Қаноатлик бўлайлик!

860

Жобир ибни Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қаноат йўқ бўлмайдиган бойликдир”, – дедилар.
Ҳақиқатан, мулоҳаза қиладиган бўлсак, қаноат улкан бойлик бўлиб, у фақат ҳақиқий мўмин кишининг қалбида қўним топади. Mўмин бўлмаган одам бу улкан хазинани қалбига сиғдира олмайди, шунинг учун унинг ҳаёти кўпинча серташвиш ўтади. Мўмин киши эса қалбини хотиржам қилиб борига қаноат қилиб яшайди.
Аллоҳ таоло Ўзининг охирги ва мукаммал китоби Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:
“Эркакми ё аёлми – кимда – ким мўмин бўлган ҳолида бирор эзгу иш қилса, бас, Биз унга ёқимли ҳаёт бахш этурмиз ” (Наҳл сураси 97- оят).
Чин солиҳ мўмин бу дунёда бой ёки камбағал ҳолда яшамасин, барибир, унинг ҳаёти ўзига ёқимли ва мақбулдир. Бой бўлгандаги ҳолати маълум. Борди-ю, у фақирликда яшаётган бўлса ҳам, унда яна бир катта бойлик – қаноат борки, у туфайли ғам-ташвиш тортмайди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Тақводор бўл! Одамларнинг обиди бўласан,
қаноатли бўл! Одамларнинг шукрлиси бўласан,
ўзинг яхши кўрган нарсангни одамларга ҳам яхши кўр! Мўмин бўласан,
қўшнингга яхшилик қил! Мусулмон бўласан,
кулгуни озайтир! Албатта, кулгунинг кўпи қалбни ўлдиради”, – дедилар.
Муҳаммад ибн Али Термизий айтадиларки: “Қаноат – нафснинг тақсим қилинган ризққа рози бўлишидир”.
Яна айтиладики: Кимнинг қаноати кўп бўлса, унинг ҳар бир таоми ёқимли бўлади. Кимки ҳар қандай ҳолатда Аллоҳ таолога қайтса, Аллоҳ уни қаноат билан ризқлантиради.
Қаноати йўқ кишида нафс роҳати, хотиржамлик бўлмайди. Доим моли кўпроқ бўлишини талаб қилади. Моли кўпайгани сари яна кўпайтиришнинг пайидан бўлади.
Мол бойликни пайдо қилмайди. Баъзи одамлар бой бўлиш учун мол тўплашга қаттиқ эътибор берадилар. Аммо ўзларида қаноат деган нарса бўлмайди.
Қаноат – Аллоҳ таоло тақсимлаб қўйган ризққа рози бўлишдир. Бу эса нажотга эришиш сабабларидандир.
Аллоҳ таоло бугунги синовли кунларда барчамизга сабру-қаноат берсин!

Бахтиёржон Сайдалиев
Улуғнор тумани бош имом хатиби