Маълумки, инсон табиатида нафс ҳаво аталмиш бир ҳис бўлиб, ўша туйғу инсоннинг тўғри йўлдан оғишига ва Тангри таоло ёмон кўрган, норози бўлган, ҳатто қаҳру ғазабига дучор бўлишигача олиб борадиган гуноҳларни қилишга ундайди. Шунинг учун ҳам машойихларимиз мўмин учун Аллоҳ таолонинг ҳузурига ёруғ юз билан боришда энг катта душман кишинниг ҳавойи нафси деганлар.

            إِنَّ الَّذِينَ كَفَرُوا مِنْ أَهْلِ الْكِتَابِ وَالْمُشْرِكِينَ فِي نَارِ جَهَنَّمَ خَالِدِينَ فِيهَا أُوْلَئِكَ هُمْ شَرُّ الْبَرِيَّةِ * إِنَّ الَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ أُوْلَئِكَ هُمْ خَيْرُ الْبَرِيَّةِ

“Албатта, аҳли китоб ва мушриклардан бўлган куфр келтирганлар жаҳаннам ўтидадурлар, у ерда абадий қолурлар. Ана ўшалар халойиқнинг энг ёмонларидир. Албатта, имон келтирганлар ва солиҳ амалларни қилганлар, ана ўшалар, халойиқнинг энг яхшиларидир”.

Мазкур оятлардаги  الْبَرِيَّةِ  (барийя) улуғ  ватандошимиз имом Насафийнинг тафсирларига кўра  برأ الله  дан иштиқоқ қилинган бўлиб “халқ” (яратилган нарса) маъносида келади. Бинобарин, “имон келтирганлар ва солиҳ амалларни қилганлар” бутун махлуқотнинг, яхшисидир. Бу эса инсон имон келтириб яхши амал қилишлиги натижасида бутун махлуқотдан, жумладан фаришталардан ҳам афзалроқ бўлишига далилдур.

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу борада аниқ ва равшан қилиб айтганлар:

“Бизнинг олдимизда то қиёматгача давом этиб турадиган катта жиҳод борки, у нафс жиҳодидур”.

            Баъзан бирор хайрли иш қилмоқчи бўлсак бизларга малол келади. Аксинча, гуноҳ ишни бемалол қилиб ҳузурланамиз. Бу – нафсимиз устидан ғолиб бўла олмаганлигимиз белгиси. Ва ҳолонки, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам:

            “Ҳақиқий муҳожир Аллоҳ таоло ман қилган ишларни тарк қилган одамдир” деганлар.

            Ҳавойи нафс аралашса ихлос кетади. Саййид  Абу  Муҳаммад  Саҳл  ибн  Абдулло  Тустарий  бундай  дейдилар:

«Ихлосни  ақлли кишилар,  ҳаракат,  сукут,  ботин-у  зоҳир  фақат  Аллоҳ  учун  бўлиб,  ҳавойи  нафс  ҳам,  дунё  ҳам аралашмаслиги керак, деб тушунишган».

Абу Али Даққоқ айтадилар:

«Ихлос — халқнинг риоясини қилишдан сақланиш. Ростгўйлик эса,  нафсга  тоат  этишдан  омонда  бўлиш.  Ихлосли  кишида  риё  бўлмайди,  ростгўйда мағрурланиш».

            Ҳадиси Қудсийда айтилади:

            “Эй Одам фарзанди! Жаннатга фақат Менинг буюклигимга тавозеъ қилганлар, кунини зикр билан ўтказганлар, фақат Мен учун нафсини шаҳватлардан тийганлар киради”.

            Яна айтилади:

“Эй Одам фарзанди! Мен ато этган тинчлигу саломатлик туфайли тоатимга тоқатли бўлдинг. Тавфиғим  туфайли  фарзларимни  адо  қилдинг.  Берган  ризқим  билан  Менга  итоатсизлик қилишга  куч  топдинг.  Хоҳишим  туфайли  хоҳлаган  нарсангни  хоҳладинг.  Иродам  туфайли нафсинг нени истаса, истадинг. Неъматим туфайли турдинг, ўтирдинг, қайтдинг. Ҳимоятим билан кунни боттириб, тонгни оттирдинг. Фазлим билан маишат кечириб, неъматим билан тўкис яшадинг. Офиятим билан безандинг. Кейин Мени унутиб, ўзгани зикр қилдинг. Нега ҳаққимни ва шукримни адо қилмаяпсан?!”

Абу  Яъло  Шаддод  ибн  Авсдан ривоят  қилади – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:

“Ақлли  киши  нафсини  ҳисоб-китоб  қилиб  ўлганидан кейин  фойда  берадиган  нарсага  амал  қилган  кишидир.  Ожиз  киши ҳавою-нафсига  эргашиб,  Аллоҳдан  тавбани  умид  қилган  кишидир”, дедилар. Имом Термизий ривоятлари.

Улуғбек қори Йўлдошев,
Асака тумани “Холид ибн Валид”
жоме масжиди ходими