SAMSUNG DIGITAL CAMERA

   Алҳамдулиллоҳ, юртимизда Рамазон шукуҳи. Масжидларимизда қориларимизнинг хатмоналари янграмоқда. Халқимиз Қуръони карим тиловатларидан баҳра олмоқдалар. Ушбу ой Қуръон хатмилари ойидир. Мўминлар қалбларида Қуръонга бўлган муҳаббатини бу ойда яна-да ифшо қилурлар.

   Чунки Қуръони каримнинг тиловати биз учун ибодат, аҳкомлари ҳаётимиз учун дастур, насиҳатлари ҳидоят, қиссалари ибратдир. Ҳар қандай мушкулдан чиқишнинг калити ҳам Қуръони каримдадир. Ибн Аббос разияллоҳу анҳу: “Ҳаттоки туямнинг ипи йўқолса, у турган жойни ҳарҳол-да яна Қуръондан топа оламан», деган.

عن أبي سعيد قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: (يعني يقول الله عز وجل: من شغله قراءة القرآن عن ذكري ومسئلتي أعطيته أفضل ما أعطي السائلين، وفضل كلام الله على سائر الكلام كفضل الله على خلقه).

   Абу Саъид Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

   «Аллоҳ азза ва жалла: » Қуръон кимни Менинг зикримдан ва Мендан (ҳожатини) сўрашликдан машғул қилиб қўйса, унга сўраганларга берадиганимдан ҳам афзалини бергайман. Аллоҳнинг Каломининг бошқа сўзлардан устунлиги Аллоҳнинг халқидан устунлиги кабидур», – дейди”. (Розийнинг «Фазоилул Қуръон» китобидан)

    Қуръон Аллоҳ таолонинг энг улуғ мўъжизаси бўлиб, Расулул­лоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га нозил қилинган сўнгги ило­ҳий китоб, боқий ҳужжат, қатъий далил, мустаҳкам ақидадир. Ке­линг, яхшиси Қуръон тиловати фазилатлари ҳақидаги ҳадислар би­лан танишайлик. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):

    “Ун­да сиз­дан олдинги ва кейингиларнинг хабари бор, ораларингиз­да­ги ҳукмлар бор, у чиндир, ҳазил эмас. Ким уни тарк этса, Аллоҳ­дан қис­матини олади, ундан бошқасидан ҳидоят истаганни Аллоҳ залолатга дучор қилади, у Аллоҳнинг мустаҳкам арконидир. У ҳикматли зикрдир, у тўғри йўл бўлиб, фикрларни оғдирмайди, тиллар у билан мавҳумликка учрамайди, уламолар ундан тўймай­ди, раддия­лар­нинг кўплиги туфайли хулқлар бузилмайди, унинг ажойиботлари туганмас, уни ҳатто жинлар ҳам эшитади. Ким у билан гапирса, тўғри сўзлабди, ким унга амал қилса ажр олади, ким у билан ҳукм қилса, адолат қилади ва ким унга чақирса, тўғри йўлга ҳидоят қи­линади”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

    Шунинг учун Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Қуръ­он тиловат қилишни тавсия этдилар ва унга тарғиб қилдилар. Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳа­диси шарифда бундай дейилади:

عن عَبْدَ اللَّهِ بْنَ مَسْعُودٍ قال: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ:“مَنْ قَرَأَ حَرْفًا مِنْ كِتَابِ اللَّهِ فَلَهُ بِهِ حَسَنَةٌ وَالْحَسَنَةُ بِعَشْرِ أَمْثَالِهَا لَا أَقُولُ “ﭑ” حَرْفٌ وَلَكِنْ أَلِفٌ حَرْفٌ وَلَامٌ حَرْفٌ وَمِيمٌ حَرْفٌ”

«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):

    “Ким Аллоҳнинг Китобидан бир ҳарф ўқиса, шу бир ҳарф учун унга савоб ёзилади. Савоб эса ўн баробар кўпайтириб берилади. “Алиф, лам, мим”ни бир ҳарф демайман, балки алиф — бир ҳарф, лам — бир ҳарф, мим — бир ҳарф”, дедилар» (Имом Термизий).

Ва яна:

  “Қуръон ўқилган уй худди ердагиларга юлдуз кўрингани каби осмон аҳлига кўрсатилади”, дейилган (Имом Байҳақий ривояти).

Бошқа бир ҳадисда бундай дейилади:

  “Қуръон ўқинг! Зе­ро, Қуръон ўз ўқувчиларини қиёмат куни шафоат қилади” (Имом Муслим ривояти).

Илоҳим, барчамизга Қуръони каримни шафоатчи қилсин.

Муҳаммадқудратбек домла Дадабоев

Асака туманидаги “Ҳолмадодхоҳ” жоме масжиди имом хатиби