдирдиларки:
“Меърож кечаси бир тўда инсонларни кўрдим, тирноқлари билан юзларини тимдалардилар ва ифлос нарсалар еярдилар. Жаброил (алайҳиссалом) дан:
“Булар ким?” — деб сўрадим. Дедики:
“Булар дунёда инсонларнинг гўштини еганлар, ғийбат қилганлардир!”
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) дейдики:
“Сизларнинг баъзи бирларингиз мусулмон биродарингизнинг кўзига тушган бир чўпни қўрадию, ўзининг кўзидаги ходани кўрмайди
Таваккалжон домла МУКАРРАМОВ,
Марҳамат тумани “Шомат”
масжиди имом-хатиби