Ҳасаддан сақланайлик

1684

Ҳар бир мўмин киши ким бўлишидан қатъий назар дунё ҳаётида ички ва ташқи дунёсини ислоҳ этиши ва уни турли қалб иллат ва зарарли офатларидан эҳтиёт қилиши керак бўлади. Киши қалби ва ички қиёфасини қанчалик гўзал ва пок қилса унинг ташқи манзараси ҳам шунчалик гўзал ва солиҳ бўлади. Буни Пайғамбаримиз қуйидаги ҳадиси шарифларида чиройли баён қилиб берганлар: “Огоҳ бўлинглар! Инсон жасадида бир парча гўшт пораси бор, агар у солиҳ бўлса барча жасад солиҳ бўлади, агар у бузилса жасадни ҳаммаси ҳам бузилади, огоҳ бўлинглар! У қалбдир” (Бухорий ривояти).
Қалб хасталикларидан бири ҳасаддир. «Ҳасад» сўзи луғатда «арчиш» ва «шилиш» маъноларини билдиради. Чунки, ҳасад қалбни арчади ва шилади.
Уламолар, ҳасад бировга етган неъматга рашк билан қараш ва ўша неъматнинг ўз соҳибидан кетиб, ҳасадчига етиб келишини қаттиқ хоҳлашдир, дейдилар.
Ҳаётнинг энг майда икир-чикирларидан тортиб энг баланд чўққиларигача ҳар нарсада ҳасад бордир.
Агар инсон бошқа бир кишига етган неъматдан севиниб, ўша неъматнинг ўз эгасида барқарор бўлишини хоҳлагани ҳолда, ўзига ҳам шундай неъмат берилишини тиласа, ҳавас қилган бўлади.
Ҳасад катта гуноҳдир. Ҳавас эса, гуноҳ саналмайди. Чунки, ҳасадчи бировга ёмонликни раво кўради, ҳавасчи эса, бировга етган яхшиликдан хурсанд бўлади ва ўзига шу каби неъматнинг берилишини орзу қилади.
Исломда бошқа маънавий жиноятлар қатори ҳасад ҳам қаттиқ қораланади ва катта гуноҳ ҳисобланади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мўмин банданинг ичида Аллоҳнинг йўлидаги (амалда ютилган) чанг ва жаҳаннамнинг олови жамъ бўлмайди. Бир банданинг ичида иймон билан ҳасад жамъ бўлмайди», – дедилар».
Ибн Ҳиббон ривоят қилган.
Бир банданинг ичида иймон билан ҳасаднинг жамъ бўлмаслиги.
Демак, иймон билан ҳасад худди олов билан сувдек бир-бирига тамоман зид нарсалар экан. Бири бор жойда иккинчиси бўлмас экан. Бошимизга етган ва етаётган бало-офатлар бекорга эмаслигини шундан тушуниб олсак ҳам бўлади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳасаддан сақланинг! Чунки, ҳасад яхшиликларни худди олов ўтинни егандек, еб юборади», – дедилар».
Абу Довуд ривоят қилган.
Ҳасадчи инсоннинг қилган савоб ишлари бўлса, бекорга чиқишини, умуман, ҳасад бор жойда яхшилик қолмаслигини ушбу ҳадисдан тушуниб оламиз.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳасадни зарарли оловга ўхшатмоқдалар. Ёнғин чиққан ерда олов ҳамма нарсани еб битирганидек, ҳасад ҳам, аввало, ҳасадчининг ичини куйдиради. Кейин аста аланга олиб, йўлида нима яхшилик бўлса, ҳаммасини куйдириб битиради.
Шунинг учун ҳам, ҳасадчи шахсга эътибор билан назар солсангиз, унда ҳеч бир яхшилик аломатларини тополмайсиз. Ҳасад тарқалган жамиятда ҳам худди шу манзаранинг ўзини кўрасиз. Ҳасадчилар жамиятида яхшиликдан асар ҳам қолмайди.
Аллоҳ таоло барчаларимизнинг Ўзининг холис бандаларидан айлаб, инсон фитратидаги энг ёмон қусурлардан бўлган ҳасадгўйлик хасталигидан асрасин, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқлари билан сифатланиб, икки дунё саодатини қўлга киритишимизга муяссар қилсин…

Манбалар асосида Хўжаобод туман “Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби Муҳаммад Қуддус Абдулманнон тайёрлади.