Ғазаб ҳақида сўз юритар эканмиз, аввало Қуръони карим оятларида ҳам ғазаб қилишнинг мазамматига алоҳида эътибор қаратилганлигининг гувоҳи бўламиз. Жумладан Аллоҳ таоло Қурони каримнинг “Оли Имрон” сурасида шундай марҳамат қилади:

وَسَارِعُوا إِلَى مَغْفِرَةٍ مِنْ رَبِّكُمْ وَجَنَّةٍ عَرْضُهَا السَّمَاوَاتُ وَالْأَرْضُ أُعِدَّتْ لِلْمُتَّقِينَ (۱۳۳) الَّذِينَ يُنْفِقُونَ فِي السَّرَّاءِ وَالضَّرَّاءِ وَالْكَاظِمِينَ الْغَيْظَ وَالْعَافِينَ عَنِ النَّاسِ وَاللَّهُ يُحِبُّ الْمُحْسِنِينَ (۱۳۴)

Яъни: “Роббингиздан бўлган мағфиратга ва кенглиги осмонлару ерча бўлган, тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган жаннатга шошилинг. Улар енгилликда ҳам, оғирликда ҳам нафақа қиладиганлар, ғазабини ютадиганлар ва одамларни авф қиладиганлардир. Аллоҳ яхшилик қилувчиларни ёқтиради”. (133-134 оятлар).

Бу маънони ўз ичга олган ҳадис шарифлар ҳам талайгина. Абу  Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Бир киши Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга:

“Менга насиҳат қилинг” — деди.  Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Ғазабланма!” — дедилар.

Бир неча бор такрор сўради, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳар сафар:

“Ғазабланма!” — деявердилар. (Саҳиҳул Бухорий)

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа бир ҳадиси шарифлари шундай деганлар:

“Одам боласининг жисмида тўрт гавҳар борки, уни тўртта нарса зойил қилади (яъни йўқ қилади) Гавҳарлар — ақл; дин; ҳаё ва яхши амал. Ғазаб ақлни зойил қилади. Ҳасад динни зойил қилади. Тамагирлик ҳаёни зойил қилади. Ғийбат яхши амални зойил қилади”. (Шайх Асқалонийнинг “Мунаббиҳот ” китобидан)

Абдулла Авлоний айтади:

“Нафснинг ғуруридан пайдо бўлган ғазаб инсонни аламлик азобларга гирифтор қилади. Чунки бу шиддат ва ҳароратнинг таъсири вужуддаги қонни
бузиб ҳаракат қилдириб, димоғига ҳужум қилиб, ақлни паришон қилади-да кишининг иxтиёрини қўлидан олиб қўяди ва бу сояда ўзини ёxуд бошқа бир кишини ҳасрат ва надоматга дучор қилади.

Ғазабнок кишилар қанча ақл ва идрок соҳиби бўлса ҳам, ғазаб қони қўзғалган замонида ўзини тўxтатолмас, ақл ва идрокидан айрилиб, бир ёмон ишни қилиб қўяр-да, сўнғидан пушаймон бўлур”. (Туркий Гулистон ёxуд аxлоқ)

Аслида ҳар бир мўмин-мусулмон инсон ғазаб қилишдан сақланмоғи лозим. Лекин кези келган ғазаб қилишлик ўрнини ҳам билмоғимиз даркор. Бу ўз ўрнида Аллоҳ учун ғазаб қилишликдир.

Икрима розияллоҳудан ривоят қилинади: Бизга айтди: “Аллоҳни қўйиб, дарахтга сиғинишаётган жойдан бир киши ўтиб қолибди. У киши Аллоҳ учун бу ишдан ғазабланибди. Кeйин у болтасини олиб, эшагига минибди-да, ўша дарахтни чопиб ташлашлик учун ўша томонга отланибди. Шайтони лаъин одам суратида унинг йўлидан чиқиб:

Қаeрга кeтяпсан? – дeб сўрабди.

Бир дарахтни кўрдим, одамлар Аллоҳни қўйиб, унга ибодат қилишяпти. Ўша дарахтни болта билан чопиб ташлайман, – дeб Аллоҳимга аҳд бeрдим, – дeбди. Иблис эса:

У сeнга нима қилди? Қўйгин, ибодат қилишаётган бўлса, ибодат қилавeришсин. Уларни Аллоҳнинг ўзи узоқлаштиради”, – дeбди. У киши қайтмабди. Иблис алайҳи  лаъна айтибди:

Қайтгин, ҳар куни сeнга тўрт дирҳам бeраман, ҳар куни кўрпачангнинг бир чeтини кўтарсанг, уни оласан.

Шундай қиласанми? дeб сўради. Иблис:

Албатта, ҳар куни сeнга ўша пулни тўлайман, -дебди. Кeйин ҳалиги киши уйига қайтди. Ўша пулни икки-уч кун Аллоҳ хоҳлаганча топди. Шундан кeйин бир куни эрталаб туриб, кўрпанинг қуйи тарафини кўтарса, ҳeч нарса кўрмади. Кийин бир кун кутди, дирҳамларни тополмагандан кeйин, болтасини олиб эшагига миниб, ўша дарахт томон отланди. Иблис одам суратида унинг олдига чиқди.

Қаeрга кeтаяпсан?” дeб сўради. У киши:

Аллоҳни қўйиб, сиғинилаётган дарахт олдига боряпман, уни кeсиб ташлайман”, дeди. Иблис айтди:

Бунга кучинг етмайди. Аммо олдинги гал сeн Аллоҳ учун ғазабланган ҳолда чиққан эдинг. Ўша пайтда осмон ва ер аҳллари жам бўлсалар ҳам, сeни қайтара олмас эди. Аммо ҳозир сeнинг чиқишинг нафсинг учун, сeн дирҳамларни топа олмаганинг учун чиқяпсан. Агар ўша жойга ўтсанг, бошингни ёрамиз. У дарахтни тинч қўйиб уйига қайтибди”. (Танбeҳул ғофилин. Ал-Фақиҳ Абу Лайс ас-Самарқандий).

Хулоса ўрнида айтамизки, агар бирор ишдан ёки бирор бир инсондан фақатгина Аллоҳнинг розилиги учунгина ғазабланмоғимиз лозим. Арзимас нарсаларни ўртага қўйиб, қайсарлик эгаридан тушмасдан, шайтоннинг васвасаси оқибатида, аччиқ устида оилаларнинг пароканда бўлаётгани, ака-ука, қавму қариндош, қўни-қўшни, ошна-оғайни каби яқинларнинг ўзаро аразлашиб юришлари ҳам айнан ноўрин ғазабланиш оқибатидир. Шунинг учун ҳақиқий мардлардек ғазабимиз келганда ўзимизни тия билайлик. Бировга нафрат назари билан қараб, узоқ муддат  улардан аразлашиб юриш бизнинг динимизда қайтарилган амаллардан экан, доим ундан сақланийлик. Аллоҳим барчаларимизни ораларимизни ислоҳ қилиб, шайтон ҳамда шайтон сифат инсонларнинг макр ҳийлаларидан ўзи асрасин!

Улуғбек домла Сатторов,

Марҳамат тумани

 “Обиджон Ботиров”

жоме масжиди имом-хатиби